Ўзбекистон | 14:22 / 26.02.2026
12762
13 дақиқада ўқилади

Сунъий ёмғир ёғдириш режаси, нотариусларга янги ваколат ва “меҳрли оила” хизмати: 1 мартдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим нормаларни эслатиб ўтади.

“Меҳрли оила” хизмати ташкил этилади

2026 йил 1 мартдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари учун «меҳрли оила» хизмати ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли фармонида келтириб ўтилган.

“Меҳрли оила” хизмати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази томонидан ташкил этилади. Хизматга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) комиссияларининг қарори асосида жалб қилинади.

Шунингдек, “меҳрли оила” хизматига жалб қилинган ота-оналарга фарзандларининг психофизик хусусиятларини инобатга олган ҳолда оиласи билан бузилган муносабатларни тиклаш ва уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш учун “оилавий терапия” хизматлари бепул кўрсатилади.

Сунъий ёмғир ёғдириш бўйича тажриба лойиҳаси яратилади

Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш технологиясига илмий асосланган ҳолда, амалий пилот лойиҳа ишлаб чиқилади. Бу – 2026 йилги давлат дастурида кўрсатилган.

Лойиҳа устидаги ишлар 2026 йил 1 мартдан бошланади. Сунъий ёмғир ёғдириш учун Франция, Хитой, Саудия Арабистони каби хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилади.

Пилот тажрибалар доирасида камида 3–5 та амалий синов ўтказилади. Бу орқали ёғингарчилик ўзгариши табиий фонга нисбатан 10–20 фоизга ўсиши таъминланади.

Вазифа ижрочилари – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Фанлар академияси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги.

Маълумот учун, 2025 йил апрел ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда илк марта ёмғир ёғдириш технологияси жорий этилганини хабар қилганди. Хабарда айтилишича, Навоий вилоятининг Конимех туманига ёғингарчиликни сунъий равишда юзага келтирувчи замонавий аппарат олиб келинган бўлиб, лойиҳа Қозоғистоннинг “International Centre of Climate Change Technologies” (ICCT) компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Нотариусларга янги ваколатлар берилади

Айрим талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатлари ёзиш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг “Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида келтирилган. 

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 мартдан БҲМнинг 1000 бараваригача бўлган қуйидаги низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатлари ёзиш тартиби жорий этилади:

  • нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб;
  • ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;
  • ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадал ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.

Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси 65 ёшдан 70 ёшга оширилади. Бунда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра нотариус ўз розилиги билан иш фаолиятини 70 ёшгача амалга ошириши мумкин.

Давлат фуқаролик хизматига қабулда янгича тизим 

2026 йил 1 мартдан бошлаб давлат органларида бўш бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллашда янгича тизим жорий этилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг 2025 йил 6 декабрдаги тегишли фармонида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, давлат органларида мавжуд бўш давлат фуқаролик хизмати лавозимлари тўғрисидаги барча маълумотлар 2026 йил 1 мартдан эътиборан vacancy.gov.uz электрон платформасида эълон қилинади.

Фуқаролар ушбу платформада “иш қидирувчи” мақомида рўйхатдан ўтиб, ўзларига маъқул мутахассислик, лавозим тури ва иш ҳақига оид талабларни белгилаган ҳолда шахсий профилини тўлдириш имкониятига эга бўлади.

Vacancy.gov.uz орқали давлат хизматини эгаллаш учун:

  • платформадан рўйхатдан ўтган фуқаролар давлат фуқаролик хизматига кириш бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтиши лозим;
  • тест синовларини шахсни тасдиқлаш ва назорат қилишнинг махсус онлайн тизими орқали ёки Агентликнинг махсус жиҳозланган хоналарида топшириш мумкин бўлади;
  • тест натижалари 1 йилгача амал қилади ва шу муддат ичида фуқаролар платформадаги турли бўш лавозимларга даъвогарлик қилиши мумкин.

Шунингдек, танловнинг қўшимча босқичи сифатида соҳавий билимларни баҳолаш бўйича тест синовлари ҳам жорий этилади. Ушбу синовлар давлат органларининг буюртмаларига мувофиқ Агентлик ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан шартнома асосида ўтказилади.

Янги тизим давлат фуқаролик хизматига қабул жараёнида очиқлик ва рақобатни кучайтириш, ортиқча субъектив омилларни чеклаш ва энг муносиб номзодларни танлаб олишга хизмат қилиши кутилмоқда.

“Ўзбеккосмос” қурилиш майдонларини кузатади

Президентнинг 2025 йил 1 декабрдаги фармонига кўра, 2026 йил 1 мартдан “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан ҳудудларда қурилиш ишлари амалга оширилаётган қурилиш майдонлари устидан доимий кузатув олиб борилади.

Бунда “Ўзбеккосмос” агентлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси маълумотлар базалари ўзаро интеграция қилинади. Шунингдек, “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан ҳудудий инспекциялардан рўйхатдан ўтган объектлар бўйича маълумотлар «Шаффоф қурилиш» МАТ орқали автоматик олинади. Агентлик ҳудудий инспекциялардан рўйхатдан ўтмаган қурилиш майдонларини аниқлаган тақдирда, мазкур объектлар ҳақида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлигига тегишли маълумотлар узатиб боради. 

Агентлик томонидан амалга ошириладиган кузатув ишлари республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган. 

Бундан ташқари, фармонга кўра, 1 мартдан бошлаб объектларнинг лойиҳа-қидирув, қурилиш-монтаж ва назорат жараёнларида қатнашадиган мутахассисларнинг малакаси, иш тажрибаси, салоҳиятига оид маълумотларни ўзида акс эттирувчи реестр жорий этилади. Ушбу реестр “Шаффоф қурилиш” МАТда юритилади.

Бунда объектлар бўйича барча босқичлардаги ишлар фақатгина реестрга киритилган мутахассислар томонидан амалга оширилади. Ҳар бир босқичдаги ишнинг якуний натижаси ва сифатига шахсан жавобгарлик белгилаш мақсадида масъулларнинг ҳаракати электрон рақамли имзо орқали амалга оширилади. 

Бошқа ўзгаришлар

2026 йил 1 мартдан бошлаб:

  • “маҳалла еттилиги” хулосасига асосан Ижтимоий реестрдаги I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар хонадонларининг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшик ҳамда қуёш панеллари ёки гелиоколлектор ўрнатиш ишлари амалга оширилиши таъминланади;     
  • Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан бошқарувчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштиришда тегишли бош муҳандисни хабардор қилиш тартиби жорий этилади;      
  • кўп квартирали уйларнинг техник кўрсаткичлари, ҳолати, туташ ер участкалари, электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви истеъмоли, инфратузилмасини яхшилаш учун ажратилган ва сарфланган маблағларнинг ҳисоб-китобини юритиш имконини берувчи «Менинг уйим» АБТда «Тураржой» ахборот бўлими ишга туширилади;   
  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқотини ташкил қилишнинг янги тартиби жорий этилади
  • ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимидан воз кечган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини ижрочиларга етказиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва кенг аҳоли қатламига тушунтириш ишларини «Ijro.gov.uz» идоралараро ягона электрон ижро интизоми тизими орқали назорат қилиш тартиби йўлга қўйилади
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахс (шахслар) тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш учун ЯИДХП орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади
  • хулқ-атвори бузилишлари бўлмаган руҳий касаллик бўйича диспансер назоратида турувчи деменция, Паркинсон ёки Альцгеймер касаллиги ташхиси қўйилган махсус парваришга муҳтож шахслар учун «Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасидаги кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади
  • CEFR мезонларига мувофиқ чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билишнинг А1, А2 ва B1 даражалари бўйича малака сертификатини бериш учун имтиҳонлар жорий этилади;    
  • “Техник тартибга солиш” ва “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимларининг ўзаро интеграцияси доирасида хавфсизлиги номувофиқ деб топилган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларининг электрон реестри юритилади;
  • республика тиббиёт марказлари мутахассислари ҳамда хорижий экспертлардан иборат таркибда ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволашда тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти йўлга қўйилади;      
  • давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат хариди предметининг ўртача бозор нархини сунъий интеллект технологиялари асосида ҳисоблаб берувчи электрон модул ишга туширилади;    
  • товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади. Шунингдек, божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобламаслик амалиёти жорий этилади;
  • тажриба-синов тариқасида солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш амалиёти жорий этилади
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан биологик фаол моддаларни олиб кириш ва ишлаб чиқариш учун рухсатнома бериш жараёнида интеллектуал мулк объектларига (товар белгиси ва саноат намунасига) бўлган ҳуқуқларга риоя этилгани Интеллектуал мулк портали орқали мажбурий равишда текширилади ва (ёки) ўрганилади. Шунингдек, интеллектуал мулк объектларига доир муҳофаза ҳужжатлари (гувоҳнома, патент) дубликатини тўлов асосида онлайн шаклда бериш тартиби жорий этилади;
  • абитуриентларни «Юриспруденция» таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари, ички ишлар органлари ходимлари, фан олимпиадалари ғолиблари, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга татбиқ этиладиган имтиёзлардан ташқари «Юриспруденция» таълим йўналишига алоқадор бўлмаган олий таълим ташкилотларига киришдаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилиши тўхтатилади;
  • айрим архив хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилади;
  • вафот этган шахснинг ўлими қайд этилгандан сўнг реал вақт режимида унинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандларининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига ўлим қайд этилгани ҳақида QR-код тасвири туширилган маълумотнома бепул юборилади. Ушбу маълумотнома гербли гувоҳномага тенглаштирилади;
  • табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан озод қилиш тарзида имтиёз бериш билан боғлиқ барча қонунчилик ҳужжатлари ва ҳуқуқий кучга эга кўрсатмалар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади ҳамда ушбу масалада имтиёз бериш фақат қонун орқали амалга оширилади;
  • лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга жарима қўлланганда, уларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади;
  •  йилига икки маротаба энг яхши сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этган вазирлик ва идоралар ўртасида «Сунъий интеллект бўйича энг яхши лойиҳа» танлови ўтказилади;
  • автомобил ва темирйўл кўприклари ҳамда ерости ва ерусти туннелларининг зилзилабардошлигини онлайн мониторинг қилиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади
  • рақамли маркировка тизими жорий қилинган товарларнинг яроқлилик муддати ўтган бўлса, уларнинг савдоси ушбу тизим орқали автоматик равишда чекланади. Бунда рақамли маркировкаланган муддати ўтган товарларга назорат-касса техникаларида харид чеки чиқарилмайди;
  • ўз фаолиятини нотижорат ташкилот шаклида йўлга қўймаган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан суд-экспертиза тадқиқотлари ўтказилиши тақиқланади;
  • фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади;
  • футбол ўйинларига чипталарни харид қилиш шахсни идентификация қилиш ҳамда матрицали штрих-код (QR код) технологияларини қўллашни назарда тутувчи махсус онлайн ахборот тизими орқали амалга оширилади.  
Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид