Жаҳон | 14:59
2238
7 дақиқада ўқилади

Исроилга қарши даъвога қўшилган Белгия, Кимнинг атом сувости кемаси ва Москва осмонидаги дронлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроилга қарши халқаро даъволар

Белгия Халқаро жиноий судда Жанубий Африка томонидан очилган, Исроилнинг Ғазо секторида геноцид содир этаётгани ҳақидаги даъво ишига расман қўшилди.

Сешанба куни эълон қилинган баёнотда БМТнинг Ҳаагада олий суди Белгия бу иш бўйича аралашув декларацияси топширганини билдирди. Аввалроқ Бразилия, Колумбия, Ирландия, Мексика, Испания ва Туркия каби бошқа давлатлар ҳам бу жараёнга қўшилган.

Жанубий Африка бу ишни 2023 йил декабрида очган. Унда Исроилнинг Ғазодаги уруши «Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида»ги БМТ конвенциясини бузаётгани таъкидланган.

Якуний қарор йилларга чўзилиши мумкин бўлса-да, ХЖС 2024 йил январида вақтинчалик чоралар белгилаб, Исроил Ғазога ҳуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз кириб келишини таъминлашни буюрган. Ушбу суднинг қарорлари ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий ҳисобланади, бироқ уларни бевосита ижро эттириш механизми мавжуд эмас.

Исроил бу айбловларни рад этиб, ишни танқид қилган. Шунингдек, Исроил суд қарорлари ва ортиб бораётган халқаро танқидларга қарамай, Ғазо ва Ғарбий Соҳилда ҳужумларини давом эттирмоқда. АҚШ ва унинг бир қатор иттифоқчилари эса Исроилга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.

АҚШ бундан ташқари, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга нисбатан ҳибсга олиш ордерлари чиқарган Халқаро жиноий суд аъзоларига қарши санкциялар жорий қилган.

Исроилнинг Ғазода икки йил олиб борган геноцид кўринишидаги уруши оқибатида қарийб 71 минг киши вафот этган.

Кимнинг янги сувости кемаси

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўзининг эҳтимолий вориси бўлган қизи билан бирга сувости кемаси қурилиши ҳамда ер-ҳаво ракеталари синовини кузатди. Ушбу кадрлар КХДР давлат ОАВларида эълон қилинди.

Шарқий соҳил яқинида ўтказилган ракета синови — янги турдаги баланд парвоз қилувчи ракетани баҳолашга қаратилган бўлиб, 200 километр масофада ҳаводаги нишонларни йўқ қилгани айтилмоқда.

Жанубий Корея Бирлашган штаби ракета синови соат 17:00 да бўлиб ўтганини тасдиқлади. Yonhap маълумотига кўра, Жанубий Корея ҳарбийлари учиришга тайёргарликдан хабардор бўлган ва бунга тайёр турган.

Бундан ташқари, Ким бошқа бир ҳудудда 8,7 минг тонналик, ер-ҳаво ракеталарини учира оладиган ядровий двигателли сувости кемаси қурилишини ҳам кўздан кечирган. Ташриф жойи ва санаси махфий бўлган.

Бу сувости кемаси лойиҳаси Шимолий Корея флотини модернизация қилишга қаратилган ҳаракатларининг бир қисмидир. Ким сувости кемаси қурилиш майдончасида ҳам қизи Жу Аэ билан бирга борган.

Етакчининг айтишича, Шимолий Корея тезлаштирилган тартибда бир нечта ҳужумчи эсминецлар ва ядровий сувости кемаларини қурмоқда.

Давлат ОАВ хабарида Ким — Жанубий Корея ва АҚШнинг ядровий двигателли сувости кемасини ишлаб чиқиш режаси уни чора кўришга мажбур қилишини айтган.

Москва осмонидаги дронлар

24 декабр куни Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Москвага йўналтирилган 25 та Украина дронини уриб туширган.

Бу ҳақда хабар берган Москва мэри Сергей Собянинга кўра, дронлар тахминан 23 соатлик вақт оралиғида қайтарилган. Фавқулодда хизматлар дрон бўлаклари ерга тушган жойларни текшираётганини, бироқ ҳеч қандай зарар қайд этилмаганини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлиги эса уч соатлик давр ичида мамлакат бўйлаб Украинанинг 29 та дрони йўқ қилинганини маълум қилди. Улар Москвага йўналган дронларни ҳам ўз ичига олган-олмагани маълум эмас. Бир кун аввал ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари 172 та Украина дронини йўқ қилганини айтганди.

