Мубашшир Аҳмад сўнгги сўзида асосий 2 та айбловни рад қилди ва судьядан адолатли ҳукм чиқаришини сўради. Судья Бобур Раҳимов диний уламони тергов органи қўйган учала модда (диний мазмундаги материалларни тарқатиш, жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тарқатиш ва миллий-этник адоват қўзғатиш) бўйича ҳам айбдор деб топди.

8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсунов иши юзасидан сўнги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда суд мажлисида бевосита қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Судда дастлаб Мубашшир Аҳмаднинг ўзига сўнги сўз берилди. У фаолияти давомида ёшларнинг диний илмини ошириш мақсадида холис маълумотлар тарқатгани, нияти доим яхшилик бўлганини айтди.

У ўзига қўйилган айбловлар бўйича: диний материалларни диний қўмита рухсатисиз тарқатганини яна бир бор тасдиқлади ва буни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида бўлмагани билан изоҳлади. Қолган моддалар бўйича эса айбдор эмаслигини, бу терговда ҳам, суд мажлисларида ҳам ўз исботини топмаганини билдирди.

Шунингдек, Мубашшир Аҳмад судьядан ҳукм чиқаришда – 21 йилдан буён қанд касали билан оғриши, оилавий аҳволи, бошлаб қўйган кўплаб илмий фаолият ва таржима билан боғлиқ ишлари борлигини ҳисобга олишни ҳамда адолатли ҳукм чиқаришини сўради.

Шундан сўнг, судья Бобур Раҳимов маслаҳат учун хонага кирди. 1 соатдан кўпроқ муддатдан сўнг маслаҳатдан чиққан судья диний уламога тергов органлари қўйган учта модда бўйича айбловнинг барчасини асосли деб топди. Хусусан, Мубашшир Аҳмадга:

  • ЖКнинг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш,
  • ЖКнинг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш,
  • ЖКнинг 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолган ҳолда 6 ойлик ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Жазоларни қўшиш йўли билан, судланувчи узил-кесил 2 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди ва 2025 йил 11 майдан бошлаб ҳисобланиши маълум қилинди.