Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аляскадаги учрашув, Малидаги ҳарбий тўнтаришга уриниш ва Жанубий Осиёдаги офатлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Натижасиз саммит
Аляскадаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Доналд Трамп ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу Путиннинг 2015 йилдан бери Қўшма Штатларга биринчи ташрифи бўлди, у ва Трамп охирги марта 2019 йилда учрашганди, Украинага босқин бошланганидан кейин у АҚШ раҳбари билан учрашмаганди, унинг олдинги президент Жо Байден билан учрашуви 2021 йил ёзида бўлганди.
Учрашув икки ярим соатдан кўпроқ давом этди. Дастлаб президентлар таржимонлар иштирокида юзма-юз гаплашиши тахмин қилинганди, бироқ музокаралар бошланишидан бироз олдин формат ўзгартирилди – Путин ва Трамп билан бирга музокараларда ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Марко Рубио ва Сергей Лавров, шунингдек, АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф ва Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков иштирок этадиган бўлди.
Кўринишидан ҳеч қандай жиддий келишувларга эришилмаган. Музокаралардан сўнг Путин ва Трамп журналистлар қаршисига чиқиб, ўз баёнотларини ўқиб беришди – РФ президенти саккиз дақиқага яқин, АҚШ президенти тўрт дақиқадан камроқ гапирди.
Путин Трампга меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди, Украинадаги «можаро сабабларини бартараф этиш» зарурлиги ҳақидаги баёнотларини такрорлади ва агар 2022 йилда АҚШда президент Трамп бўлганида, уруш бошланмаган бўлишини айтди.
Трамп эса «ҳали келишувлар йўқлиги», бироқ томонлар «сезиларли тараққиётга эришгани»ни қайд этди ва Путин урушни якунламоқчи эканига яна бир бор ишонч билдирди. АҚШ президенти Путин билан тез орада яна кўришишга умид қилаётганини билдирди, Россия президенти эса инглиз тилида «Next time in Moscow?» деб сўради. Шундан сўнг президентлар журналистларнинг саволларига жавоб бермасдан зални тарк этишди.
Саммит дастури қисқартирилди. Дастлаб президентлар учрашувидан сўнг кенгайтирилган форматда беш кишилик тушлик ўтказилиши керак эди, бироқ у бекор қилинди. Путин матбуот анжуманидан сўнг дарҳол Элмендорф-Ричардсон базасида дафн этилган совет учувчилари қабрига гул қўйиш учун борди, шунингдек, Ситкин ва Аляска архиепископи Алексей билан учрашди. Кўп ўтмай унинг самолёти Россияга қайтиб учиб кетди.
Малида Франция фуқароси ушланди
Малида ҳукмронлик қилаётган ҳарбий хунта мамлакатда давлат тўнтаришига уринишнинг олди олингани ҳамда Франция фуқароси жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинганини эълон қилди.
Ян Кристиан Бернар Визиле Малидаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида Франция фойдасига жосуслик қилишда гумонланмоқда. Визиле Мали ҳукумати томонидан давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айбланган бир гуруҳ ҳарбийлар билан бирга ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганлар орасида икки генерал ҳам бор.
14 август куни миллий телевидение эфирида ўқиб эшиттирилган расмий баёнотда Визиле гўёки «француз разведкаси учун» ишлагани айтилган.
Унинг сурати тўнтаришни режалаштиришда айбланиб ҳибсга олинган армия генераллари фотосуратлари билан бирга телевидение орқали намойиш этилди.
Reuters маълумотларига кўра, мамлакат мудофаа вазирлигининг 30 дан ортиқ аскари ва бошқа мулозимлари ҳибсга олинган.
AFP агентлиги манбаларга таяниб хабар беришича, айни пайтда давлат тўнтаришига уринишда гумон қилиниб, камида 55 нафар ҳарбий ҳибсга олинган. Агентлик маълумотларига кўра, ҳибсга олинганлар орасида Мали собиқ бош вазири Чогел Маига ҳам бор.
Расмийларга кўра, фитначилар 1 август куни ҳаракат бошлаган. Вазирнинг айтишича, ҳибсга олинган ҳарбийлар гўёки хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган.
Вазирнинг сўзларига кўра, Франция фуқароси Малида «сиёсий етакчилар, фуқаролик жамияти вакиллари ва ҳарбий хизматчиларни сафарбар қилган француз разведкаси» топшириғи бўйича ҳаракат қилган.
Малини 2021 йилги давлат тўнтаришидан кейин ҳокимиятга келган президент Ассими Гоита бошчилигидаги ҳарбий хунта бошқармоқда. Хунта раҳбари қўшни Буркина-Фасо ва Нигердаги режим раҳбарлари билан иттифоқ тузган, улар ҳам ҳарбий тўнтаришлар натижасида ҳокимият тепасига келишганди. Шундан сўнг собиқ мустамлакачи Франция билан алоқалар кескин қисқарган ва Россия билан яқиндан алоқалар ўрнатилган. 2022 йилда Франция ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетганди.
Европа Исроил режасига қарши
Исроил молия вазири, «Диний сионизм» партияси етакчиси Бэцалел Смотрич Ғарбий соҳилда янги аҳоли яшаш манзили қурилиши ишларининг бошланишини эълон қилган. Режага кўра, Қуддусдан 7 километр шарқдаги Маале-Адумим яқинида 3401 та янги уй-жой қурилади. Шунингдек, ўн йиллардан бери музлатиб қўйилган E1 номли лойиҳа доирасида қўшни ҳудудда яна 3515 та уй-жой барпо этилиши режалаштирилган.
Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Кая Каллас турар жойлар қурилишига қарши чиқди. У Исроилнинг режаси икки давлат тузиш тўғрисидаги қарорга путур етказишини, бу халқаро ҳуқуқнинг бузилишига олиб келишини таъкидлаган.
«Агар қурилиш амалга оширилса, бу қадам “босиб олинган Шарқий Қуддус ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ўртасидаги географик ва ҳудудий алоқани абадий бузади. Ғарбий соҳилнинг шимолий ва жанубий қисмлари ўртасидаги алоқани узиб қўяди», дея огоҳлантирди у.
Европа Иттифоқи яна бир бор Исроилни аҳоли пунктлари қуришни тўхтатишга чақирган. Ушбу «бир томонлама қарорлар» шусиз ҳам кескин вазиятни янада кескинлаштириши, шунингдек, тинчликка эришишнинг ҳар қандай имкониятига путур етказиши таъкидланган.
Германия ҳам Исроилнинг аҳоли пунктларини қуриш режаларини қоралади. Германия ташқи ишлар вазирлиги вакили аҳоли пунктлари қурилиши халқаро ҳуқуқ ва БМТ хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюцияларини бузиши, бу икки томонлама келишувга эришишни ва Халқаро жиноий суд талаб қилганидек, Ғарбий соҳилдаги Исроил оккупациясини тугатишни қийинлаштиришини эслатган.
Ҳиндистон ва Покистонда табиий офатлар
15 август куни Покистонда кучли муссон ёмғири юзага келтирган сел ва кўчкилар оқибатида камида 160 киши вафот этган.
Покистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили Анвар Шаҳзоднинг сўзларига кўра, ўлим ҳолатларининг 110 таси тоғли Хайбер-Пахтунхва вилоятига тўғри келади, яна 60 киши жароҳатланган.
Agence France-Presse эълон қилган кадрларда Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда одамлар лой босган тепаликни ковлаётгани ва одамларни қидираётгани акс этган.
Ҳиндистоннинг Кашмир минтақасида ҳам кучли ёмғир ва сел 46 кишининг умрига зомин бўлди, 200 дан ортиқ одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Ҳодиса Киштвар туманидаги Часоти шаҳарчасида, машҳур Мачаил Мата зиёрат йўлида юз берган. Сел оқими зиёратчилар учун қурилган жамоат ошхонасини ва хавфсизлик пости жойлашган ҳудудни ювиб кетган. Бу вақтда кўплаб зиёратчилар тушликка йиғилганди.
Ҳодиса жойига полиция, қутқарув хизматлари, армия ва ҳаво кучлари жалб этилган. Қутқарув ишлари давом этмоқда.
Ҳиндистон метеорология хизмати сел тоғли ҳудудларда тўсатдан кўчки ва вайроналарга олиб келганини билдирган. Шу боис Кашмирнинг бир нечта ҳудудларида, жумладан, Киштварда аҳолига хавфли иншоотлар, электр устунлари ва эски дарахтлардан узоқда бўлиш тавсия қилинмоқда.
Покистонда байрам қурбонлари
Покистонда 14 август куни Мустақиллик куни нишонланиб, ҳавога ўқ узилиши ва мушакбозлик оқибатида 3 киши, жумладан, 7 ёшли қизча ҳалок бўлди, яна 109 нафар одам жароҳатланди.
Ҳодиса 14 август куни Карачининг турли ҳудудларида юз берган. Хусусан, Азизобод округида 7 ёшли қизга осмонга отилган ўқлардан бири келиб тушган, у воқеа жойида вафот этган. Коранги туманида 35 ёшли эркак, Калрида эса 70 ёшли киши уйининг ташқарисида ўқ тегиб, ҳалок бўлган.
Турли манбаларга кўра, биргина Карачининг ўзида 109 нафар одам ўқдан жароҳатланган. Ярадорлар шаҳар шифохоналари ва хусусий клиникаларга жойлаштирилган. Полиция рейдлар давомида 33 нафар гумонланувчини қўлга олган ва улардан замонавий қуроллар ҳамда ўқ-дориларни мусодара қилган. Ушбу ҳодисалар бўйича жиноят ишлари очилган.
Покистон 1947 йил 14 августда Британия мустамлакасидан озод бўлган. Шундан буён мамлакат ҳар йили Мустақиллик кунини ҳарбий парадлар ва маданий тадбирлар билан нишонлаб келади.
Ва деярли ҳар йили Мустақиллик куни шундай фожиалар билан якунланади. 2024 йилда бундай отишмаларда 95 киши, ундан олдинги йили эса 80 киши яраланганди.
Мавзуга оид
16:06
Трампга ваъда берган Путин, Тайван атрофида машғулот бошлаган Хитой ва яна ракеталар учирган Ким – кун дайжести
13:59 / 27.12.2025
Ғарбий соҳилдаги зўравонлик, Хитойнинг АҚШ компанияларига санкцияси ва Беларусга жойлаштирилган «Орешник»лар – кун дайжести
14:35 / 26.12.2025
Нигерияда ИШИДга зарба берган АҚШ, украиналикларнинг Путинга «тилаги» ва Килиманжарода қулаган вертолёт – кун дайжести
14:59 / 25.12.2025