Ўзбекистон | 18:51 / 08.04.2020
19037
2 дақиқада ўқилади

Франциядан келтирилган 850 туп шафтоли кўчати ёқиш йўли билан йўқ қилинди

Франция давлатидан Ўзбекистонга импорт қилинган 12 300 туп турли мевали дарахт кўчатлари «Хоразм ТИФ»  ЎКЧМ инспекторлари томонидан карантин кўригидан ўтказилиб, Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Марказий карантин лабораториясига экспертиза учун юборилди. 

Лаборатория хулосасига кўра, 850 туп шафтоли (жумладан нектарин) кўчатида «Бўртма нематодаси»  ва «Жануб бўртма нематодаси»  каби зарарли организмлар мавжудлиги аниқланди.

Бўртма нематодалар (Meloidogyne ) – ўсимликларда паразитлик қилувчи нематодалар оиласига киради. Улар турли ўсимликларнинг ер остки қисмида паразитлик қилиб, шиш (бўртма) ҳосил қилади. Айниқса, помидор, бодринг, сабзи, пиёз, ғўза экинлари, гилос, ўрик ва бошқа турдаги мевали дарахтларни кучли зарарлайди. Айни пайтгача дунё бўйича бўртма нематодалар билан 2 минг турга яқин турли оилага мансуб маданий ва ёввойи ўсимликлар зарарланиши аниқланган бўлиб, бу ҳолат йил сайин ортиб бормоқда. Бўртма нематода нафақат мавжуд ҳосилни нобуд қилади, балки суғориш, техника ва тупроқ орқали бошқа далаларга ҳам тарқалади.

Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, мамлакатимизга олиб кирилаётган карантин остидаги ҳар бир маҳсулот фитосанитар талабларга тўлиқ жавоб бериши лозим.

Белгиланган қонун талаблари асосида касаллик аниқланган шафтоли кўчатлари «Хоразм ТИФ»  Ўсимликлар карантини чегара маскани инспекторлари ҳамда тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

Шу ўринда айтиш лозимки, тадбиркорлар карантин остидаги ҳар бир маҳсулотни Ўзбекистонга олиб кириши учун карантин рухсатномаси ҳамда экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномасини олиши шарт. Зеро, фитосанитар қоидаларга қатъий амал қилинсагина, мамлакатимиз экинзорлари, боғ-роғлари ҳамда дала майдонлари зарарланишининг олди олинади.

Тайёрлаган:  Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид