Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ Нигериядаги ИШИД жангариларига зарба берди
АҚШ Нигерия шимоли-ғарбидаги «ИШИД» жангариларига қарши зарба берди. Бу ҳақда 25 декабр куни президент Доналд Трамп ва АҚШ ҳарбийлари маълум қилди.
«Бугун кечқурун менинг кўрсатмам билан АҚШ — Шимоли-Ғарбий Нигерияда асосан бегуноҳ насронийларни нишонга олиб, ваҳшиёна ўлдириб келган ИШИД террорчиларига қарши кучли ва ҳалокатли зарба берди», — деди Трамп.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Африка бўйича қўмондонлигига кўра, зарба Сокото штатида Нигерия расмийлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилган. Reutersʼнинг ёзишича, қўмондонлик дастлаб зарба Нигерия расмийлари илтимосига биноан амалга оширилганини ёзган, бироқ кейин бу баёнотини ўчириб юборган.
АҚШ ноябр охиридан бери Нигериянинг катта ҳудудлари устида разведка маълумотларини йиғиб келган. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет эса бу амалиётларнинг «давоми бўлишини» айтди.
Нигерия Ташқи ишлар вазирлиги зарба АҚШ билан давом этаётган хавфсизлик ҳамкорлиги доирасида амалга оширилганини тасдиқлади.
Нигерия ҳукумати қуролланган гуруҳлар — мусулмонларни ҳам, насронийларни ҳам нишонга олишини айтган. Шунингдек, ҳукумат АҚШнинг Нигерияда насронийлар таъқиб қилинаётгани ҳақидаги даъволарига қўшилмайди. Шу сабабли, Нигерия жангари гуруҳларга қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлгани айтилмоқда.
Путинга тиланган ўлим
Йил якунида украиналикларга анъанавий мурожаат қилган президент Володимир Зеленский ҳамма бу кеча битта тилакка эга эканини — Россия президенти Владимир Путиннинг ўлимини тилашаётганини айтди.
«Рождество кечасида орзунгизни айтсангиз, у албатта, амалга ошади деб ишонамиз. Бугун барчамиз битта орзуни бўлишамиз. «У йўқ бўлсин» ҳар биримиз ичимизда шундай ўйлашимиз мумкин», — деди Зеленский Путиннинг исмини тилга олмасдан унга ишора қилиб.
Зеленский украиналиклар мустақиллик учун урушнинг кетма-кет тўртинчи йилида ҳам ўз ери ва оилаларини ҳимоя қилишда давом этаётганини айтган.
Зеленскийнинг мурожаати АҚШ етакчилигидаги тинчлик келишуви тафсилотлари ошкор қилинган кунга тўғри келди. Унинг айтишича, урушини тугатишга қаратилган бир нечта асосий масалалар бўйича келишув мавжуд. Бироқ Россия максимал талабларини давом эттирмоқда.






