Ўзбекистон | 14:26 / 25.06.2021
6088
4 дақиқада ўқилади

Божхона қоидалари: Маданий бойликларни чегарадан олиб ўтиш тартиби

Ўзбекистон ноёб меъморчилик, тарихий ва маданий бойликлари, осори-атиқаларга бой. Шунга кўра, бундай бойликларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб кириш амалиёти ҳам тартибга солинган.

Умуман, қандай буюмлар маданий бойликлар деб баҳоланади? Неча йиллик буюмлар маданий бойликлар сирасига киради? Уларни Ўзбекистон чегараси орқали олиб ўтиш тартиби қандай?

«Божхона қоидалари» кўрсатувининг навбатдаги сонида юқоридаги саволларга жавоб берилади.

Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси катта инспектори Меҳрож Ваҳобов шу каби масалаларга ойдинлик киритади.

Маданий бойликларни олиб чиқиш тартиби

Ўзбекистонга маданий бойликларни олиб кириш ва мамлакатдан олиб чиқиш бевосита республика аъзо бўлган халқаро конвенциялар ва имзолаган шартномалар, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланган қарорлар ва Низом асосида тартибга солинади.

Бунда, жисмоний шахслар томонидан маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши бевосита Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари экспертиза гуруҳлари хулосаси асосида берилган сертификат, рухсатнома асосида амалга оширилади.

Рухсатнома маданий бойлик олиб чиқилиши ёки олиб кирилишидан олдин берилган бўлиши даркор.

Қандай буюмлар маданий бойликлар ҳисобланади?

Ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай буюмлар, хусусан, қимматбаҳо қўлёзмалар, ҳайкалтарошлик намуналари, расмлар, ҳар қандай турдаги мусиқа ва чолғу асбоблари, тарихий тангалар маданий бойликлар сирасига киради.

50 йилдан ортиқ бўлган айрим турдаги маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.

Шу билан бирга, маданий бойликлар юридик шахслар томонидан ҳам республика ҳудудидан Маданият вазирлиги рухсатномаси асосида олиб чиқилиши мумкин.

Маданий бойликларни музейлар ёки кўргазмаларга вақтинчалик олиб чиқишга ҳам худди шунингдек, Маданият вазирлиги рухсатномаси бўлсагина, рухсат берилади.

Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси катта инспектори Меҳрож Ваҳобов

Рухсатномалар муддати қанча?

Рухсатномаларнинг амал қилиш муддати 3 ой. Шу муддат ичида республика ҳудудидан вақтинча олиб чиқилган маданий бойликлар қайтариб олиб кирилиши керак.

Кимлар масъул?

«Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-моддасига асосан, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Бунда, Маданият вазирлиги рухсатнома берувчи идора бўлса, Божхона қўмитаси назорат қилувчи орган ҳисобланади. Назорат қилиш вақтинча олиб чиқилаётган маданий бойликларни божхона юк декларациялаш орқали амалга оширилади.

Вақтинча олиб чиқилган маданий бойликлар қайтарилмаса-чи?

Агарда, 3 ой муддатга вақтинча хорижга олиб чиқилган маданий бойликлар ўз вақтида ёки умуман қайтарилмаса, ёхуд бошқасига алмаштириб қўйилса, ушбу бойликларни олиб чиққан шахсларга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чоралар кўрилади ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Маданий бойликларни кимлар олиб кира олади?

Ҳар қандай шахс, Ўзбекистон резиденти, норезиденти маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга ҳақли. Бу – Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

Маданий бойликларни республика ҳудудига олиб кириш ҳисоби, уларга чегара божхона постида урилган муҳрлар ва штамплар воситасида юритилади. Олиб кирилган маданий бойликлар олиб чиқилишида ушбу муҳрларга алоҳида эътибор қаратилади.

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид