«Реал» амалда чемпионлик курашидан чиқди
«Малйорка» – «Реал» 2:1
Голлар: Морланес, 41 (1:0). Эдер Милитао, 88 (1:1). Муричи, 90+1 (2:1)
«Малйорка»: Роман, Маскарел, Валент, Мохика, Маффео, Дардер, Морланес (Лопес, 70), Кошта (Вирхили, 70), Пабло Торре (Жозеф, 70), Мурики, Лувумбу (Санчес, 81)
«Реал»: Лунин, Рюдигер, Ҳаусен (Эдер Милитау, 59), Каррерас, Александр-Арнолд, Камавинга (Беллингҳэм, 59), Тшуамени, Арда Гулер (Питарч, 72), Мануэл Анҳел (Винисиус Жуниор, 59), Мбаппе, Диас (Мастантуоно, 76)
Огоҳлантиришлар: Роман, 66. Валент, 84. Лувумбу, 90. Маффео, 90 – Ҳаусен, 47. Мастантуоно, 90
«Реал» чемпионлик пойгасининг ҳал қилувчи палласида қоқилди. 30-турда мадридликлар клуби чемпионатнинг 18-ўриндаги жамоаси бўлиб турган «Малйорка» майдонида сенсацион тарзда мағлубиятга учради (1:2).
Ўтган турда қизил олгани учун Валверде дисквалификацияга учраганди, натижада «Кастиля» жамоаси сардори Мануэл Моран бошланғич таркибда дебют қилиш имконига эга бўлди. Жамоа етакчиларидан бири Килиан Мбаппе 21 февралдан буён илк бор ла лига учрашувида илк дақиқалардан ҳаракат қилди. Шунингдек, Каррерас ва Камавинга сафга қайтганди. Қолаверса, Милитао, Асенсио ва Беллингҳэм захира ўриндиғидан жой олишди.
Аммо жароҳатдан энди қайтган футболчилар ҳали формасини тиклашга улгурмагани маълум бўлди. Мбаппе биринчи бўлимда икки бор дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Мезбонлар дарвозабони Арданинг ҳам хавфли зарбасини бартараф этди.
41-дақиқада эса ҳисоб очилди. Эдуардо Камавинга мезбонлар яримҳимоячиси Ману Морланесни қўриқламади ва у Лунинни осонлик билан доғда қолдирди.

Мбаппе вазиятни ўнглашга ҳаракат қилди, аммо Роман унинг навбатдаги хавфли зарбасини ҳам қайтарди. 60-дақиқада Арбелоа Винисиус, Беллингҳэм ва Милитаони, бироз ўтиб Питарч ва Мастантуонони майдонга ташлади.
Таркиб кучайтирилганига қарамай, ўйин охиригача яққол голли вазиятлар яратилмади. Фақат 88-дақиқада стандарт вазият иш берди: Трент тўпни бурчакдан оширди, Милитао бош билан аниқ зарба берди.
Аммо мадридликлар клуби бу оқшом бир очко ҳам қўлга кирита олмади. Қўшимча дақиқалар бошланганида Трент Жозефни ўтказиб юборди, у эса жарима майдони ичида очилган Мурикини голли пас билан таъминлади. 31 ёшли косоволик ҳужумчи жамоасига ғалаба олиб келди ва тўпурарлар пойгасида 19 гол билан иккинчи ўринни мустаҳкамлади. 23 гол билан ушбу рўйхатни бошқараётган Килиан Мбаппега эса бу оқшом гол уриш насиб этмади.



















