Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венесуэла армияси АҚШ ҳужумига қарши тура оладими?
АҚШ ҳарбий денгиз флотининг «Жералд Форд» авиаташувчиси Лотин Америкаси сувларида пайдо бўлиши Қўшма Штатлар ва Венесуэла ўртасидаги кескинлик кучайишида бурилиш нуқтаси бўлди.
Фото: Getty Images
Минтақада Америка бундай миқёсдаги иштироки 1989 йил АҚШ Панамага бостириб кирганидан бери кузатилмаганди.
Ўшанда, 30 йилдан ортиқ вақт муқаддам, Мануэл Норега гиёҳвандлик моддалари савдосида айбланганди, ҳозир эса худди шундай айблов Венесуэла президенти Николас Мадуро манзилига билдирилмоқда, унинг ўзи эса буни қатъиян рад этмоқда.
Вашингтон Венесуэла қирғоқларига дунёдаги энг кучли ва замонавий авиаташувчини юборган бўлса-да, ўз ниятларини ошкор қилмади. Бироқ Каракас энг ёмон сценарийга тайёрланишни бошлаган.
Хусусан, Венесуэла мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес Мадуро ҳукуматига таҳдидга қарши курашиш учун бутун мамлакат бўйлаб қуруқлик, денгиз, ҳаво ва ракета қўшинлари, шунингдек, тинч аҳоли орасидаги кўнгиллилар кенг миқёсда сафарбар этилишини эълон қилди.
Падрино Лопес телевидение орқали қилган мурожаатида ушбу қарама-қаршилик доирасида Мадуро 200 мингга яқин ҳарбий хизматчини сафарбар қилишга буйруқ берганини маълум қилган.
Америкалик «суперавиаташувчи»нинг келиши АҚШ президенти Доналд Трампнинг Венесуэлада фаолият юритаётган наркокартелларга қарши ҳарбий кампаниясининг авж олиши сифатида баҳоланмоқда. Ушбу кампания аллақачон тезюрар катерлар ва оғир юк ташиш кемаларига зарбалар берилиши оқибатида 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлишига олиб келди.
Бироқ, баъзи таҳлилчилар фикрича, бу қадам АҚШнинг Мадурони заифлаштириш ёки ҳатто ағдариш бўйича кенг кўламли режасининг элементи бўлиши мумкин. Вашингтон ўтган йилги президентлик сайловлари мухолифат ва халқаро кузатувчилар томонидан сохталаштирилган деб топилганидан кейин унинг ҳукуматини ноқонуний деб ҳисобламоқда.
«Аввалгиларнинг сояси»
Мадуро қўшини дунёнинг энг қудратли армиясининг ҳужумига дош бера оладими?
Сентябр ойида Мадуро 8 миллиондан ортиқ одам Венесуэла ҳимоячилари сафига ёзилганини айтди ва бу кўнгиллиларни қуроллантириши мумкинлигига ишора қилди.
Аммо экспертлар буни ошириб кўрсатилган рақам деб ҳисоблайди.
«Бу тўғри эмас. Ҳақиқий рақамлар анча камроқ. Мадуро ҳатто тўрт миллион кишини ҳам йиға олмайди. Қолаверса, армияда дезертирлик даражаси жуда юқори», – дейди АҚШнинг Боготадаги собиқ юқори мартабали дипломати (2020-2023) Жеймс Стори BBC учун интервюда.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) маълумотига кўра, Венесуэла қуролли кучлари ихтиёрида 123 минг нафар амалдаги ҳарбий хизматчилар, 220 мингга яқин кўнгиллилар ва 8 минг нафар захирадагилар бор.
Сторининг сўзларига кўра, венесуэлалик ҳарбийлар деярли машғулот ўтказмайди ва техникаларга хизмат кўрсатиш билан деярли шуғулланмайди, Чавеснинг кўплаб кўнгиллилари эса қуролланмаган.
«Армияда бир нечта жанговар бўлинмалар бор бўлиши мумкин, лекин улар жанговар куч сифатида унчалик малакали эмас», – дейди Стори.
Унинг сўзларига кўра, Венесуэла қуролли кучлари бугунги кунда «аввалги ҳолатнинг сояси» холос, шу билан бирга, у мамлакатда ҳали ҳам «минтақа учун ноёб бўлган айрим ресурслар» борлигини тан олади.
Улар орасида 2006 йилда Уго Чавес даврида Россиядан сотиб олинган «Сухой» русумли 20 га яқин қирувчи самолётлар, шунингдек, Каракас Вашингтоннинг минтақадаги асосий иттифоқчиси бўлган 1980-йилларда сотиб олинган ўндан ортиқ F-16 самолётлари бор.
«Россиянинг „Сухой“лари – минтақадаги энг яхшилари ва улардан бир қисми ҳозир ҳам фойдаланишда. F-16’ларга келадиган бўлсак, ўйлайманки, улардан бир-иккитаси ҳозир ҳам уча олади», – дея қайд этган Стори.
