12:32 / 28.01.2019
50047

Абдулла Ариповнинг яна бир ўринбосари иш жойини ўзгартирди

Нодир Отажонов/Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов президент администрациясига ўтказилди. Бу ҳақдаги маълумотни Kun.uz ахборот манбаси тасдиқлади.

Қайд этилишича, у президент маслаҳатчиси ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттиради. 

Нодир Собирович Отажонов шу кунга қадар бош вазир ўринбосари - Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари сифатида ишлаб келаётганди.

Тахминларга кўра, Отажонов президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари сифатида иш бошлайди.

Нодир Отажонов 1967 йил Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган. 1993 йилда Андижон қишлоқ хўжалиги институти, 1999 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институти, 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк ва молия академиясини тамомлаган. 

1993-2007 йилларда Молия вазирлиги, 2007 йилда “Ўзавтосаноат” молиявий менежери, 2008-2010 йилларда - компания директори сифатида ишлаган. Шунингдек, «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» акциядорлик лизинг компаниясини бошқарган.

 

Top