Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
13 ёшли ҳомиладор ўқувчи воқеаси: калтак мактаб ва маҳалла бошида синадими?
Самарқанддаги мактабнинг ҳомиладор бўлиб қолган ўқувчи қизи отасиз ўсмоқда. Онаси ҳам фарзандига тарбия беришга лаёқатли эмас. Уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича илтимосномалар шаҳар ҳокимлигидан нарига ўтмаган.
Kun.uz мухбирлари Самарқанд шаҳридаги 63-мактабда ҳамда қиз яшайдиган маҳаллада бўлиб, воқеа тафсилотлари билан танишди. 13 ёшида ҳомиладор бўлиб қолган қиз мазкур мактабнинг рус тили синфида ўқийди.

1500 ўқувчига мўлжалланган мактабда 2128 нафар ўқувчи (!) икки сменада таълим олади.
Мактаб директори Сурайё Қўчқорованинг маълум қилишича, қизнинг ҳомиладорлигини 19 ноябр куни уларнинг уйига меҳмон бўлиб келган холаси аниқлаган ва керакли жойларга хабар берган. 20 ноябрь куни УТТ текширувида 13 ёшли Л.М.нинг ҳомиладорлиги тасдиқланган. Айни пайтда ҳомила 23-24 ҳафталик экани айтилмоқда.
«Айни кунларда совуқда болалар мактабга қалинроқ кийиниб келишаётгани боис, унинг аҳволини мактабда визуал аниқлаш мумкин эмасди», деб тушунтирди директор.
Қиз бола янги ўқув йили бошлангач, 6 сентябрь санасидан мактабга мунтазам қатнаган. Дарсликлар олган.
Қиз мактаб раҳбариятига онаси билан 5 йилдан буён бирга яшовчи эркак шу йил июнь ойида унинг номусига теккани, ўшандан буён бу ҳаракат муттасил такрорланганини айтган.
Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси педагогик-психологик ташхис шуъбаси мудири Хуршид Розиқовнинг тушунтиришича, бундай ўқувчиларни назоратга олишда ичкиликка ружу қўйган, ота-онаси томонидан зўравонликка учраган, ота-онаси чет элда яшайдиган ёки вафот этган каби нобоп оилалар тоифаси тузилган.
«Номуси топталган ва ҳомиладор ўқувчи қиз бирйўла учта тоифага тўғри келади: онаси ичкиликка ружу қўйган, отаси йўқ, зўравонликка дучор бўлган. Мактаб жамоасининг айби, бундай ўқувчини рўйхатга олиб, шаҳар ҳокимлиги ва ички ишлар органларига ёрдам бериш масаласида хат билан чиқиш каби зарур чораларни кўрмаган. Мактабда рўйхат шакллантирилган, лекин айнан шу ўқувчи йўқ рўйхатда», — деди Хуршид Розиқов.
Таҳририят суриштирувига кўра, онаси ичкиликка ружу қўйгани билан, қизнинг характери жуда босиқ. Ҳеч қачон хулқида тарбиясизликни намоён этмаган.
Ҳозирча муваққат чора сифатида қиз ўқиган синфнинг синф раҳбари вазифасидан озод қилинган, лекин ўқитувчиликдан ҳайдалмаган.
Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғи в.б. Азимжон Солиев вазият пухта ўрганилаётгани ва керакли хулоса чиқарилишини айтиб ўтди.
«Маҳалла вакиллари билан гаплашганимизда, раис 2018 йилдан буён қизнинг онасини оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича тегишли далолатномалар тузиб, шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилишганини айтиб ўтди.
Албатта, бу жуда хунук воқеа. Шаънимизга тўғри келмайдиган ҳолатга дуч келиб турибмиз», — деди А.Солиев.
«Тожмаҳал» МФЙда жойлашган икки хонали квартирада қиз онаси ва 10-синфда ўқийдиган акаси билан яшайди. Унинг ота-онаси ажрашган. Икки хонали уйда, шунингдек, хотинидан ажрашган тоғаси ҳам ўз фарзандлари билан яшар экан.

