Ўзбекистон | 20:07 / 21.02.2026
10580
3 дақиқада ўқилади

Мубашшир Аҳмад вақтинча Тошкентдаги ихтисослашган касалхонага ўтказилди

Навоийдаги Жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган таниқли диний уламо Алишер Турсуновнинг оёқларида яна шиш пайдо бўлган. Адвокат Абдуллоҳ Содиқнинг маълум қилишича, олдиндан «қандли диабет» ва «оёқ артрози» билан оғриган уламо, шундан сўнг чуқурлаштирилган тиббий кўрик учун пойтахтдаги «Сангород»га юборилган.

Мубашшир Аҳмаднинг жамоатчиликка маълум бўлган сўнгги сурати. 8 сентябр, 2025 йил / Фото: Kun.uz

20 февраль куни таниқли диний уламо Алишер Турсунов Навоийдаги Жазони ижро этиш муассасасидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик учун Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда уламонинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ Kun.uz’га маълум қилди.

Мубашшир Аҳмад Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонага (Сангород) вақтинчалик кўчирилди. У олиб келингач тўлиқ кўрикдан ўтказишга ва касалхонага рўйхат асосида қабул қилишга улгуришмаган. Шу сабабли уламонинг ҳимоячиси ва яқинлари ҳозирча у билан пойтахтда кўришиб улгурмаган.

Маълум бўлишича, олдинроқ «чап оёқ артрози» ва «қандли диабет» ташхислари қўйилган Мубашшир Аҳмаднинг оёқларида яна шиш пайдо бўлган. Шу боис жазони ижро этиш муассасаси шифокорлари уни тўлиқ ва чуқурлаштирилган тартибда тиббий кўрикдан ўтказиш учун пойтахтга юборишга қарор қилган. Тиббий кўрик камида 2 ҳафта давом этиши кутилмоқда.

Адвокат Абдуллоҳ Содиқнинг расмийларга таяниб айтишича, маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона масъуллари келаси ҳафта анализлар олиб, тўлиқ кўрикни бошлайди.

Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов 2025 йил 8 октябрь куни 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ўшанда ЖИБ Учтепа туман суди судяси Бобур Раҳимов уламони тергов органи қўйган учала модда (диний мазмундаги материалларни тарқатиш, жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тарқатиш ва миллий-этник адоват қўзғатиш) бўйича ҳам айбдор деб топган.

Шундан сўнг, Мубашшир Аҳмад суд ҳукми устидан апелляция шикояти бермасликка қарор қилди. У Навоий вилояти, Қизилтепа туманида жойлашган ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш Департаментига қарашли 5-сонли Жазони ижро этиш колониясида ўтаётган эди.

Орадан 3 ой ўтиб — 2026 йил январда уламонинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ Kun.uz'га мурожаат қилиб, «Мубашшир Аҳмаднинг саломатлиги оғирлиги ва шу сабабли жазони ўтай олмаслиги»ни билдирганди.

Омбудсманнинг минтақавий вакили Алишер Турсунов билан. 9 январ, 2026 йил / Фото: Омбудсман матбуот хизмати

«Турсуновга «Қандли диабет II тип, инсулинга муҳтож тури» ва «Чап оёқ артрози» ташхислари қўйилган. Уламонинг оёқлари шишиб кетиб, танасида ҳар хил яралар пайдо бўлаётганига қарамай даволанишига рухсат берилмаяпти», деганди ҳимоячи.

Кейинроқ, Омбудсманнинг минтақавий вакили — Алишер Турсуновнинг сақланиш шароитларини ўрганиб, диний уламо иш ва яшаш шароити бўйича шикоят билдирмаганини айтган. Шунингдек, омбудсман Алишер Турсунов муассасада ўз хоҳишига кўра ошхона ишлари билан шуғулланишга жалб қилинганини маълум қилган.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид