Ўзбекистон | 18:38 / 06.05.2021
4772
2 дақиқада ўқилади

Чет тиллари бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган мактаблар учун Президент соврини таъсис этилади

Мактабларнинг чет эл мутахассисларини жалб қилиш харажатлари маҳаллий бюджетдан, олийгоҳларда эса ўзининг жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Ихтисослашган мактабларга хориждан мутахассислар жалб этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев чет тилларини ўқитишни такомиллаштиришга бағишланган видеоселекторда маълум қилди.

«Бир ой муддатда ҳар бир ихтисослашган мактабга хорижий, айниқса Осиё давлатларидан камида 2-3 нафардан, олийгоҳларга эса камида 5 нафардан тил эгаси бўлган малакали ўқитувчиларни жалб қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиш лозим.

Мактабларнинг чет эл мутахассисларини жалб қилиш харажатлари маҳаллий бюджетдан, олийгоҳларда эса ўзининг жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, вилоят ҳокимлари кейинги ўқув йилидан бошлаб ҳар бир туманда танлов ўтказиб, камида 2 нафардан инглиз тили ва 1 нафардан бошқа чет тили ўқитувчилари хорижда малака оширишини йўлга қўйсин. Қўшма корхоналаримиз бор, ҳамкорларимиз, уларга таклиф киритилса рози бўлишади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб чет тиллари бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган мактабларни рағбатлантириш учун Президент соврини таъсис этилади.

Бунда, туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида мактаблар ўртасида мусобақалар ўтказилади.

Туман ва шаҳар босқичида 1-ўринни олган мактаб 100 миллион сўм, 2-ўрин –75 миллион сўм, 3-ўрин – 50 миллион сўмдан мукофотланади.

Вилоят босқичида 1-ўрин – 250 миллион сўм, 2-ўрин – 200 миллион сўм, 3-ўрин – 150 миллион сўмдан тақдирланади.

Республикадаги энг яхши мактаб 500 миллион сўм, 2-ўриндаги – 400 миллион сўм, 3- ўриндаги – 300 миллион сўмдан рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, ушбу мактабларнинг директорлари ва чет тили фани ўқитувчилари давлат мукофотларига ҳам тавсия этилади. 

Мавзуга оид