Мадридликлар «Камп Ноу»дан максимум натижа билан қайтди

«Барселона» – «Атлетико» 0:2
Голлар: Алварес, 45 (0:1). Сёрлот, 70 (0:2)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси, Мартин, Жоау Канселу (Балде, 86), Кунде (Араухо, 73), Педри (Гави, 46), Э. Гарсия, Олмо, Рэшфорд (Торрес, 73), Ямал, Левандовски (Фермин Лопес, 46)
«Атлетико»: Муссо, Ганцко (Пубил, 31), Ле Норман, Руджери, Молина, Коке (Баэна, 60), Лиоренте, Лукман (Сёрлот, 60), Симеоне (Алмада, 80), Гризманн (Гонсалес, 80), Алварес
Огоҳлантиришлар: Гави, 65. Жоау Канселу, 90 – Коке, 31. Пубил, 45. Баэна, 63
Четлатиш: Кубарси, 44

8 апрел оқшомида «Ноу Камп» ўйингоҳида Европа Чемпионлар лигаси чоракфинали доирасида «Барселона» ва «Атлетико» ўртасида кечган ўйинни 44-дақиқада рўй берган эпизод ҳал қилди.

Ҳанси Флик жамоасига юқори ҳимоя чизиғи яна бир бор панд берди – дам олиш кунларида ла лига доирасидаги ўйинда бўлганидек Жулиано Симеоне офсайд қопқонига тушмасдан ҳимоячилар ортига очилди, Кубарси эса унга нисбатан сўнгги умид фолини ишлатиб тўхтатишга мажбур бўлди.

Ўйин бош ҳаками Иштван Ковач аввалига сариқ карточка кўрсатганди.

Аммо вазиятга VAR аралашди ва карточканинг ранги ўзгарди.

Кубарси дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Симеонени қўли билан туртиб йиқитганди.

Бу вазият учун «Барса» икки карра жазоланди. Биринчи бўлимнинг ўзида сон жиҳатдан озчилик бўлиб қолгани етмагандек, танаффус арафасида гол ўтказиб юборилди.

Белгиланган жарима зарбасини Хулиан Алварес қойилмақом ижро этди ва тўп дарвоза тўққизлигига бориб тушди.