Ўзбекистон | 13:50 / 27.07.2019
63126
5 дақиқада ўқилади

Хоразмда Уйи бузилган одамлар Урганч-Хонқа йўлини тўсиб қўйди – вилоят ҳокими 10 августгача муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди

2019 йил май-июнь ойларида Хоразм вилояти, Урганч шаҳри Ашхобод кўчасидаги ерларни давлат эҳтиёжи учун қайтарилиши муносабати билан бузиб олиш ва одамларни кўчириш ишлари бошланди.

Урганч шаҳрининг бош режасига асосан Ашхобод маҳалласи саноат минтақаси ҳудуди ҳисобланади. Бу ерга 50-60 йил аввал аҳоли кўчиб келиб, уй-жой қуриб, ўрнашиб қолган. Ҳозирда 400га яқин хонадонда яшовчи аҳолининг уй-жойлари бузиб олиниб, Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғидан ер ажратиб берилган ва тўлиқ кўчириб юборилган.

Бироқ, хонадон эгаларининг баъзиларига компенсация пули қисман бўлса-да берилмади. Натижада, аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида катта можаро келиб чиқди. Бу ҳақда «Очиқ осмон остида яшаётган хоразмликлар. Шаҳар ҳудудида «снос» ишлари авжига чиқмоқда» деган мақоламизда ёритган эдик.

26 июль куни Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва далада палатка ва чартак (капа) қуриб яшаётган, аммо 1-2 ойдан бери компенсация пулини ололмаётган аҳолининг сабр косаси тўлган. Шу куни соат тахминан 21:00да улар Урганч – Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсишди.

Натижада, бир неча соат давомида катта қатнов йўлидан автомобиллар ҳаракати тўхтаб қолди.

Можаронинг келиб чиқиши компенсация пулининг берилмаслиги, берилса ҳам унинг миқдори жуда оз бўлгани билан боғлиқ. Гап шундаки, 26 июль куни Миллий Банк томонидан бу фуқароларга компенсация пули тарқатила бошлаган. Бироқ, унинг миқдори келишув шартномасида кўрсатилган қийматнинг атиги 8 фоизи экани маълум бўлганидан сўнг, аҳоли орасида норозилик кайфияти кучайган. Чунки фуқаролар ва Урганч шаҳар ҳокимлиги ўртасида тузилган келишув шартномасида компенсация пули икки қисмга бўлиниб (50 фоиздан) тўланиши белгиланган эди.

Компенсация пулининг дастлабки қисми жуда оз миқдорда экани одамларни норози қилган. Улар Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаевнинг келишини, келишув шартномасига амал этишини талаб қила бошлаганлар. Тартибсизликлар натижасида қурилиш кетаётган ҳудудда ўрнатилган ва бўш турган бир неча палаткалар бузиб ташланган. Шундан сўнг, Урганч – Хонқа йўлининг бир қисми одамлар томонидан тўсилган.

Шундан сўнг Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов воқеа жойига етиб келди. У аҳолини тинчлантириб, 27 июль куни эрталаб соат 8-00да шу жойнинг ўзида ишчи гуруҳини тузиб, аҳоли вакиллари билан музокара ўтказиб, муаммоларнинг ечимини топишга ваъда берганидан сўнг одамлар тарқала бошлади. Соат тахминан 23:30да Урганч – Хонқа йўли очилди ва транспорт воситаларининг ҳаракати тикланди.

Қайд қилиш жоизки, воқеа жойида бу ишларга алоқаси бўлмаган такси ҳайдовчиси моддий тарафдан жабрланди. Унинг автомашинасига номаълум шахслар томонидан зарар етказилди. Шунингдек, ёши улуғ кексалардан бир неча нафарининг қон босими ошиб кетган, уларга шу жойда тиббий ёрдам кўрсатилди. Жисмонан жабрланганлар бўлмади.

27 июль куни Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ваъда қилганидек эрталаб соат 8-00да Чондирқиёт қишлоғига келиб, аҳоли билан учрашди, уларнинг муаммоларини тинглади ва ишчи гуруҳини тузди.

Вилоят раҳбарига пешвоз чиққан одамлар ўз муаммоларини баён қилишди. Хусусан, ер ажратиш ва компенсация миқдорини белгилаш жараёнида адолатсизлик қилингани, уйда яшовчи оилалар сони эътиборга олинмагани, компенсация пулидан маълум қисми ушлаб қолингани, шу пайтгача пул берилмагани, уй-жойлар шошма-шошарлик билан бузиб ташлангани, натижада одамлар ўз уйидан чиққан қурилиш материалларини олиб чиқиб кетолмаганини, 2 ойдан бери очиқ осмон остида яшаб, совуқ кунлар яқин қолишига қарамай, ҳанузгача уй-жойларини тиклаб олишга имкон тополмаётганидан шикоят қилишди.

Фарҳод Эрманов ҳар бир хонадон вакили билан учрашиб, ажратилган ернинг миқдоридан норози бўлганларга, ногиронлиги бор шахсларга, ҳомиладор аёллари бор оилаларга қўшимча ер ажратиш, компенсация пулидан 10 фоиз миқдоридаги маблағни ушлаб қолинишини бекор қилиш ҳақида кўрсатма берди.

Бундан ташқари, 27 июль куни 5 миллиард сўм миқдорида компенсация пули рўйхат бўйича тарқатилиши, 1 августгача яна 15 миллиард сўм берилиши, натижада ҳамма 50 фоиз миқдоридаги компенсация пулини олиши, 10 августгача эса барча хонадон эгалари билан компенсация миқдори 100 фоиз ҳисоб-китоб қилиниши ҳақида ваъда берди.

Шунингдек, уй-жой қуриш учун цемент ва шағал тошни бозор нархидан 10 фоиз арзон қилиб берилиши, қумни ва ишчи кучини эса бепул берилишини айтди.

Умид қиламизки, Хоразм вилояти ҳокимлиги муаммоларни бартараф қилиш бўйича берилган барча ваъдаларни бажаради ва одамларни рози қилади. Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Мавзуга оид