Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда ҳоким ёрдамчиси 5 минг доллар билан ушланди
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ҳоким ёрдамчиси фуқародан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида тезкор тадбир давомида ушланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш йўналишида тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида Яшнобод тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, у тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги турар жой хонадонини нотурар жой тоифасига ўтказишга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали рухсат олиб бериш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига мазкур маблағни талаб қилган.
Терговга қадар текширув давомида ушбу масалани Яшнобод туман ҳокимияти бўлинма раҳбари орқали ҳал қилиш режалаштирилгани аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди. Натижада ушбу мансабдор шахс ҳам 600 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси ҳамда 28, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқароларга бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилиш тавсия этилди. Шахснинг сир сақланиши кафолатланади.
Мавзуга оид
08:34 / 19.06.2026
1400 доллар олган ҳоким ёрдамчиси ушланди
18:20 / 17.06.2026
Давлат хизматчилари учун қамоқхонага экскурсия амалиёти йўлга қўйилди
14:42 / 16.06.2026
Тошкентда ИИО бўлинма бошлиғи жиноятда гумонланиб қўлга олинди
15:13 / 15.06.2026