17:18 / 19.06.2020
34839

Сенат сўнгги йилларда илк марта аёл кишини элчи этиб тайинлади

Сенат Ташқи ишлар вазирлиги бош бошқармаси ходими Феруза Маҳмудовани Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси этиб тайинлади.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенат 5-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Исроил давлатига Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Сенаторлар Феруза Маҳмудовани Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева шу кунга қадар мамлакатимиз 130дан зиёд хорижий давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатган бўлса, уларда ҳали бирорта аёл элчи тайинланмаганини таъкидлаган. 

«Феруза Юлдашевна мустақил Ўзбекистоннинг биринчи аёл элчиси сифатида тарихда қолади. Бу шараф бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Қолаверса, унинг бундай масъулиятли лавозимга лойиқ топилгани мамлакатимизда аёлларга бўлган юксак ишонч ва эътироф намунасидир.

Ишонамизки, бундай эътибор ва эътирофга бундан кейин ҳам кўп маротаба гувоҳ бўламиз. Зеро, ўзбек аёллари бунга муносибдир», деди Танзила Норбоева.

Сенаторлар Феруза Маҳмудованинг фаолиятига муваффақиятлар тилади ва хорижда, хусусан, Исроилда мамлакатимиз манфаатлари йўлида бор билим ва салоҳиятини ишга солиб, ўз фаолиятини намунали йўлга қўйишига ишонч билдирди.

Феруза Маҳмудова 1975 йил 19 апрелда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. 1996 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро муносабатлар факультетини тамомлаган. 2009 йилда Германиянинг Эберхард Карл университетининг тинчликни ўрганиш, халқаро сиёсат мутахассислиги бўйича гуманитар фанлар магистри даражасини олган.

1996-2006 йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппаратида турли лавозимларда ишлаб, бир қатор олий даражадаги ташрифларни тайёрлашда фаол иштирок этган. Шу билан бирга, Европанинг нуфузли академияларининг таҳлилий марказларида малака оширган. 

2014-2018 йилларда Ўзбекистон республикаси президенти қошидаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида фаолият олиб борган.
2018 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги бош бошқармасида ишлаб келаётганди.

Top