Ўзбекистон | 22:23 / 07.09.2021
24367
3 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларга солиқлар бўйича енгилликлар берилади

2022 йилдан бошлаб камерал солиқ текширувларда аниқланган камчиликлар учун жарима қўлланилмайди, солиқ ҳисоботларини кечиктирганлик учун санкциялар ҳам бекор қилинади. Хоразмда ҳуқуқий эксперимент ўтказилиб, тадбиркорларнинг тўртта турдаги солиқ ҳисоботларини солиқ органлари ҳисоблаб беради.

Фото: Fotolia

Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ:

  • 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди;
  • тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади.

2022 йил январ – июл ойларида Хоразм вилоятида эксперимент ўтказилади. Бу вақт давомида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботлари солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва шакллантирилади;

Бунда, солиқ органлари:

— юридик шахслардан олинадиган ер солиғини – Кадастр агентлиги органлари маълумотлари асосида;

қўшилган қиймат солиғи, аксиз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни – электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса техникаси маълумотлари ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқаради ва солиқ ҳисоботини шакллантиради;

— солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчилар учун белгиланган тегишли солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан камида 10 кун олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади;

— солиқ тўловчи солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботини олган кундан бошлаб 5 кун ичида уни тасдиқлайди ёки, агар эътирозлари мавжуд бўлса, уни рад этган ҳолда, солиқ ҳисоботини қайта ишлайди ва ўрнатилган тартибда солиқ органларига тақдим этади.

Давлат солиқ қўмитасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидаги вазифалар юкланди:

— 2022 йил 1 январга қадар солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаш учун зарур бўлган солиқ солиш объекти ёки солиқ солиш билан боғлиқ бошқа объектларни электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттириш имкониятларини яратиш;

— 2021 йил 1 ноябрга қадар солиқ солиш объекти ва (ёки) солиқ солиш билан боғлиқ бошқа объектлар бўйича маълумот тақдим этиш талабларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

— 2022 йил 1 августга қадар эксперимент натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда уни республиканинг барча ҳудудларидаги солиқ тўловчиларга татбиқ этиш ҳамда солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботи шакллантириладиган солиқлар рўйхатини кенгайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.

Мавзуга оид