Маҳаллада 39-мактаб бор, лекин бу мактабда рус тилида ўқитиладиган синф йўқлиги туфайли Л.М. узоқроқдаги 63-мактабга қатнаган.
Маҳаллада бугунги кунда 1100та хонадонда 1600дан зиёд оила ёки 3500 нафарга яқин одам истиқомат қилади.
Маҳалла фуқаролари йиғини раиси Обиджон Ҳамдамов оиланинг тарихи ҳақида ҳикоя қилиб берди.
«Шу маҳаллага раис бўлганимга 12,5 йил бўлди. Қарийб 10 йилдан буён шу оила билан шуғулланамиз. Онаси эридан ажралган. Ичкиликка ружу қўйган. Вояга етмаган икки фарзанди бор. Уларнинг тарбиясидан хавотир олиб, маҳалла профилактика инспекторимиз Шуҳрат Саъдуллаев билан 2018 йилдан буён онаси В.М.ни оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш бўйича ҳужжат тўплаб, уч марта шаҳар ҳокимлигига тақдим этганмиз.
Куни келиб мана шунақа воқеа рўй беришидан қўрққан эдик. Биз ўз ваколатимиз доирасида ҳамма ишни қилганмиз. Энди калтак келиб яна бизнинг бошимизда синадиган кўринади», — дейди маҳалла раиси.


Маҳалла раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Марҳабо Ҳамроеванинг айтишича, оила аввал «темир дафтар»га киритилган. Ҳозир «аёллар дафтари»дан ўрин олган. Бир неча бор она В.М.га иш топиб берилса ҳам ишламасдан келмоқда. Аёл боқимандаликка йўлиққан, пул талаб қилиб фақат маҳалла раҳбарлари устидан юқори турувчи идораларга арз қилиб келади.
Сурункали ичкиликбозликка йўлиққан она Жомбойдаги наркология диспансерига жойлаштирилган. Эртаси куни у ердан қочиб келган. Сўнг бугун яна жойлаштирилган. Л.М. эса холасининг қарамоғига топширилган.
Қизнинг онаси В.М.нинг таниши Ф.Д.га нисбатан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳолатни ўрганар экансиз, мушоҳадага чорловчи ғалати вазият юзага келганини англаш мумкин. Ўқувчи қизга нисбатан жинсий зўравонлик ёзги таътил чоғида рўй берган. Бунда мактаб жамоасини айблашга асос борми? Маҳаллани-чи?
Маҳалладагилар кутилажак фалокатни сезиб, ўз ваколатлари доирасида ҳаракат қилишган. Лекин онани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини суд олдига кўндаланг қилиши керак бўлган шаҳар ҳокимлиги нега ўз вазифасига панжа орасидан қараган? Прокуратура нега жим?
«Мана шундай ҳолатларга дучор бўлмаслик мақсадида тунда маҳалла ҳудудида саёқ юрган ёшларга танбеҳ берганимиз учун арз қилишди ва юқори органлар бизни ўша ёшлар ва оилалардан кечирим сўрашга мажбур қилишди. Энди бундай воқеа рўй берса, яна биз айбдор бўламизми? Бу ҳолатда маҳалла йиғинининг обрўйи қоладими?» — дейди маҳалла раиси.
Агар шаҳар ҳокимлиги ва прокуратура органлари маҳалла томонидан тайёрланган ҳужжатларга, берилаётган ташвишли сигналларга ўз вақтида эътибор бериб, Л.М.нинг онаси оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиб, қиз интернатга ёки бирор васий қўлига топширилганида бугунги шармандалик юз берган бўлармиди?
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
11:12 / 14.01.2026
Сурхондарёда 9-синф ўқувчиси 11-синф ўқувчиси томонидан зўрлангани айтилмоқда
21:43 / 12.01.2026
Самарқанд шаҳри кенгайтирилади ва Самарқанд тумани тугатилади
10:01 / 07.01.2026
Самарқандда шифокорлар бемор қорнидан 200 грамм мих чиқариб олди
11:10 / 30.12.2025