Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон президенти ҳужумга учраган қўшни давлатлардан узр сўради
Масъуд Пизишкиён Муваққат раҳбарият кенгаши қарорига кўра, агар ўз мамлакатига ҳужум қилинмаса, Эрон ҳам қўшни давлатларга ҳужум қилмаслиги ва ракета учирмаслигини айтди.
Фото: Majid Saeedi / Getty Images
Пизишкиён давлат телевидениеси орқали намойиш этилган телемурожаатида ўз мамлакати хавфсизлик сиёсати ҳақида баёнот берди ва ҳужумга учраган қўшни давлатлардан узр сўради. Anadolu агентлиги унинг сўзларидан иқтибос келтирди.
«Мен ҳужумга учраган қўшни давлатлардан узр сўрайман. Раҳбаримиз, қўмондонларимиз ва талабаларимиз душманнинг ваҳшиёна ҳужумлари туфайли ҳалок бўлди. Қуролли кучларимиз юртимизни шон-шараф ва куч-қудрат билан ҳимоя қилиш учун барча зарур ишларни амалга оширди. Қўшни давлатларга ҳужум қилиш ниятимиз йўқ. Улар бизнинг биродарларимиз ва биз улар билан биргаликда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга интиламиз», деди Эрон президенти.
Пизишкиён Муваққат раҳбарият кенгаши қарорини изоҳлар экан, шундай деди: «Кеча Муваққат раҳбарият кенгаши йиғилишида шундай қарор қабул қилинди: қўшнилардан бизга ҳужум бўлмагунча, улардаги нишонларга зарба берилмайди ва ракеталар учирилмайди».
АҚШ президенти Доналд Трампнинг «Эрон сўзсиз таслим бўлиши кераклиги» ҳақидаги баёноти ҳақида Пизишкиён бу ғоя «улар қабргача олиб юрадиган орзу» эканини айтди.
Шу билан бирга, у АҚШ фойдаланишга уринаётган Ироқ шимолидаги қуролли гуруҳлар ҳақида ҳам маълум қилди.
«Бу имкониятдан фойдаланиб, юртимизга ҳужум қилишни режалаштираётган қўшни мамлакатлардаги гуруҳларга хабар юбораман: АҚШ ва Исроил каби империализмнинг қуроли ва қўғирчоғига айланманг. Бизда келишмовчиликлар ва бир-биримиздан шикоятлар бўлиши мумкин, аммо геноцид сионистик режим ва золим Америка томонидан қўллаб-қувватланадиган бундай ҳаракатлар шарафсизликдир», деб қўшимча қилди у.