Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар 10 ойда 15,8 млрд доллар пул юборди
Ўзбекистон президенти ташқи меҳнат миграцияси бўйича таклифларни маъқуллади. Унга кўра, хорижда ишлаш ниятидаги шахсларни бунга тайёрлаш билан шуғулланувчи марказлар кўпайтирилади. Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси бўйича келишувларни ҳам кўпайтириш чоралари кўрилади. Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари сонини ошириш, миграция хизматларини рақамлаштириш ҳам кўзда тутилмоқда
Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев президентга тақдимот қилмоқда.
18 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёевга ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш юзасидан ахборот берилди.
Йиғилишда маълум қилинишича, 2016 йилга нисбатан чет элда ишлаётган фуқаролар сони камайган бўлса-да, улар томонидан юборилган маблағ 3,8 миллиард доллардан 2025 йилнинг ўн ойи якунида 15,8 миллиард долларга етган.
Тақдимотда хорижий меҳнат бозорида малакали мутахассисларга катта талаб борлиги қайд этилди. Ҳозир 140 минг нафар мутахассисга буюртма мавжуд, аммо тил ва касбий малака бўйича талабларга жавоб бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш борасида қилинадиган ишлар ҳали кўп. Хусусан, меҳнат миграцияси хизматлари тарқоқ бўлгани учун одамлар овора бўлмоқда.
Шу мақсадда соҳадаги хизматларни тартибга солиш, барча жараёнларни “ягона дарча” тамойили асосида бирлаштириш вазифаси қўйилди.

Тошкент шаҳри Учтепа туманида Хорижга ишга тайёрлаш маркази, Термиз шаҳрида Ягона миграция хизматлари маркази ташкил этилади.
Пойтахтнинг Яшнобод туманида эса халқаро компаниялар билан ҳамкорликда немис ва япон тилларига ўқитиш мактаблари очилади.
Сўнгги йилларда Европа мамлакатларига миграция оқими 4 баробар кўпайгани таъкидланди. У ерда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Айни пайтда қатор Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси бўйича келишувлар мавжуд эмас. Президент томонидан тегишли ҳукуматлараро ҳужжатларнинг имзолаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, хорижий давлатларда миграция бўйича атташе ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарини кўпайтириш, мамлакатимиз ҳудудларида эса виза марказларининг кўчма офисларини очиш режалаштирилган.

Тақдимотда миграция хизматларини рақамлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
“Хорижда иш” платформасида 25 турдаги хизмат тақдим этилмоқда, жорий йил бошидан буён 524 минг фуқаро онлайн хизматлардан фойдаланган. Лекин хизматларнинг барчаси ҳам рақамлашмаган.
Президент тизимга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этди. Платформада биометрик идентификация, хориждаги иш ўринларини реал вақт режимида кузатиш, фуқароларга масофавий маслаҳат беришни йўлга қўйиш бўйича режалар ҳақида ахборот берилди. Миграция агентлигида фуқароларга тун-у кун тезкор ёрдам берадиган ситуацион марказ ташкил этиш таклиф қилинди.
Тақдимотда ноқонуний миграция ва консалтинг хизматлари кўрсатишда фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида халқаро аэропортларда интерактив миграция инфокиоскларини ўрнатиш, лицензиясиз фаолиятни амалга оширган консалтинг ташкилотлари учун жарима миқдорини ошириш таклиф қилинди. Жиноят кодексига ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва кўмаклашиш учун жавобгарлик киритиш масаласини ўрганиш топширилди.
Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, меҳнат миграцияси жараёнларини янада қулай, хавфсиз ва шаффоф қилиш бўйича мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.
Мавзуга оид
15:22 / 07.01.2026
Жапаров Қирғизистон ва Тожикистон ярашишида Шавкат Мирзиёевнинг ўрни катта бўлганини айтди
18:53 / 05.01.2026
Тўқаев МДҲ давлатлари президентлари қандай спорт тури билан шуғулланишини айтди
00:07 / 01.01.2026
Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни янги йил билан табриклади
18:32 / 30.12.2025