Ўзбекистон | 19:30 / 06.02.2021
27819
2 дақиқада ўқилади

Давлат бошқаруви ходимлари сони 15 фоизгача оптималлаштирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, 2021 йил 1 мартга қадар Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги Олий Мажлис палаталари билан келишув асосида давлат бошқаруви органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади.

Лойиҳага кўра, қуйидаги ишлар алмаштирилади:

  • бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар, бюрократик тўсиқлар ва мажлисбозликни қисқартириш;
  • вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш жараёнларини соддалаштириш;
  • рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан иш жараёнларини оптималлаштириш;
  • юқоридаги чоралар натижасида давлат бошқаруви ходимлари сонини меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда ўртача 15 фоизгача оптималлаштириш;
  • вазирликларда фаолиятни туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириш тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 мартга қадар Ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ушбу лойиҳага кўра:

  • давлат бошқарувини номарказлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асосларни шакллантириш ва уларни такомиллаштириш;
  • вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони, маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш;
  • қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаблар, замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш, малакасини оширишнинг аниқ тизимини жорий этиш назарда тутилади.

Мавзуга оид