Қашқадарёда Ўзбекистон байроғи тасвиридаги “Битирувчи” ёзувли лентани тақиб юрган йигит қўлга олинди
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги бозорда Ўзбекистон байроғи рангларида ишланган, “Битирувчи” ёзуви туширилган лентани тақиб юрган йигит ИИБ ходимлари томонидан куч билан олиб кетилаётгани акс этган видео тарқалди.
Kun.uz Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматидан олган маълумотга кўра, воқеа кеча, 5 май куни Қамаши туманидаги Чим деҳқон бозорида содир бўлган.
“2023 йил 5 май куни Қамаши тумани Чим деҳқон бозорида бир нафар фуқаро елкасига Ўзбекистон Республикаси байроғини тақиб юргани бозорда хизмат ўтаётган Қамаши тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ ТП профилактика инспекторлари томонидан аниқланган.
Фуқаро тўхтатилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслигини, уни ечиб қўйиб давлат рамзларига ҳурматсизлик қилмаслигини тушунтирганида, фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатган.
Натижада белгиланган тартибда Қамаши туманида яшовчи фуқаро Р.И. билан профилактик суҳбат ўтказилган”, дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумотида.
Ҳолат юзасидан фуқарога МЖтКнинг “тегишли моддалари”га кўра ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган.
Шу ўринда ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан баъзи саволлар келиб чиқмоқда.
Бир томондан, улар қонун бўйича ҳаракат қилган. Чунки 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ҳақида”ги қонуннинг 5-2-моддасида шундай дейилган:
“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас”.
Лекин ҳар йили 25 май куни мактабларда сўнгги қўнғироқ чалинадиган кун яқинлашганда бутун мамлакат бўйлаб бозорларда Ўзбекистон байроғи рамзига “Битирувчи” деб ёзилган лента савдоси авж олади. Бундай ленталарни сўнгги қўнғироқ куни минглаб мактаб битирувчилари тақиб юради. Балки қаерлардадир бундай ленталар оёқ остига ҳам ташланиб кетар. Лекин бу ҳолатда лента ишлаб чиқарувчиларга ҳам, битирувчи ёшларга ҳам жавобгарлик қўллаш масаласи кўрилмайди, шундай экан, бу норма нега қамашилик йигитга келганда ишлаб кетди?
Катта эҳтимол билан ИИБ ходимлари қамашилик йигитни бозор ҳудудидан қўлини қайириб олиб кетишаётганда, сал нарироқда шу лентани тадбиркорлар эркин сотаётган бўлган. Ахир 25 май яқинлашяпти.
Бошқаларга индамасдан, балки ҳаваси кетиб, балки 25 май яқинлашмасдан олдинроқ харид қилиб қўйиш мақсадида лентани олиб елкасига тақиб юрган биргина йигитга чора кўрилиши адолатдан эмас.
Сўнгги йилларда шундоқ ҳам ИИБ тизимининг обрўсини тушириб юбораётган ходимлар етарлича чиқиб турибди. Қамашидаги ҳодиса ҳам бозордаги кўплаб одамларнинг кўз ўнгида содир этилгани инобатга олинса, бундай ишлар ИИБ ходимларига обрў олиб келмаслиги аниқ.
Маълумот учун, МЖтКнинг 203-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг давлат байроғи, давлат герби ёхуд давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 215-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг давлат байроғи, давлат герби ёхуд давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш – БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ғайрат Йўлдош,
журналист
Мавзуга оид
19:03 / 25.10.2024
Қирғизистон байроқ ортидан мадҳияни ҳам ўзгартиради
23:04 / 13.09.2024
Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди
13:15 / 26.06.2024
Қашқадарёда ЙТҲ содир этиб одам ўлимига сабаб бўлган Lacetti қочиб кетди
15:27 / 13.02.2024