Ўзбекистон | 11:51
2040
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги мактаблар “Мутолаа” платформасида мажбурий обунага жалб қилинаётгани айтилди

Наманган вилоятида ўқувчилар “Мутолаа” лойиҳаси (электрон ва аудиокитоблар) иловасига мажбурий тарзда обуна бўлишга жалб этилаётгани айтилмоқда. Kun.uz манбаларига кўра, ҳар бир мактабга кунлик 200 тадан режа юкланган.

Фото: Kun.uz

Наманган вилоятидаги айрим мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар “Мутолаа” лойиҳаси иловасига мажбурий обуна бўлишга жалб этилмоқда.

Kun.uz'га хабар берган бир-биридан мустақил манбаларга кўра, мактабларда маънавий-маърифий ишлар учун масъул ходимларга юқоридан топшириқ берилган бўлиб, улар бу вазифани барча синф раҳбарларига юклаган. Натижада бошланғич ва юқори синф ўқувчиларига мазкур платформани юклаб олиб, скриншот юбориш топшириғи берилган.

Ҳар бир мактабга кунлик камида 200 та обуна жалб қилиш бўйича норасмий лимит белгиланган. Топшириқ юзасидан расмий хат ёки буйруқ мавжуд эмас.

“Маънавиятчилар хонама-хона юриб топшириқ беришди, уланиб скриншот қилиб ташлашимизни буюришди. Ўзимизнинг телефонимиздан ёшимизни ўзгартириб, яъни ёшимизни кичрайтириб уландик. Скриншот ташлаб бердик”, дейди манба.

“Мутолаа” платформаси – Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштиришга қаратилган лойиҳа ҳисобланади. Платформада китобларни электрон шаклда ўқиш ёки аудио шаклида тинглаш мумкин.

Агентлик ахборот хизмати ҳолат юзасидан Kun.uz’га берган расмий муносабатида бундай амалиётга йўл қўйилмаслигини билдирди.

“Бу иловага уланиш мажбурий эмас. Агар шундай ҳолат аниқланса, масъул ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, меҳнат шартномаси қайта кўриб чиқилади. Платформада обуначилар етарли, мажбурлашга ҳожат йўқ. Бу ҳолат раҳбариятнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Айни пайтда ҳолат ўрганилмоқда, аниқланган тақдирда қатъий чоралар кўрилади”, дейилади агентлик изоҳида.

Агентлик текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам бу борада аниқлаштириш ишлари кетаётганини айтди.

Мажбурий обуна – кўп йиллар давомида бюджет ташкилотлари ходимлари учун оғриқли масалага айланган, аммо охирги йилларда обунага оммавий мажбурлаш кампаниялари сусайгани кузатилган.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид