Жаҳон | 13:17 / 08.12.2025
4893
3 дақиқада ўқилади

Таиланд Камбоджадаги объектларга ҳаво зарбалари йўллади

Таиланд Убонратчатхани провинциясида тай ҳарбийларига Камбоджа томонидан ўт очилгани, натижада бир ҳарбий ҳалок бўлганида Камбоджани айблади. Таиланд армияси бунга жавоб сифатида ҳарбий объектларга ҳаво зарбалари берди.

Фото: REUTERS

Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегара можаросининг янги кескинлашуви давомида Таиланд армияси қўшни мамлакатнинг бир неча минтақасида жойлашган “ҳарбий объектлар”га ҳаво зарбалари берди. Армия расмийси Винтай Суварининг душанба, 8 декабр куни маълум қилишича, зарбалар ҳарбий инфратузилма, қурол-аслаҳа омборлари, бошқарув пунктлари ва логистика йўналишларига қаратилган.

Унинг сўзларига кўра, зарбалар шу куннинг ўзида Камбоджа ҳарбийлари томонидан Таиланднинг Убонратчатхани провинциясида тай қўшинлари ўққа тутилганидан сўнг амалга оширилган. Ҳужум натижасида Таиланд қироллик армиясининг бир ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди, яна тўрт киши яраланди.

Бундан ташқари, Таиланд чегарага яқин тўртта тумандан 385 мингдан ортиқ тинч аҳолини эвакуация қилмоқда, улардан 35 мингдан зиёди аллақачон вақтинчалик бошпана масканларига жойлаштирилган.

Ўз навбатида Камбоджа Таиланд армиясини Преах-Вихеар ва Оддармеантей чегара провинцияларида унинг қўшинларига ҳужум қилишда айблади. Камбоджа мудофаа вазирлиги вакилининг айтишича, тай ҳарбийлари танклардан фойдаланиб ибодатхоналарни ҳам ўққа тутган, шу билан бирга Камбоджа жавоб ўти очмаган.

Таиланд ва Камбоджа умумий узунлиги 800 километрдан ортиқ чегара бўйича мунозарани юз йилдан ортиқ вақтдан бери олиб бормоқда. Кўп йиллик низонинг марказида — Прэахвихеа ҳинду ибодатхона мажмуаси ва Таиланд, Камбоджа ҳамда Лаос чегаралари туташган ҳудудда жойлашган, “Яшил учбурчак” деб аталувчи ерлар турибди. Можаро колониявий даврдан мерос бўлиб қолган чегарани ноаниқ белгилаш билан боғлиқ.

Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегара можаросининг аввалги кескинлашуви ёзда юз берган эди. Дастлаб ўт очишлар асосан чегаранинг шимолий қисмида, Таиланднинг Жанубий Хитой денгизи қирғоғида жойлашган машҳур денгиз курортлари ва соҳиллари ҳудудидан анча узоқда давом этган. Кейин жанглар оммабоп денгиз курорти Паттайяга яқинлашди. Беш кун давом этган ҳарбий тўқнашувлар натижасида камида 43 киши ҳалок бўлди, 300 мингга яқин киши қочқинга айланди.

Оташкесимга эришишга, бошқалар қаторида, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам томонларни чақирган эди. Ўтган йил октябр ойи охирида Таиланд ва Камбоджа АҚШ воситачилигида узоқ муддатли тинчликни таъминлашга қаратилган битимни имзолаганди. Таиланд бир ойча муқаддам, армия чегара яқинида мина портлаши оқибатида икки тай ҳарбийси яралангани ҳақида хабар берганидан сўнг, ушбу тинчлик келишувини амалга оширишни тўхтатиб қўйди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид