2025 йилда Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмаларининг кириб келиши 18,9 млрд долларни ташкил қилди. Бу 2024 йилга нисбатан 4,1 млрд долларга ёки 27,7 фоизга кўп.
«2025 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг ўсишига, меҳнат муҳожирлари ишлайдиган мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан барқарор даражада сақланиб қолиши билан бир қаторда улардаги иқтисодий фаолликнинг ошиши ҳамда миллий валюта курслари мустаҳкамланиши ҳам таъсир қилди», дейилади МБ хабарида.
Ўтган йилда трансфертлар ҳажми Буюк Британиядан 39 фоизга, Европа Иттифоқи мамлакатларидан 37 фоизга (Ирландия 2,6 баробар, Хорватия 2,5 баробар, Словакия 67 фоиз, Литва 57 фоиз, Нидерландия 49 фоиз, Полша 9 фоиз), АҚШдан 15 фоизга ҳамда Жанубий Кореядан 15 фоизга кўпайган. Бу эса миграция географияси кенгаяётганини кўрсатади.

Ўтган йилда ҳам Ўзбекистонга амалга оширилган пул ўтказмаларининг асосий қисми Россиядан келиб тушган. Ушбу мамлакатнинг умумий трансфертлардаги улуши 80 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Марказий банк аниқ рақамларни очиқламаган. Ўз навбатида, 2022-2025 йиллар оралиғида трансфертлар Қозоғистондан 24,5 фоизга, АҚШдан 50 фоизга, Жанубий Кореядан 2,1 баробарга, Туркиядан 2,5 баробарга, Европа Иттифоқи мамлакатларидан 2,4 баробарга кўпайган.
2017-2025 йиллар оралиғида Ўзбекистонга амалга оширилган пул ўтказмалари динамикасининг ўзгариши

2020-2025 йиллар оралиғида мамлакатга юборилган ўтказмалар миқдори 3 баробарга, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 8,6 фоиздан 12,8 фоизгача кўпайди.
Иш ҳақи дифференциацияси
Миграция қарорларининг асосий иқтисодий драйверларидан бири қабул қилувчи ва юборувчи мамлакатлар ўртасидаги иш ҳақи фарқидир. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, энг юқори ўртача иш ҳақи даражалари Европа (Швейцария, Германия, Нидерландия), Шимолий Америка (Канада ва АҚШ), шунингдек, Австралия, Япония ва Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларда қайд этилган.













