Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Мақсадимиз кимнидир жазолаш эмас” – дори сотувига оид янги тартиб ҳақида масъуллар билан суҳбат
Пойтахт туманлари ва республиканинг 15 та ҳудудидаги дорихоналарда электрон рецепт билан ишлаш амалиёти бошланди. Энди шифокор ёзиб берадиган ДМEД рецептисиз айрим дориларни олиб бўлмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармагентлик расмийларига кўра, ҳозирда янги тизим устида ишлар давом эттирилмоқда. Ундаги камчиликлар босқичма-босқич бартараф этилиши кутиляпти.
10 декабрдан бошлаб пойтахт ҳамда республиканинг белгиланган 15 та ҳудудида дорилар шифокорнинг махсус электрон рецептисиз берилмайдиган бўлди.
Бунинг учун жами 10 мингга яқин дори воситалари рўйхати шакллантирилган. Ундан 1 800 га яқини рецептсиз бериладиган дорилар ҳисобланади. Қолгани эса рецепт билан берилади. Бу рўйхат оммага ҳам эълон қилинган.
Янги амалиёт ишга тушгач, кўплаб юртдошларимиз норози бўлмоқда. Рецептсиз бериладиган дорилар қаторида сурункали касали бор, оғир беморларга фавқулодда етказилиши керак бўлган препаратлар мавжудлиги танқид қилинди.
Рецептни олишдаги навбатлар, ДМEД (тиббий ахборот тизими)нинг ишламай қолиши, электрон имзо ва QR-кодли чекни бошқа аптекада ишлатолмаслик каби масалалар ҳам турли саволларни келтириб чиқармоқда.
Kun.uz шу каби муҳим саволлар билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров, Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш департаменти бошлиғи Аброр Алижонов ҳамда вазирлик рақамлаштириш бошқармаси бошлиғи Нодир Эшназаровга юзланди.
Масъуллар саволларга жавоб бериб, жараёндаги муаммолар бартараф этиб борилишини ваъда қилишди. Тўлиқ интервюни юқоридаги видео орқали кўришингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ССВнинг 1003 қисқа рақамли “ишонч телефони” базасида мунтазам фаолият юритувчи алоҳида Call-марказ ишга туширилган.
У орқали малакали мутахассислар Тошкент шаҳри ва тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман (шаҳар)да “Электрон рецепт” тизими амалиётига доир саволлар ва мурожаатларга тун-у кун жавоб бериб боради.
Қолаверса, мурожаатларни ДМEД колл марказининг +998712025000 рақамига етказиш ёки @ssv_pilotbot телеграм ботига юбориш мумкин.
Маълумот учун, рецепт ва рецептсиз бериладиган дори воситаларни Uzpharmagency.uz/ru/service/drugs портали орқали текшириш мумкин. Бунинг учун дориларни “рецепт / рецептсиз” белгиси бўйича филтрлаш ёки номи билан қидириш, рўйхатдан ўтган шакллари, ишлаб чиқарувчилари ва ҳолатини кўриш мумкин.
Шунингдек, PharmUz мобил иловасидан ҳам дориларнинг номини қидириш, қадоғини сканерлаш имконияти бор. Қадоқда рецепт талаб қилинадими ёки йўқми, албатта, кўрсатилади. Бундан ташқари, маълумотлар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Фармацевтика агентлиги сайтида нусхаланади.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:07 / 25.12.2025
Тошкентда дори воситаларининг ноқонуний савдоси фош этилди
09:00 / 21.12.2025
Энергетикада катта истеъфо ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести
09:22 / 18.12.2025
Тошкент туманида 38 млрд сўмлик дори омбори фош этилди
14:40 / 17.12.2025