Ўзбекистон | 14:22 / 03.01.2026
2725
2 дақиқада ўқилади

Корхоналар ҳар йили 10 млн туп кўчат экиб, “яшил белбоғ” барпо этади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш, республикада яшиллик даражасини ошириш ва янги яшил ҳудудлар барпо этиш бўйича қатор мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасига кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси экологик муаммолар таъсирини камайтириш, шаҳар ва ҳудудлар микроклиматини яхшилаш ҳамда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантириш мақсадларига хизмат қилиши кутилмоқда. Лойиҳада дарахт экиш билан бирга, ҳар бир экиладиган дарахтни парвариш қилиш ва суғориш тизимини йўлга қўйишга ҳам урғу берилган.

Лойиҳада белгиланган асосий мақсадлар қуйидагича:

  • ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиб бориш ва экиладиган ҳар бир дарахтни парвариш қилиш ҳамда суғориш тизимини яратиш;
  • республикада яшиллик даражасини, шу жумладан шаҳарлар ҳудудининг яшил майдонлар билан қопланишини 30 фоизга етказиш;
  • республика ҳудудларида яшил боғлар сонини 1023 тага етказиш;
  • атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган корхоналар томонидан ўз ва туташ ҳудудларда ҳар йили 10 миллион туп кўчат экиб, “яшил белбоғ”лар барпо этиш;
  • Тошкент шаҳрида 4450 гектар янги яшил майдонларни барпо этиш.

Лойиҳага кўра, бу чоралар нафақат кўкаламзорлаштириш кўламини кенгайтириш, балки дарахтлар яшовчанлигини таъминлайдиган суғориш ва парвариш инфратузилмасини шакллантириш орқали “Яшил макон” ташаббусининг самарадорлигини оширишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид