Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ямалда – юбилей, «Бавария»да – рекорд, Шомуродовда – дубл. Кун ўйинлари
«Арсенал» чемпионлик пойгасида қоқилди, «Ливерпул» ЕЧЛ учун курашмоқда, «Барселона» «Реал» билан орадаги фарқни 9 очкога етказди.
Фото: Reuters
Англия: «Арсенал»да режадан ташқари мағлубият
«Арсенал» – «Борнмут» 1:2
Голлар: Крупи, 17 (0:1). Йокереш, 35 – пеналти (1:1). Скотт, 74 (1:2)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Люис-Скелли, Уайт (Москера, 76), Субименди (Габриэл Жезус, 76), Райс, Ҳаверц (Эзе, 54), Мартинелли (Доуман, 54), Мадуэке (Троссар, 54), Йокереш
«Борнмут»: Петрович, Сенеси, Ҳилл, Трюффер, Хименес (Смит, 90), Скотт, Кристи (Адамс, 70), Таверне, Крупи (Тот, 85), Райан (Брукс, 70), Эванилсон (Энес Юнал, 90)
Огоҳлантиришлар: Йокереш, 80 – Трюффер, 77. Крупи, 79. Ҳилл, 90
Лига кубоги финалидаги мағлубият, Чемпиошип вакили «Саутҳемптон»га қарши ўйинда ютқазиб, Англия кубогини тарк этиш, ЕЧЛда «Спортинг»га қарши ўйиндаги қийин ғалаба – булар чуқур инқирозни англатмайди, аммо «Арсенал» барча ўйинларда қийналаётганини кўрсатади. Умуман олганда, апрел – Микел Артета учун энг муаммоли ой ҳисобланади.
«Борнмут»га қарши ўйин бошида Трюффернинг узатмасидан кейин тўп рикошет орқали Крупининг оёғига бориши ва ҳисоб очилишидан кейин бу ўйинда ҳам лондонликларга осон бўлмаслиги ойдинлашди.
Биринчи бўлимнинг ўзида тўп жарима майдони ичида қўл билан ўйналгани учун белгиланган пеналтини Йокереш аниқ ижро этди ва ҳисобни тенглаштирди.

Одатда ушбу швециялик ҳужумчи гол урган ўйинларда «канонирлар» ғалабани ўзиники қилади. Аммо бу сафар эмас. Артета иккинчи бўлимда захирадан футболчиларни ташлаш орқали ҳужум чизиғини кучайтиришга уринди, аммо ғалаба голини уриш меҳмонлар яримҳимоячиси Скоттга насиб этди. «Борнмут» мағлубиятсиз сериясини давом эттирди (+5=7), бу эса клуб учун рекорд ҳисобланади. Барча турнирлар доирасида сўнгги тўрт ўйинда учинчи бор ютқазган (жамоанинг ундан олдинги 49 ўйиндаги жами мағлубиятлари сони учта эди) Артета шогирдлари эса АПЛ чемпионлик пойгасидаги вазиятни ўзи учун қийинлаштириб қўйди: бугун «Сити» «Челси» билан ўйинда ғалаба қозонадиган бўлса, орадаги фарқ 6 очкогача қисқаради («шаҳарликлар»да яна битта захира ўйини бор).
«Ливерпул» – «Фулҳэм» 2:0
Голлар: Нгумоҳа, 36 (1:0). Салоҳ, 40 (2:0)
«Ливерпул»: Мамардашвили, ван Дейк, Конате, Робертсон, Фримпонг (Гомес, 69), Собослаи, Жонс (Гравенберҳ, 46), Вирц (Макаллистер, 68), Нгумоҳа (Исак, 69), Салоҳ (Ниони, 90), Гакпо
«Фулҳэм»: Лено, Басси, Андерсен, Робинсон (Сессенон, 69), Кастан, Берге, Ивоби, Кинг (Лукич, 46), Бобб (Смит-Роу, 46), Уилсон (Хименес, 80), Родригу Мунис (Чуквуэзе, 80)
Ўтган ҳафта ўртасида ЕЧЛ чоракфиналида «ПСЖ»га қарши ўйинда захирада қолдирилган Салоҳ шанба куни бошланғич таркибга қайтди. Мисрлик ҳужумчи ишончни оқлади ва биринчи бўлим охирида чиройли гол билан ҳисобдаги фарқни оширди. Ундан олдинроқ эса Слотнинг ротацияси доирасида илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилган 17 ёшли Рио Нгумоҳа ҳисобни очганди.
Салоҳнинг голи ҳам ушбу ёш вингернинг саъй-ҳаракатлари эвазига юзага келди. Ушбу футболчи аллақачон «Ливерпул» тарихига кирди. 17 ёш-у 225 кунлигида у мерсисайдликларнинг «Энфилд»да кечган АПЛ ўйинида гол урган энг ёш футболчисига айланиб, 2012 йилдан буён Раҳим Стерлингга тегишли бўлиб турган рекордни ўзиники қилди.
Қизиллар жамоаси иккинчи бўлимда устунликни сақлаб қолди ва бу ғалабадан кейин ЕЧЛга йўлланма берувчи бешинчи ўринни мустаҳкамлади. Энди жамоа ҳафта ўртасида «ПСЖ»га қарши жавоб ўйинида камида шундай ҳисобда ғалаба қозониши талаб этилади.

Испания: Ферран порлади
«Барселона» – «Эспанёл» 4:1
Голлар: Торрес, 9 (1:0). Торрес, 25 (2:0). Пол Лосано, 56 (2:1). Ямал, 87 (3:1). Рэшфорд, 89 (4:1)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси, Мартин (Касадо, 46), Балде (Жоау Канселу, 64), Араухо, Педри, Э. Гарсия, Фермин Лопес (де Йонг, 84), Гави (Рэшфорд, 64), Ямал, Торрес (Олмо, 74)
«Эспанёл»: Дмитрович, Калеро, Кабрера, Ромеро, Ал Ҳилолий Гонсалес де Сарате, Пол Лосано (Пикел, 80), Долан (Фернандес, 46), Нгонге (Санчес, 64), Экспосито (Терратс, 71), Кике Гарсия (Пере Миля, 71)
Огоҳлантиришлар: Гави, 32. Э. Гарсия, 45. Касадо, 49 – Ал Ҳилолий 32. Экспосито, 34. Нгонге, 45. Пол Лосано, 58. Калеро, 83. Гонсалес де Сарате, 90
Ямал навбатдаги рекордни янгилади – 18 ёш-у 272 кунлигида ла лига доирасида «Барселона» сафида 100 ўйин ўтказган энг ёш футболчига айланди. Ва айнан юбиляр футболчи каталонияликларга ҳисобни очишда ёрдам берди. У бурчакдан тўп узатганида дарвозабон унга ета олмади ва 31 январдан буён гол ура олмаган Ферран Торрес бош билан дарвозани ишғол этди.
Ушбу форвард бўлим ўрталарида дублни расмийлаштирди – бу сафар ҳам унга Ямал шведка услубида узатма берди.
Ламин шанба оқшомида жорий мавсумда ассистентлик балларини 10 тадан оширган илк футболчига айланди (11). Ферран эса иккинчи бўлимда ҳет-трик муаллифи бўлиши ҳам мумкин эди, аммо учинчи гол микроскопик офсайд ҳолати туфайли бекор қилинди.

Бу гол бекор қилинишидан зум ўтмай Лосано чиройли зарбаси билан ҳисобни қисқартириб, ўйинга интрига қайтарди.
Аммо меҳмонларнинг бундан ортиғига кучи етмади, Ямал эса ўйин охирида дарвозабоннинг тўпга чиқишдаги хатосидан фойдаланиб, амалда ўйин тақдирини ҳал қилувчи голни урди. Бир неча дақиқа ўтиб Френки де Йонгнинг ҳимоячилар ортига узатмасига етиб борган Рэшфорд ҳисобни йириклаштирди.
«Реал» оқшомида кечган ўйинда «Жирона» билан дуранг ўйнаганди ва энди «Барса» иккинчи ўрин билан орадаги фарқни 9 очкога етказмоқда. Ҳанси Флик қаторасига иккинчи мавсумда чемпионликка эришишга яқин.
«Севиля» – «Атлетико» 2:1
Голлар: Адамс, 10 – пеналти (1:0). Боняр, 35 (1:1). Гудел, 45+2 (2:1)
«Севиля»: Влаходимос, Салас, Гудел, Кастрин, Осо, Х. Санчес (Суасо, 90+4), Агуме, Ману Буэно (Соу, 70), Руб. Варгас (А. Санчес, 78), Ромеро (Пеке Фернандес, 70), Адамс (Менди, 90+4)
«Атлетико»: Муссо, Пубил, Мартинес, Диас (Монсеррате, 86), Боняр, Мендоса (Морсилио, 71), О. Варгас, Баэна, Алмада, Белаид (Лукман, 71), Сёрлот
Огоҳлантиришлар: Ману Буэно, 36. Х. Санчес, 67. Гудел, 88. Пеке Фернандес, 90 – Диас, 44. Баэна, 75. Гризманн, 75. Морсилио, 90
Чемпионлик пойгасини аллақачон тарк этган ва кучли бешликни ҳам тарк этмаслиги аниқ бўлган «Атлетико» эса асосий эътиборни ЕЧЛ ўйинларига қаратмоқда (ҳафта ўртасида «Барса»га қарши жавоб ўйини бўлиб ўтади) ва «Рамон Санчес Писхуан»даги ўйинда Диего Симеоне иккинчи таркибни туширди. Меҳмонлар пеналтидан тезкор гол ўтказиб юборишди, аммо «матрасчилар» бошланғич таркибида ўйнаш имкониятига эга бўлган ёшлар жонбозлик кўрсатишди. Ла лигадаги иккинчи ўйинини ўтказган 21 ёшли Хулио Диас биринчи бўлим ўрталарида Алмаданинг узатмасига етиб борди ва тўпни жарима майдонига оширди, пасни қабул қилган 20 ёшли дебютант Боняр эса асосий жамоадаги илк голини нишонлади.
Лекин бўлим охирида мадридликлар мудофааси қўпол хатога йўл қўйди ва Гудел бурчак зарбасидан кейин мезбонларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Лигада қолиш учун курашаётган «Севиля» иккинчи бўлимда хотиржамлик билан ҳисобни сақлаш учун ўйнади ва якунда ўз мақсадига эришди. Матрасчилар эса мағлубиятга учраганига қарамай, тўртинчи ўринда мустаҳкам жойлашган – бешинчи ўриндаги «Бетис» билан орадаги фарқ 12 очкони ташкил этмоқда.

Германия: «Бавария»да асрий рекорд
«Санкт-Паули» – «Бавария» 0:5
Голлар: Мусиала, 9 (0:1). Горецка, 53 (0:2). Олисе, 54 (0:3). Жексон, 65 (0:4). Рафаэл Геррейру, 88 (0:5)
«Санкт-Паули»: Васил, Вал, Метс, Андо, Фудзита (Меткалф, 66), Расмуссен, Рицка (Оппи, 77), Пирка, Синани, Перейра Лаж (Хара, 88), Унтонджи (Карс, 77)
«Бавария»: Нойер, Ким Мин Жэ, Ито (Та, 67), Бишоф, Лаймер (Станишич, 58), Киммиҳ (Дэйвис, 59), Горецка, Рафаэл Геррейру, Мусиала (Сапоко Ндиай, 84), Олисе (Диас, 59), Жексон
Огоҳлантиришлар: Фудзита, 52 - Лаймер, 19. Олисе, 52
«Бавария» ҳам ички чемпионатни амалда ҳал қилиб бўлган ва ЕЧЛга куч сақлаш учун аралаш таркибни ўйнатмоқда. Лекин жамоанинг бундай таркиби ҳам лигадаги бошқа жамоалардан бир бош баланд. Кейн, Диас, Упамекано каби асосий таркиб футболчилари захирада қолдирилган ўйинда ҳам мюнхенликлар йирик ҳисобда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқишди.
«Санкт-Паули»га қарши ўйин арафасида «Бавария» голлар нисбати бўйича 100:25 кўрсаткичига эга эди. Ўйин дебютидаёқ Мусиала ҳисобни очди ва бу билан Германия чемпионатида кўп гол уриш бўйича ўтган асрдаги рекорд такрорланди (1971/72 йиллар мавсумида «Бавария»нинг ўзи 101 гол билан бошқалар учун етиб бўлмас маррани ўрнатганди). Жамоа ўзининг бу натижасини Хосеп Гвардиола, Юпп Ҳайнкес ва Ҳанси Флик даврида ҳам такрорлай олмаганди.
Венсан Компани шогирдлари эса бу рекордни янгилашди – Горецка иккинчи бўлим бошида тўпни тўхтатмай дарвозага йўллаш орқали урган гол тарихга кирди. Ўйин якунигача Олисе, Жексон ва Рафаэл Геррейру яна биттадан гол уришди ва жами голлар сонини 105 тага етказиб қўйишди. Мавсум якунига яна беш тур борлигидан келиб чиқилса, жамоа ақл бовар қилмас натижа қайд этишига шубҳа йўқ.
Бу йирик ғалабадан кейин «Бавария» 76 очко билан Бундеслига турнир жадвалида яққол пешқадамлик қилмоқда ва энг яқин таъқибчиси «Боруссия»ни 12 очколик фарқ билан ортда қолдирмоқда.

Туркия: Шомуродов тўпурарлар пойгасида
«Истанбул Б» – «Генчлербирлиги» 3:0
Голлар: Шомуродов, 9, 40; Бертуғ, 42.
«Истанбул Бошоқшеҳир»: Муҳаммад, Ўмер Али (Булут, 59), Дуарте, Опоку, Опери (Каратас, 60), Кемен, Умут (Калузински, 68), Юсуф, Шомуродов (Зелке, 81), Брнич, Бертуғ (Креспо, 59).
«Истанбул Бошоқшеҳир» Туркия Суперлигаси 29-тури доирасида «Генчлербирлиги» устидан йирик ҳисобда ғалабага эришди. Шу куни мезбонларнинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов голсиз сериясини якунлади (у сўнгги беш ўйинда майдонни голсиз якунлаганди) ва 9 ва 40-дақиқаларда дубл қайд этди. Энди унинг лигадаги голлари сони 18 тани ташкил этмоқда ва 22 гол билан тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилаётган «Трабзонспор» ҳужумчиси Пол Онуачуни таъқиб этмоқда.
Шомуродов шу куни 81-дақиқада захирага олинди, жамоа сафидаги яна бир ўзбекистонлик футболчи Аббос Файзуллаев эса жароҳати сабаб ўйинни ўтказиб юборди.
Йирик ғалабадан кейин «Бошоқшеҳир» очколари сонини 47 тага етказиб, турнир жадвалида 5-ўринга кўтарилди.