Украина ҳарбийлари эса тунда уларнинг дронлари Туладаги синтетик каучук заводига ҳамда Қримдаги денгиз дронлари учун мўлжалланган омборга зарба берганини айтди.

Шунингдек, Украина Хавфсизлик хизмати Ейск аэродромида Россиянинг денгиз патрул самолёти Ил-38Н нишонга олинган видеосини эълон қилди. СБУга кўра, у Қора денгизда Россия армиясининг шунга ўхшаш ягона машинаси бўлган ва усиз Москва денгиз дронларини ушлаб қололмайди.

Украина Москванинг уруш олиб бориш салоҳиятини издан чиқариш мақсадида Россия ичкарисида ҳарбий, энергетика ва логистика объектларини нишонга олишни кучайтирган.

Хусусан, бир неча кун олдин Москвада Генерал Фанил Сарваров ўлдирилган жой яқинида йўл-патрул хизмати машинаси портлатилди. Россия тергов қўмитаси версиясига кўра, «портловчи қурилма ҳаракатга келтирилиши» оқибатида икки полициячи ва уларга яқин турган шахс ҳалок бўлган.

Нигериядаги масжидда портлаш

24 декабр куни кечки пайт Нигериянинг шимоли-шарқидаги масжидда портлаш содир бўлди.

Гувоҳларнинг ОАВга айтишича, портлаш чоршанба куни соат тахминан 18:00 да Борно штатининг Маидугури шаҳрида содир бўлган. Полиция ҳужум оқибатида етти киши ҳалок бўлганини ва 35 киши жароҳатланганини айтди.

Бу — эҳтимолий худкушлик ҳужуми бўлгани айтилмоқда. Дастлабки тергов натижаларига кўра, воқеа жойидан худкушлик камари бўлаклари топилган. Бироқ аниқ сабаб ва ҳолатларни аниқлаш учун тергов давом этмоқда.

Бу ҳудуд қарийб йигирма йилдан бери Боко Ҳарам ва ИШИДнинг минтақадаги бўлинмалари олиб бораётган қуролли исён марказида бўлган шаҳар ҳисобланади. Лекин ҳужум учун ҳеч бир гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Венесуэлага босим ортмоқда

Оқ уй АҚШ ҳарбийларига камида кейинги икки ой давомида Венесуэла нефтига «карантин» жорий этишга бутун эътиборини қаратишни буюрди. АҚШ расмийларининг Reuters'га айтишича, бу — Вашингтон ҳозирча иқтисодий воситалардан фойдаланишга қизиқаётганини кўрсатади.

«Ҳарбий вариантлар ҳануз мавжуд, бироқ асосий эътибор Оқ уй эришмоқчи бўлган натижага етиш учун аввал иқтисодий босимдан фойдаланишга қаратилган», — деган манба.

Хабарга кўра, президент Доналд Трамп Венесуэла бўйича аниқ мақсадлари ҳақида омма олдида эҳтиёткор бўлиб келаётган бўлса-да, ёпиқ тарзда президент Николас Мадурони мамлакатдан чиқиб кетишга ундаган. Трамп душанба куни Мадуронинг ҳокимиятдан кетиши «ақлли қарор бўлар эди», деди.

Шу пайтгача кўрилган чоралар Мадурога ниҳоятда катта босим ўтказди. Расмийларда агар Венесуэла АҚШга жиддий ён беришларга рози бўлмаса, январ охирига бориб жиддий иқтисодий фалокатга дуч келади, деган ишонч бор.

Венесуэланинг БМТдаги элчиси Самуэл Монкада эса аслида «таҳдид Венесуэла эмас, балки АҚШ ҳукумати» деди.

Пентагон ҳозирда Кариб денгизида 15 мингдан ортиқ аскар билан улкан ҳарбий куч жамлаган. Бу таркибга битта авиаташувчи, яна 11 та ҳарбий кема ва ўндан ортиқ қирувчи самолётлар киради. 

Мавзуга оид