Зенит ракеталар ва дронлар
Октябр ойи охирида Мадуро АҚШ билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Венесуэла Россиянинг беш мингта «Игла-С» кўчма зенит-ракета мажмуаларини «ҳаво ҳужумидан мудофаанинг асосий нуқталари»га жойлаштирганини эълон қилганди.
«Дунёдаги ҳар қандай армия „Игла-С“нинг қудрати нима эканини билади», – деганди Мадуро ҳарбий тадбирлардан бирининг телевизион трансляцияси чоғида.
«Игла-С» – бу қанотли ракеталар, дронлар, вертолётлар ва пастлаб учадиган самолётларни уриб туширишга қодир бўлган яқин масофали кўчма ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими.
Шунингдек, Венесуэла Хитой томонидан ишлаб чиқарилган VN-4 зирҳли машиналарига эга ва сўнгги йилларда Жанубий Американинг зарбдор дронлар билан қуролланган ягона давлатига айланди. Николас Мадуро уларни 2022 йилги ҳарбий парадда намойиш этган.
Венесуэла, шунингдек, Эрондан кемага қарши ракеталарни учириш мосламалари билан жиҳозланган Peykaap-III тезюрар зарбдор катерларини сотиб олган.
Венесуэлада ишлаб чиқилган Antonio José de Sucre 100 ва 200 (ANSU-100 ва ANSU-200) дронлари Эрон моделларининг такомиллаштирилган версиялари ҳисобланади.
Бундан ташқари, ОАВ маълумотларига кўра, ушбу мамлакат Россиянинг «Панцир-С1» ва «Бук-М2Э» зенит-ракета комплексларини сотиб олган, россиялик депутат Алексей Журавлевнинг сўзларига кўра, улар яқинда Ил-76 транспорт самолётларида Каракасга етказилган.
Ё ишламайди ёки осонлик билан зарарсизлантирилиши мумкин
«Венесуэланинг даъволарига кўра мавжуд бўлган ва амалда ишлаётган нарсалар ўртасида катта фарқ бор», – дейди 100 дан ортиқ тадқиқот марказларини бирлаштирган Иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар минтақавий мувофиқлаштириш маркази (CRIES)нинг ташқи сиёсат ва мудофаа бўйича эксперти Андрей Сербин Понт.
Венесуэла ҳудудига тўғридан тўғри зарбалар берилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида унинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига қизиқиш сезиларли даражада ошди.
Бироқ Сербин Понтнинг BBC’га айтишича, бу тизимнинг аксарияти – масалан, Россиянинг 1960-йилларда ишлаб чиқилган «Печора» зенит-ракета тизимлари – ё ишламайди, ёки Америка технологиялари билан осонгина зарарсизлантирилиши мумкин.
Партизанлар уруши
Кўплаб таҳлилчилар фикрича, Мадуро ва унинг атрофидагилар партизанлар урушига тайёргарлик кўрмоқда.
Сентябр ойида Венесуэла ички ишлар вазири Диосдадо Кабело мамлакат узоқ давом этадиган урушга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирди.
Кўп ўтмай, Мадуро ҳукумати Венесуэла Миллий Боливар қуролли кучлари (FANB) аскарларига қашшоқ жамоалардаги кўнгиллиларни қурол ишлатишга ўргатишни буюрди.
Аммо Стори венесуэлаликлар АҚШ ҳарбий операция бошлаган тақдирда, Мадурони қўллаб-қувватлашига шубҳа билан қарайди.
«Мадуро на армия, на аҳоли орасида машҳурликка эга, шунинг учун одамлар унга эргашади ёки партизан урушида уни қўллаб-қувватлайди, деб ўйламайман», – дейди Стори.
Гарчи Венесуэла ҳукумати ўзининг Америкага қарши жанговар риторикасини тобора кучайтираётган бўлса-да, Сербин Понт Венесуэла қуролли кучлари Қўшма Штатлар билан ҳақиқий тўқнашувга тайёр эмаслигини айтмоқда.
«Қўшни давлатлардан бирортаси – Колумбия ёки Бразилия билан зиддият юзага келган тақдирда – Венесуэланинг қурол тизимлари катта фойда берган бўларди. Бироқ АҚШ учун улар жиддий хавф туғдириши даргумон», – дея изоҳ беради у.
Мавзуга оид
21:07 / 30.03.2026
Ўзбекистон Венесуэлани мағлуб этиб, халқаро турнир ғолиби бўлди
11:48 / 19.03.2026
Мадуронинг сафдоши Венесуэла Мудофаа вазирлигини бошқаришдан четлатилди
11:56 / 15.03.2026
Кубада энергетик инқироз: намойишчилар Компартия офисига ҳужум қилди
13:01 / 07.03.2026