Интернет муаммоси сабаб томга чиқиб масофадан дарс ўтаётган ўқитувчи видеоси тарқалди. ХТВ муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда интернет тезлиги пастлиги сабабли уйининг томига чиқиб дарс ўтаётган аёл ўқитувчи акс этган видео тарқалди. Маълум бўлишича, видео Марғилон яқинидаги Наврўз маҳалласида олинган.
Видеони тасвирга олган эркак нарвонда томга чиқаркан, шундай дейди: «Невара йиғлаяпти: бувижоним, пастга тушинг, деб. Бувижониси томда дарс ўтяпти. Интернетимиз йўқ бизнинг. [Лекин] ўқитувчилар дарс ўтиши керак...»
Тасвирдан ўқитувчи аёл мактабда ишлаши, карантин пайтида ўқувчилар билан интернет орқали масофадан ишлаётгани, интернет муаммоси сабаб уйининг томидан жой ҳозирлаб дарс ўтаётгани англашилади.
«Интернет яхши, лекин эрталабдан кечгача томда ўтириш ҳам бўлмайди-да. Бунақа бўладиган бўлса, касал бўлиб қоламан», – дейди офтобдан соябон тутиб томда ишлаётган аёл.
Kun.uz Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматидан олган маълумотга кўра, видеодаги муаллима аёл – Марғилон шаҳри яқинидаги Наврўз маҳалласида яшовчи мусиқа ўқитувчисидир.
«Ҳозирги кунда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва тегишли ташкилот вакиллари муаммо нимадалигини аниқлаш ва уни бартараф этиш устида иш олиб бормоқдалар.
Шу ўринда, фидойи ўқитувчига ҳар қандай шароитда ҳам фарзандларимизга билим беришга интилишини олқишлаймиз. Ўқитувчимиз мамлакатимизда фидойи ўқитувчилар борлигини кўрсатмоқда», – дейилади ХТВ ахборотида.
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқлангач, 16 мартдан эътиборан барча таълим муассасалари карантинга ёпилган, таътилдан сўнг дарслар масофадан – телевизион ва онлайн шаклда ўтила бошлаган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Speedtest Global индексида мобил интернет тезлиги бўйича сўнгги ўнталикда (141та мамлакат ичида 133-ўринда) қайд этилган.
28 апрель куни имзоланган президент қарори билан, 2020-2021 йилларда Ўзбекистондаги барча қишлоқ ва маҳаллалар юқори тезликдаги интернетга уланиши белгиланган.
Мавзуга оид
15:21 / 24.07.2023
Мактаб ўқитувчиларига 7,8 млрд сўмлик таътил пуллари ундириб берилди
07:31 / 14.07.2023
Янги ишга кираётган хорижий тил ўқитувчиларига B2 даражадаги сертификат мажбурий бўлади
18:39 / 27.06.2023
Ўқитувчиларнинг таътили 56 кун этиб белгиланди
20:40 / 22.06.2023