20:34 / 29.06.2022
23650

Японияда бир ҳовуч гилос 4440 долларга сотилди

Япониянинг Ҳачиноҳе шаҳрида ўтказилган аукционда Juno Heart навли гилоснинг 15 донаси жойланган қути 600 минг иена (қарийб 4440 доллар)га сотилди. Харидор ҳар бир дона гилос учун 295 доллардан тўлади.

Фото: Avalon.red

Гилоснинг бу камёб нави Аомори префектурасидаги тадқиқот маркази томонидан, совға қилинадиган тўплам сифатида ишлаб чиқилган.

Asahi Shimbun'нинг ёзишича, гилос Juno Heart деб ҳисобланиши учун диаметри 2,8 сантиметрдан ортиқ, таркибидаги қанд миқдори эса 20 фоиз бўлиши керак. Шундайлар орасидан диаметри камида 3,1 см бўлганлари Juno Heart навининг субнави – Aomori Heartbeat (“Аомори префектурасининг юрак уриши”) деб номланади.

Фото: Kuratoshi Yokoyama

25 июндаги аукционда ана шу субнавдаги гилослар тўпламидан 11 таси сотувга қўйилди. Қутилардан бирини энг қиммат нарх – 600 минг иенага сотиб олган компания Nagatsuka Seika уни ўзига қарашли дўконлардан бирида қайта сотувга қўйишини маълум қилди.

“Бундай гилосларни бошқа ҳеч қаердан топа олмайсиз”, деди компания президенти Кйоко Нагатсука.

Фото: Mainichi / Yushi Ezawa

Нашрнинг қўшимча қилишича, гилоснинг мазкур ноёб нави бошқаларидан ёрқин қизил ранги, ярқироқлиги ва тўйимли мазаси билан ажралиб туради.

Top