Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Зўравонликка учраган аёллар учун «SOS» чақирув имконияти ишга туширилади;

Нукус шаҳрининг айрим аҳоли пунктларида яшовчиларга боғча тўловларида имтиёзлар жорий қилинади;

Кекса ёшдаги нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси оширилади.

Алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотиб олиш тақиқланади.

Kun.uz анъанага мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим нормаларни эслатиб ўтади.

Давлат шифохоналари 5 кунлик иш тартибига ўтади

2025 йил 9 ноябрда президентнинг “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Унга кўра, 1 апрелдан давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими 5 кунлик иш ҳафтасига ўтади.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда узилиш бўлмаслиги учун байрам ва дам олиш кунларида навбатчилик тизими йўлга қўйилади. Бу орқали шифохоналар ва бошқа давлат тиббиёт муассасалари зарур ҳолатларда фаолиятини давом эттиради.

Мазкур тартиб тиббиёт муассасаларида иш жараёнини самарали ташкил этиш, ходимларнинг меҳнат юкини мақбуллаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган. Шунингдек, бу ўзгариш аҳоли учун тиббий ёрдам олиш имкониятларини чекламаслиги таъкидланмоқда.

Ҳужжатда тиббиёт ва фармацевтика ходимларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилган. Қайд этилишича, давлат тиббиёт муассасалари ходимлари “Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади.

Радарлар ҳам жарима баллари ёзади

2026 йил 1 апрелдан эътиборан радарлар қайд этган қоидабузарликлар учун ҳам ҳайдовчиларга жарима баллари ёзилади. 

Ҳукумат қарори билан жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан ишончнома, суғурта полиси ёки йўл варақаси асосида фойдаланувчи бошқа ҳайдовчилар ўртасида тақсимлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, ўзига тегишли автомобилни бошқариш учун бошқа шахсга берган мулкдорлар шахсий электрон кабинет очиб, машинани кимга топшираётганини кўрсатиши, ўша шахс эса машинани бошқариш учун қабул қилиб олганини тасдиқлаши керак. Агар қабул қилиб олувчи буни тасдиқламаса, радарлар қайд этган жарима баллари ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган тақдирда машина эгасининг ҳисобига ёзилади.