50 мингдан кўп абитуриент тестга бормади – мандат қачон чиқади?
Ёз ойининг асосий воқеаларидан бири – давлат ОТМнинг бакалавриатига кириш имтиҳонлари тугади. 13 кун давом этган имтиҳон ҳақида танқидлар ва муҳокамалар кам бўлди. Тест синовларида 948 минг абитуриент қатнашиши керак эди, шундан 50 мингдан ошиғи имтиҳонда қатнашмаган.
Бу йил ОТМга 1 млн 18 минг абитуриент ҳужжат топширди, уларнинг 946 мингдан кўпроғига кириш имтиҳонларида қатнашиш имкони берилди.
Муҳокамадаги мавзулар
1-13 август кунлари давом этган имтиҳон давомида ўрнига ўрин кириш ёки шпаргалкалардан фойдаланишдаги норозилик ҳолатлари ҳақида деярли ёзилмади.
Фақат бир нечта ҳолатда тест китобчасини йиртиб чиққан абитуриентларга оид кейслар тарқалди ва улар тестдан четлатилди. Блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев тест қоидаларини бузган абитуриентларни жиддийроқ жазолаш таклифи билан чиқди.
Асосий эътирозга сабаб бўлган ҳолат Темурбеклар мактаби битирувчиларига ҳарбий таълим муассасаларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, бошқа ОТМда эса 15 фоиз миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилиши бўлди. Имтиёзли абитуриентларнинг баллари тўплаш мумкин бўлган максимал баллдан ҳам ўтиб кетди ва жамоатчилик фаолларининг эътирозларига сабаб бўлди.
Аслида, ОТМга киришда 40 дан ортиқ турдаги абитуриентларда имтиёз бор, фақат кўпчилик имтиёз турлари асосий квотадан ташқарида бўлгани учун камроқ муҳокамалар мавзусига айланади.
Имтиҳон тугади, энди нима бўлади?
Ҳозир абитуриентлар кутаётган энг асосий нарса – якуний мандат. Амалдаги қонунчиликка кўра, абитуриентларнинг якуний жавоблари кириш имтиҳонлари тўла якунланган санадан бошлаб 1 ҳафта ичида чиқиши керак. Демак, 13 августда тест тугаган бўлса, 20 августда мандат эълон қилиниши керак.
Лекин ўтган йиллар тажрибасига қаралса, мандат кўпинча кечиккан. Лекин ўтган 2022 йилда жавоблар вақтида эълон қилинганди. Тест синовлари 8-20 август оралиғида ўтказилиб, мандат 27 августда эълон қилинган.
2021 йилда эса натижалар 3 сентябр куни, тест синовлари якунлангандан 18 кун ўтиб (11 кун кечикиб) эълон қилинган.
Лекин 2022 йилги мандат вақтида чиққани учун бу йил ҳам кечикмаслигига умид қилса бўлади.
Натижалар қандай?
Бу йилги кириш тест синовларида 948 486 нафар абитуриент иштирок этиши белгиланганди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига кўра, абитуриентларнинг 50 минг нафардан ортиғи тест синовларига келмаган.
Кириш имтиҳонларида абитуриент талаба бўлиш учун тўплаши керак бўлган энг минимал балл – 56,7 балл. Грантга кириш учун минимал балл эса 68 ни ташкил қилади. Очиқ маълумотлар базасига қаралса, ўртача баллар нуқтаи назаридан етакчилик Бухоро вилоятида турибди.
Бухоро вилояти абитуриентлари ўртача 70,8 балл тўплаган.
Кейинги ўринларда:
Тошкент шаҳри – 68,96 балл;
Фарғона вилояти абитуриентлари – 66,4 балл тўплаб етакчи ўринларни банд қилган.
Лекин минимал ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентлар ҳам етарлича.
440 минг нафар атрофидаги абитуриент минимал ўтиш баллидан камроқ балл олган.
Маълумот учун: имтиҳонда тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 189 балл.
Ҳозирча абитуриентлар учун энг асосий фокус мандат қачон эълон қилиниши билан боғлиқ. Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, мандат, асосан, имтиёзли абитуриентларнинг натижасини ҳисоблаш эвазига чўзилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бу йил ОТМнинг бакалавриатига қабул учун 190 мингга яқин квота ажратилган.
Мавзуга оид
19:34 / 05.04.2024
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтига янги ректор тайинланди
15:31 / 05.04.2024
Магистратура босқичига чет тили сертификати талаби қўйилгани сабаб ОТМлар молиявий зарар кўрган – ҳисобот
12:36 / 29.03.2024
“Бу ҳолатга энди йўл қўйилмайди” - вазирлик ОТМ ходимларидан маълумотларни кирилл ёзувида беришни сўраб ёзган хатига муносабат билдирди
16:43 / 09.03.2024