Жаҳон | 20:01
1567
5 дақиқада ўқилади

Афғонистонга советлар босқинида Хитойнинг позицияси қандай эди?

15 феврал куни совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганига 37 йил тўлди. Бу уруш нафақат минтақавий можаро, балки глобал геосиёсий рақобат марказига ҳам айланган эди. Таҳлилчиларга кўра, Хитой ўз хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда, советларга қарши позиция эгаллаган ва АҚШ билан стратегик яқинлашув орқали катта дипломатик ютуқларга эришган.

“Geosiyosatkunuz” саҳифасида сиёсатшунослар мазкур сана муносабати билан афғон уруши мавзусида сўз юритди.

— Советларнинг Афғонистонга бостириб киришига Хитойнинг муносабати қандай бўлган?

Ҳамза Болтаев: Хитой Совет-Афғон уруши даврида амалда АҚШ томонига яқин позиция тутди. Бунинг асосий сабаби 1960 йиллардан кейин Совет иттифоқи билан муносабатларнинг кескин ёмонлашгани эди. 1969 йилдаги чегара тўқнашувларидан сўнг Пекин Москванинг ҳаракатларини экспансионистик таҳдид сифатида қабул қила бошлади.

1970 йилларда Ҳенри Киссинжернинг Пекинга махфий ташрифи ва ундан кейинги АҚШ–Хитой яқинлашуви бу жараённи тезлаштирди. Натижада Хитой ҳудудида, хусусан Шинжон минтақасида, АҚШ билан ҳамкорлик доирасида разведка объектлари фаолият юритгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Хитой учун масала фақат АҚШ билан яқинлашув эмас эди. Энг аввало, у совет қўшинларининг Афғонистонга киришини ўз хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрди.

Афғонистон Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудига яқин жойлашган. Бу ҳудудда уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа туркий халқлар яшайди. Москванинг жанубга силжиши Пекин назарида потенциал хавф эди. Шу боис Хитой Совет иттифоқини минтақавий экспансионист куч сифатида баҳолади ва унга қарши кучлар билан билвосита ҳамкорлик қилди.

Қурол-яроғ етказиб бериш занжирида Покистон муҳим транзит ролини ўйнаган. Баъзи манбаларга кўра, Хитойда ишлаб чиқарилган қуроллар ҳам Покистон орқали афғон мужоҳидларига етказилган.

Совет иттифоқига қарши умумий стратегик манфаатлар АҚШ ва Хитойни яқинлаштирди. Бу яқинлашув эвазига Хитой АҚШнинг расмий расмий тан олишига эришди, Вашингтон Тайван билан алоқаларини қайта кўриб чиқди. 1980 йиллардаги қўшма коммюникелар, жумладан “Ягона Хитой” сиёсати – Хитой дипломатиясининг муҳим ютуғи бўлди.

Яъни Афғонистон уруши фонида шаклланган геосиёсий яқинлашув Пекиннинг халқаро легитимлигини мустаҳкамлади. Минтақада яна бир муҳим ўйинчи Исроил эди. Совет иттифоқи узоқ йиллар давомида Сурия, Ироқ ва Миср каби Исроилга нисбатан душман позициядаги давлатлар билан яқин ҳарбий-техник ҳамкорлик қилган. Шу сабабли Исроил ҳам Москва таъсирини чеклашдан манфаатдор эди.

Геосиёсатда кўп учрайдиган ҳолат – “душманимнинг душмани дўстимдир” тамойили бу ерда ҳам ишлади. Турли давлатлар ўз хавфсизлик манфаатларидан келиб чиқиб, Совет иттифоқига қарши бир йўналишда ҳаракат қилдилар.

Хулоса қилиб айтганда, Хитой Совет-Афғон урушида бетараф кузатувчи бўлмаган. У ўзининг ҳудудий хавфсизлиги ва геосиёсий манфаатларидан келиб чиқиб, Совет иттифоқининг минтақадаги кучайишига қарши позиция эгаллаган ва бу жараёнда АҚШ билан стратегик яқинлашувдан фойдаланган.

Умрбек Юсупов: Афғонистон Хитой билан бевосита чегарадош. Бу чегара қисқа Вахон йўлаги орқали туташади, бироқ геосиёсатда ҳатто кичик чегара ҳам стратегик аҳамиятга эга. Чегаранинг мавжудлиги ўзиёқ потенциал кириш имконияти ва таъсир воситасини англатади. Шу сабабли Хитой Афғонистонни ҳеч қачон мутлақо четда қолдирган эмас. Аксинча, у ерда турли шаклларда иштирок этиб келган. Хитойнинг илмий салоҳияти ва разведка тизими тарихан кучли бўлган.

Афғонистонда геологик қидирув, конларни ўрганиш, инфратузилма лойиҳалари ёки бошқа илмий экспедициялар кўринишида иштирок этиш – бу фақат иқтисодий манфаат эмас, балки ҳудудни чуқур ўрганиш имконияти ҳамдир. Мис конлари, нодир металлар, топографик тадқиқотлар ёки археологик экспедициялар орқали ҳудуд ҳақида кенг қамровли маълумот тўплаш мумкин.

Бундай жараёнлар кўпинча иқтисодий лойиҳа сифатида кўринса-да, уларнинг стратегик ўлчови ҳам мавжуд. Афғонистон ҳукумати ҳам иқтисодий манфаатлардан келиб чиқиб, Пекин билан муносабатларни кескинлаштирмасликка ҳаракат қилиб келган. Аксинча, сиёсий ирода даражасида икки томон ўртасида нисбатан барқарор ва амалий алоқалар шаклланган.

Бу муносабатлар бугун пайдо бўлган эмас. Хитой узоқ йиллардан бери Марказий Осиё ва Афғонистон ҳудудини стратегик жиҳатдан ўрганиб келади. Масала фақат иқтисодий фойдада эмас хавфсизлик, тарихий омиллар ва минтақавий таъсир доирасини кенгайтириш ҳам муҳим рол ўйнайди. Шу маънода, Афғонистон Хитой учун тасодифий ёки иккинчи даражали ҳудуд эмас. У Пекиннинг узоқ муддатли стратегик ҳисоб-китобларида доимий ўрин тутадиган минтақа ҳисобланади.

Суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов

Мавзуга оид