Ўзбекистон | 17:28 / 29.05.2023
27590
5 дақиқада ўқилади

Одамларни “синдириш”нинг яшнободча усули: айбдор “жабрланувчи”га, жабрдийдалар эса айбдорга айланди

Пойтахтнинг Яшнобод туманида аҳоли ва ҳокимлик ходими ўртасида жанжал юз берди. Фуқаролар тақиқланган йўл белгиси бўлса ҳам кўчасидан ўтиб-қайтаверган юк машиналарига чора кўриш мақсадида ўзлари арка ясаб, ўрнатиб қўйишади. Тадбиркорнинг мурожаатидан сўнг аркани бузиб ташлаш учун туман ҳокимлиги масъуллари етиб келишган. Вазиятда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган органлар уларга қарши иш тутишмоқда.

Яшнобод тумани, Янги давр маҳалласининг Фарғона йўли 3-тор кўчасида катта омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудуди жойлашган. Бу ерга Жарқўрғон кўчасидан юк машиналари кириб бориши мумкин бўлган бир нечта йўл мавжуд. Бироқ улар негадир ишлаб чиқариш субъектлари томонидан ўз ҳудуди сифатида ўраб олинган. Шу туфайли ҳайдовчилар омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудудига кириб-чиқишда гарчи юк машиналари ҳаракати тақиқланган бўлса-да, Фарғона йўли 3-тор кўчасидан ҳаракатланиб келишган.

Кичик ва тор кўчадан юк машиналарининг ўтиб-қайтаверишидан безор бўлган ҳудуд аҳолиси тегишли жойларга мурожаат қилган. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ мурожаатга жавобан ҳудуд назоратга олинишини билдирган. Бироқ натижа бўлмаган: юк машиналари кириб-чиқиши давом этган.

Мурожаатлардан иш чиқишига кўзи етмаган аҳоли охир-оқибат қўлбола усулда сунъий арка ясаб, кўчага ўрнатиб қўйишган. Фуқароларнинг бу иши эса ўз-ўзидан омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудуди раҳбарига ёқмаган ҳамда у ҳам тегишли органларга мурожаат қилган. Қизиғи, аҳолининг мурожаати “копток” қилинган ва ижроси таъминланмаган бир вазиятда тадбиркорнинг мурожаати яшин тезлигида ҳал қилишга киришилган.

Масалан, омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудуди раҳбарининг Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига йўллаган мурожаати Яшнобод туман Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ўрганиб чиқилади. Ўрганиш натижаси юзасидан Янги давр маҳалласи раисига аниқланган камчиликни 5 кунда бартараф қилиш бўйича тақдимнома киритилган.

Масаланинг мантиқий қисми бироз “келишмаган” нуқтаси шуки, кўчадаги сунъий тўсиқни олиб ташлаш юзасидан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига айнан юк машиналари кириб-чиқадиган омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудуди раҳбари мурожаат қилган. Кўча бошида эса кўчага юк машиналари кириши тақиқлангани ҳақидаги йўл белгиси турибди.

14 апрел куни ҳокимлик ва бошқа ташкилотлар масъуллари аркани бузиб ташлаш учун ҳудудга техника ва зарур анжомлар билан етиб келишади. Бузувчиларга шу кўчада яшовчи корейс миллатига мансуб бир оиланинг уч вакили – кекса аёл ва унинг икки қизи қарши чиқишади.

Шу тариқа, уч аёл ва бир гуруҳ эркаклар ўртасида жанжал келиб чиққан. Эътиборлиси, ушбу жанжалда “ҳокимлик жамоаси”га Яшнобод туман ҳокимлигининг қурилиш бўлими бош мутахассиси Маҳмуд Раҳимжонов раҳбарлик қилган.

Бўлиб ўтган даҳанаки жанжалдан кейин уч нафар аёлга “дело” очилади. Тергов органининг бир оила аъзолари бўлган уч аёлни гумонланувчи деб эълон қилиш ҳақидаги қароридан кўринишича, забардаст эркак “чап қўл ва чап кафтнинг шилиниши, чап қулоқ орқа томоннинг шилиниши ҳамда юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” каби “тан жароҳати” олибди.

Аммо ҳолат бўйича мавжуд видеолавҳаларга эътибор қаратилса, Маҳмуд Раҳимжоновга жароҳатлар аёллардан зарба қабул қилиб олиши оқибатида эмас, сунъий тўсиқни олиб ташлаш жараёнидаги жонбозлиги натижасида етган бўлиши ҳам мумкинлиги кўринади. Қолаверса, видеолавҳаларда, аксинча, Маҳмуд Раҳимжонов аёлларнинг юзига тош билан зарба берганини кўриш мумкин. Бунинг оқибатида аёллардан бири, 1955 йилда туғилган А.Лем ёпиқ мия жароҳати, мия чайқалиши ҳамда кўкрак қафаси юмшоқ тўқималарининг шикастланиши каби жароҳатларни олган.

Ваколатли органлар аёллар қолиб, забардаст эркаг-у аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган тадбиркорнинг ҳуқуқини ҳимоя қилаётгани ғоят кулгили. Улар аслида масалани чуқурроқ ўрганиб кўрган ҳолда омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудудига юк машиналари кириб-чиқиши учун мавжуд бўлган, бироқ ёпиб қўйилган 4-5 та йўлни очиб бериш чораларини кўриш керак эмасмиди?

Воқеалар кетма-кетлигига эътибор қаратилса, бу ишдан босим, тазйиқ ва таъқибнинг “иси” келаётганини сезиш қийин эмас: кўчасини хавфдан ҳимоя қилмоқчи бўлган аёлларнинг ўзи айбдорга чиқарилган, ишдаги учинчи томон – омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудуди раҳбари эса четда қолган. Гўёки, шу йўл билан ҳудуд аҳолисининг “оғзи ёпилган” бўлиши мумкин.

Аёлларнинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлаб бўлмайди. Нега ўзларини бундай тутганликларини сўраганимизда, ўша кунги ҳодиса ва вазият уларни қуюшқондан чиқариб юборганлигини, йиллар давомида идорама-идора юриб, ёрдам сўраганларида ҳеч ким уларни тингламаганлиги, ўзлари пул сарфлаб қурган арка тадбиркорнинг биргина мурожаати билан ҳокимлик томонидан бузиб ташланиши алам қилганини айтишди.

Шаҳарнинг янги ҳокими Шавкат Умрзоқов бу масалага шахсан эътибор қаратиб, қўл остидагиларни тийиб қўймаса, ўз уйи ва ўз хавфсизлиги учун курашган ҳимоясиз аёлларнинг ҳуқуқлари узоқ вақт топталишда давом этиши тайин. 

Мавзуга оид