Қайси омиллар кўчатнинг ўсишдан тўхташига сабаб бўлади?

Кўчатларнинг қуриш сабаблари биологик, агротехник, экологик ва патоген факторлар билан узвий боғлиқ. Ташиш ва сотиш жараёнларида кўчатлар илдиз қисми совуқ ҳаво, қуёш нури ҳамда шамолдан зарарланиб, экилганидан сўнг кўкармаслиги мумкин.

Янги ниҳоллар фотосинтез жараёни учун кўпроқ қуёш нурини талаб қилади. Ёруғликнинг камлиги фотосинтезни сустлаштиради ва ўсишни секинлаштиради. Мева кўчатлари яхши ўсиши учун унга кунига камида 6-8 соат тўғридан-тўғри қуёш нури тушиши керак. Масалан, олма, гилос ва шафтоли дарахтлари қуёшли жойда яхши ўсади ва ёруғлик етарли бўлиши мева бериш учун зарур қувватни тўплашга кўмаклашади.

Бироқ ортиқча қуёш нури ниҳол ҳужайраларида сув йўқотиш жараёнини тезлаштиради. Калифорния қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурслар университети томонидан ўтказилган тадқиқотларда сувсизланиш ниҳолларнинг қуришига асосий сабаб сифатида кўрсатилган.

Шунингдек, суғоришнинг ортиқча бўлиши ҳам илдизларда кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради ва чириш жараёнини тезлаштиради. Тупроқ тахминан 5-10 см чуқурликда нам бўлса, бу етарли суғорилганликни кўрсатади, қуруқроқ бўлса, кўчатга қўшимча сув қуйиш керак. Суғоришдан кейин тупроқнинг сувни қанчалик тез ютишини кузатиш зарур, агар сув тез сингиб кетса ва ер яна қуруқроқ кўринадиган бўлса, кўпроқ суғориш талаб этилади. Кўчатнинг барглари сўлиб ёки тушиб қолса, бу илдизга етарли миқдорда сув етиб бормаётганининг белгиси бўлиши мумкин. Тупроқ намлигини ўлчаш учун махсус асбоблар ҳам мавжуд. Ушбу қурилмалар тупроқнинг намлик даражасини аниқ кўрсатиб, қанча суғориш кераклиги ҳақида маълумот беради.

Ернинг физик-кимёвий хусусиятлари ниҳоллар ўсишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Хусусан, янги кўчатлар ҳаводор ва яхши дренажланган тупроқда қулай ўрнашади. Тупроқнинг енгил ва қумли тузилиши илдизларнинг ер остида чуқурроқ ва кенгроқ жойлашишига имкон яратади. Сув ўтказмайдиган ёки саз тузилишдаги(ёпишқоқ) тупроқлар илдизлар зарарланишини тезлаштиради.

Ниҳоллар экилгандан кейин биринчи ҳафтадаги ҳарорат баланси уларнинг ўсишида муҳим саналади. Ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ ҳаво ҳам кўчатларнинг қуришига сабаб бўлади. Масалан, 10°C дан паст ва 35°C дан юқори ҳарорат ниҳолларда стресс ҳолатини келтириб чиқаради. Бу кўчатларнинг физиологик ва биологик жараёнида бузилишлар юзага келиши бўлиб, унинг натижасида ниҳоллар ўсиши секинлашиши, ҳужайра структураси ўзгариши ва қуриб қолиши мумкин.