Иқтисодиёт | 19:49 / 17.08.2024
7864
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистон билан савдо айланмасини 3 миллиард долларга етказмоқчи

Икки мамлакат бош вазирлари иштирокидаги музокаралар давомида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмасини жорий йилда 1 миллиард долларга, яқин истиқболда эса 3 миллиард долларга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Фото: gov.uz

17 август куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди. Бош вазир матбуот котибининг хабар беришича, ташриф доирасида Кобулда Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, бош вазирнинг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдус-Салом Ҳанафий, бош вазирнинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Кабир ва Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан икки томонлама учрашувлар ўтказилган.

«Унда давлатларимиз ўртасидаги алоқалар дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асослангани, Ўзбекистон Афғонистонга Марказий Осиёнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида қараши қайд этилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Афғонистонда амалдаги ҳукумат билан халқаро мулоқот ўрнатилмаса, ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмаслигини таъкидлаган. Айнан Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан 2022 йилда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида алоқаларни ўрнатишда Афғонистон алоҳида ўрин тутиши эътироф этилган»,дейилади расмий релизда.

Шу маънода, Ўзбекистон Афғонистон муваққат ҳукумати билан конструктив ва ўзаро мақбул мулоқотни йўлга қўйган.

Учрашувда Афғонистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, мис, темир, нефть-газ конларини биргаликда ўзлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, ҳудудлараро муносабатларни янада чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, ўзаро савдо айланмасини жорий йилда 1 миллиард долларга, яқин истиқболда эса 3 миллиард долларга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун ишга солинмаган ресурсларни ўзаро манфаатли асосда амалиётга татбиқ қилиш лозимлиги таъкидланди. Бунда икки томонлама инвестицияларни ҳимоя қилиш ҳамда имтиёзли савдо тўғрисидаги битимлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта туртки бериши маълум қилинди.

Маълум қилинишича, «учрашув сўнггида қатор ҳужжатлар имзоланган», лекин қандай турдаги ҳужжатлар эканлиги очиқланмаган.

Мавзуга оид