Kun.uz Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрлаб келаётган “Божхона қоидалари” кўрсатувининг навбатдаги сонини ҳавола қилади. Бу сафар божхона омборларини ташкил этиш тартиби ҳақида сўз юритилади. Божхона омборлари нима мақсадларда ташкил этилиши, бунинг учун қандай ҳужжатлар талаб қилиниши ва умуман ушбу мавзу ҳақида қўмита бўлим бошлиғи Аббос Бердиев саволларга жавоб беради.
Божхона омборини ташкил этишдан мақсад нима?
Маълумки, импорт қилинаётган товарлар республикамизга кириб келганидан сўнг, уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли сертификатлар олиниши ҳамда божхона тўловларини тўлашда маълум бир муддат кетади. Мазкур товарлар божхона назорати остидаги товарлар бўлганлиги учун махсус ажратилган, бегона шахсларнинг яқинлашиш имкони бўлмаган, тасарруф этилиши чекланган жойларда вақтинчалик сақланади. Айнан ушбу турдаги товарларни сақлаб бериш учун тадбиркорлар
томонидан тегишли талаб ва шартлар асосида махсус божхона омборлари ташкил этилади. Бундай фаолият билан шуғулланиш учун божхона органларидан лицензия олинади.

Божхона омборларининг турлари ҳақида
Божхона органлари томонидан 3 турдаги омбор фаолияти учун лицензиялар берилмоқда.
1. Божхона омбори - Низом талабларига мувофиқ бўлган товарларни божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган ҳудуд учун амал қилиши чекланмаган муддатга бериладиган лицензия. Божхона омбори очиқ ёки ёпиқ турда бўлиши мумкин:
- очиқ турдаги божхона омбори - ҳар қандай шахслар фойдаланиши мумкин бўлган божхона омбори;
- ёпиқ турдаги божхона омбори - лицензия олган шахснинг товарларини сақлашга мўлжалланган божхона омбори;
2. Эркин омбор - Низом талабларига мувофиқ бўлган товарларни эркин омбор режимида божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган ҳудуд учун амал қилиши чекланмаган муддатга бериладиган лицензия.
3. Бож олинмайдиган савдо дўкони (duty free) - товарларни бож олинмайдиган савдо божхона режими талабларига ва шартларига мувофиқ божхона назорати остида реализация қилиш учун мўлжалланган савдо объекти учун амал қилиши чекланмаган муддатга бериладиган лицензия.


















