Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой дронларни Россияга Таиланд орқали етказиб беришни бошлади
Bloomberg агентлиги маълум қилишича, Хитой дронларни Россияга Таиланд орқали етказиб бермоқда. 2025 йилнинг 11 ойи давомида Россия Таиланддан 125 млн долларлик дрон импорт қилган — бу Таиланд экспорт қиладиган дронларнинг деярли барчасига тенг. 2022 йилда эса Таиланд Россияга умуман дрон етказиб бермаган.
Bloomberg 19 феврал, пайшанба куни хабар беришича, Хитой дронларни Россияга Таиланд орқали етказиб беряпти. Жануби-Шарқий Осиёдаги бу мамлакатдан Россияга дрон импорти 2022 йилдан бери кескин ошган. Фақат 2025 йилнинг илк 11 ойида Россия Таиланддан 125 млн долларлик дрон импорт қилган — бу Таиланднинг умумий дрон экспорти ҳажмининг 88 фоизига тўғри келади. Бу кўрсаткич 2024 йилда Россиянинг Таиланддан қилган харидларидан 8 баравар кўп.
Шу давр ичида (2025 йил 11 ойида) Хитой Таиландга 186 млн долларлик дрон етказиб берган. Бангкок бошқа давлатлардан дронларни деярли сотиб олмайди. Ҳолбуки, 2022 йилда Таиланд дронларни 1 млн доллардан кам қийматда импорт қилган ва уларнинг ҳеч бири Россияга юборилмаган.
Журналистлар маълумотларига кўра, етказиб беришлар, жумладан, Бангкок марказидаги осмонўпар бинода офиси жойлашган Skyhub Technologies Ltd. (Skyhub) компанияси орқали амалга оширилган. У Таиландда Хитойдан дрон импорт қилиш ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради. Шу билан бирга, Skyhub расман автомобил ижараси хизмати сифатида рўйхатдан ўтган, олдин эса геология соҳасида ишлаган.
Big Trade Data савдо таҳлили платформаси маълумотларига кўра, 2025 йилда бу компания Хитойдан 25 млн долларлик дрон импорт қилган. Унга дронларни Хитойнинг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири — Autel Robotics сотган. Компания ходимлари уларнинг дронлари фуқаролик мақсадлари учун мўлжаллангани ва Украина ҳудудидаги жанг майдонларига учишни чеклайдиган “геозонинг” тизими билан жиҳозланганини айтган.
Бангкокдаги бошқа компания — China Thai Corp. ўтган йилнинг 11 ойида Хитойдан 144 млн долларлик дрон олиб кирган. Октябр ойида у Россия армиясига технология етказиб бергани учун Буюк Британия санкцияларига тушган.
Bloomberg маълум қилишича, China Thai Corp’нинг Россия томони билан ҳамкорлиги камида 2023 йилдан бошланган: ўшанда компания Россияга 2 млн долларлик iPhone партиясини олиб кирган. Смартфонларни ЕИ 2024 йилда санкцияга киритган Россия электроника ишлаб чиқарувчиси “Атлас” қабул қилиб олган.
Бу ҳамкорлик фонида China Thai Corp’нинг йиллик даромадлари 1800 бараваргача ўсган: 2020–2022 йилларда 14 минг бат (тахминан 415 евро) бўлган даромад 2023 йилда 17,8 млн бат (525 минг евро)га, 2024 йилда эса 25,3 млн бат (750 минг евро)га етган.
Bloomberg’га берган интервюсида Таиланд божхона департаменти бош директори Пхантонг Лойкулнанта Хитой дронларининг Таиланддан экспорт қилиниши амалдаги қонунлар доирасида амалга оширилаётганини айтган. Унинг қўшимча қилишича, Хитойдан дрон импорт қилганда унинг қандай мақсадда ишлатилишини кўрсатиш мажбурий эмас. «Биз ҳаракат қилишга тайёрмиз, лекин аввал қонун қабул қилиниши керак», — деган у. Унинг сўзларига кўра, Савдо вазирлигига қарашли ташқи савдо департаменти бу масалани ўрганмоқда.
АҚШ Давлат департаменти Хитой етказиб беришлари ҳақидаги саволга изоҳ беришдан тийилган, аммо Хитой ҳиссаси Москва импорт қилаётган икки мақсадли товарларнинг тахминан 80 фоизини ташкил этишини айтган.
Мавзуга оид
09:55 / 24.06.2026
Путин: Ёнилғи танқислиги Украинадаги урушга таъсир қилмайди
08:45 / 24.06.2026
Санкциялар юмшатилиши Россия нефт экспортига туртки берди
21:15 / 23.06.2026
Россия Украина билан «2022 йилдаги Истанбул келишувлари асосида» музокаралар олиб боришга тайёр - Путин
16:29 / 23.06.2026