Ўзбекистон | 22:01 / 13.07.2022
6171
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда «Музейлар квадрати» ташкил этилади

Президент топшириғига кўра, Ўзбекистонда 9 та янги музей ташкил этилади, шулардан 7 таси Самарқанддаги “Музейлар квадрати”да бўлади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилояти ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Самарқанд шаҳрида “Музейлар квадрати” фаолияти йўлга қўйилади.

“Музейлар квадрати”да “Буюк ипак йўли — Ўзбекистон ва Хитойнинг олтин мероси” кўргазмаси, “Самарқанд — Ўзбекистон ва Россия минтақалари маданиятлари туташуви” кўргазмаси, «Классицизм» музейи, Тарихий фотосуратлар музейи, Заргарлик санъати музейи, Бадиий кўргазмалар зали, “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси филиаллари сифатида анъанавий либослар музейлари фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, Қўқон шаҳрида «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси филиали сифатида Замонавий санъат музейи ҳамда Урганч шаҳрида Ўзбекистон замонавий санъат музейининг филиали сифатида Лазги музейи ташкил этилади.

Қайд этилишича, мақсад, Ўзбекистон санъатининг жаҳон адабий ва маданий муҳитига интеграцияси, музейлардаги тарихий экспонатларнинг ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихида тутган ўрни ҳамда халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий имижини мустаҳкамлаш, музей тўпламларидаги бой тарихий ҳамда маданий меросимизни замонавий санъат платформасида кенг тарғиб қилишдир.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид