Ўзбекистон | 12:24 / 24.03.2021
14700
2 дақиқада ўқилади

Навоийда байрамдан қайтаётган аёл ўзи ва уч нафар қизини поезд остига ташлади

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи аёл 21 март куни Навоий шаҳридаги дам олиш масканидан қайтаётиб, Кармана тумани ҳудудида ўзи ва уч нафар қизининг жонига суиқасд қилди. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 31 ёшли аёл Наврўз байрами муносабати билан 2013, 2016 ҳамда 2018 йилда туғилган қиз фарзандларини Навоий шаҳридаги дам олиш масканига олиб борган ва улар билан сайр қилган. Ортга қайтаётганда эса Кармана туманининг «Маликработ» қўрғони ҳудудида, Кармана – Тинчлик темир йўл бекатлари оралиғида ўзи ва фарзандларини темир йўлга олиб чиқиб, жонига суиқасд қилган. 

Уларни юк поезди уриб юборган. Оқибатда она Кармана тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган. Вояга етмаган 5 ёшли қизи эса оғир тан жароҳати туфайли жонлантириш бўлимига ётқизилган. 8 ҳамда 3 ёшли қизалоқлар бахтли тасодиф туфайли омон қолган.

Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ вакиллари ҳамда туман масъул ходимлари томонидан марҳума истиқомат қилган маҳаллада ушбу ҳолат муҳокама қилинган. Маълум бўлишича, марҳума яшаб келган хонадон ибратли ва намунали оила бўлган. 

Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид