Ўзбекистон | 10:37 / 18.10.2022
56333
9 дақиқада ўқилади

«Дунёдан ортда қолаётган Ўзбекистон ИИВ». Пойтахт кўчаларида мопед ва скутерларга «ов» бошланди

Украинада «мопед» лақаби берилган Эроннинг «Шоҳид» камикадзе-дронларига қарши кураш бошланганида, Тошкентда ҳам мопед ва скутерларга қарши кураш бошлаб юборилганга ўхшайди. Ваҳоланки, бу Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган халқаро Конвенцияга зид.

Фото: Kun.uz

Пойтахтда скутер ва мопед эгалари ушбу транспорт воситаларини «А» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасдан бошқаришаётгани учун жаримага тортилиб, транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилмоқда.

Бугунги мақолада миллий ва халқаро қонунчилик бу борада нима дейиши, ЙПХ ходимларининг скутерларга «ов»лари қонунийми-йўқми, ҳайдовчилик гувоҳномамиз нега жаҳонда тан олинмаяпти — барчасига батафсил тўхталамиз.

Аввал скутери жарима майдончасига киритиб қўйилаётганидан норози бўлган фуқаролардан бирининг бизга жўнатган йўл-патрул хизмати ходими билан тортишуви видеосини томоша қилинг.

ЙПХ ходими алоқа воситаси орқали скутерни ушлагани ҳақида кимгадир ҳисобот бериб, уни чақирмоқда. Хулоса қилиш мумкинки, бундай топшириқ уларга берилган ва ундан бошқалар ҳам хабардор.

Амалдаги норматив ҳужжатларга кўра ЙПХ ходими ҳақ

Хўш, бу ўринда йўл-патрул хизматининг хатти-ҳаракатлари қонунийми? У нималарга асосланиб, скутер ҳайдовчисига жарима қўллаяпти?

Ҳайдовчи Умид Султонов JEYRAN русумли скутерда ҳаракатланаётган бўлган. Унинг двигатели ҳажми 49,5 см куб. Скутерлар ҳаттоки ДЙҲХБ бошқармаларида рўйхатга олинмайди, техпаспорт берилмайди, давлат қайд этиш рақами ҳам тақилмайди.

Йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланган Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 172-сонли қарорида мопед атамасига изоҳ берилган. Унга кўра:

Мопед — энг юқори конструктив тезлиги соатига 50 километрдан, иш ҳажми 50 см кубдан ошмайдиган ички ёнув двигателига эга бўлган ёки номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттдан ортиқ ва 4 киловаттдан кам бўлган электр двигателли икки ёки уч ғилдиракли транспорт воситаси.

Худди шундай тавсифларга эга бўлган квадрицикл (квадроцикл), трицикл, скутер ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишга мослаштирилган бошқа механик мосламалар ҳам мопедларга тенглаштирилади;

Шу йил 12 апрелда тасдиқланган янги Йўл ҳаракати қоидаларининг 8-бандига кўра, мопед, мотоцикл ва уларга тенглаштирилган мототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳайдовчи тегишли «А» тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

ЙПХ ходимларига айнан мана шу ҳавола қилинаётган банд бўйича скутерларни «овлаш» тўғрисида топшириқ берилгани аниқ. Қаранг: 8-бандга мопед атамаси қўшилган. Мопед атамасига изоҳ берилган бошидаги преамбулада эса скутерлар ҳам шунга тенглаштирилгани қистириб ўтилган — бўлди! Халқаро стандартларга кўра, мопед сўзи 8-бандда бўлмаслиги керак. «А» тоифа фақат мотоциклларга тегишли.

Вена конвенциясининг Ўзбекистонда ҳурмати йўқ

Янги турдаги амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномасида ҳам «А» тоифа учун мотоцикл тасвири туширилган холос, эски турдаги ҳар икки ҳайдовчилик гувоҳномаларимизда «А» тоифа фақат мотоцикллар учун экани ёзиб ҳам қўйилган.

 

Лекин бу 2011 йилнинг 28 мартигача бўлган халқаро талаб. Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенциясида ҳайдовчилик тоифаларига 2011 йил 29 мартдан буён талаб ўзгарган, бироқ нимагадир Ўзбекистонда жорий этилмаган. Янги Йўл ҳаракати қоидалари шу йилнинг 12 апрелида қабул қилинган бўлса-да, ҳеч ким «жаҳонда тоифалар қанақа экан?» деб қизиқиб кўрмаган. Бинобарин, скутер борасида ҳам Вена конвенциясига «қўл артиб юборилган».

Масалан, Вена конвенциясига кўра, двигатели ҳажми 50 куб сантиметрдан бошланган ва 125 куб сантиметрдан ортиқ бўлмаган енгил мотоцикллар учун А1 тоифа жорий қилиш мумкинлиги белгиланган.

Янги қўшимча тоифалар қўшниларимиз Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда, шунингдек Украинада бериладиган ҳайдовчилик гувоҳномаларида ҳам ўз аксини топган.

 

Бизда тоифалар нега аввалги ҳолда қолаверганининг жавобини топдим. Чунки Россия Федерациясида ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаларида яқингача ҳайдовчилик тоифалари айнан шундай ажратилган экан.

Лекин барча нарсада Россия Федерациясига таассуб қиладиган Ички ишлар вазирлигимиздаги акалар билишмайдики, Россия ҳам аллақачон янги талабларга мослаб, янги ҳайдовчилик гувоҳномасини чиқаришган.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунининг 2-моддасида «Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади», деб белгиланган.

1968 йилнинг 8 ноябр санасида Австрия пойтахти Вена шаҳрида қабул қилинган Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенцияни Ўзбекистон Республикаси ҳам ратификация қилган.

Вена конвенциясида «А1» тоифа двигатели ҳажми 50 куб сантиметрдан 125 куб сантиметргача бўлган енгил мотоцилларга берилиши, ундан катта қувватли мотоцикллар учун «А» тоифа берилиши белгилаб қўйилган. Яъни «А» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жаҳон бўйлаб фақат мотоциклларни бошқариш учун берилади.

Двигатели ҳажми 50 куб сантиметрдан кичик бўлган скутер ва мопед (моторли велосипед)ларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси шарт эмас.

Скутер ҳайдашга ҳам автомактабда ўқиладими?

Келинг, шу ўринда ЙПХ ходимлари ҳақ, мопед ва скутер ҳайдовчилар ҳам «А» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ўқиши ва уни олиши шарт, деб ҳисоблайлик.

Скутер ҳайдайдиган одам (асосан ёшлар) катта қувватга эга мотоциклни бошқара олмаслиги мумкин. Скутерда бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда мотоциклда имтиҳон топширишга тўғри келади. Ҳайдовчи оғир, кучли ва бесўнақай мотоцикл бошқаришни истамаса-чи? (Скутерни қизлар ҳам бемалол бошқаришини инобатга олинг шу ерда).

Агар «А» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон скутерда топшириладиган бўлса, ҳайдовчи мотоциклни бошқариш ҳуқуқига ҳам эга бўлиб қолади-ку? Бу мантиқсизлик эмасми?

Қонун-қоидаларни тушунарсиз-чалкаш қабул қилиб, сўнг уни ўзларича талқин қилиб, халқни қийнагандан кўра, мавжуд халқаро қоидаларга риоя қилингани афзал эмасми?

Энг яхшиси — кўп ҳужжатлар ва қонунчиликни тушунмайдиган ЙПХ ходимларига раҳбарият давлат рақам белгиси тақиш шарт бўлмаган транспорт воситалари — велосипед, мопед, скутер, квадрицикл, трамвай, троллейбусни тўхтатиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси сўрамасликни уқтириш керак.

ИИВга саволлар

Энди биргина скутернинг жарима майдонига киритиб қўйилиши ортидан бир қатор ҳақли саволлар юзага қалқиб чиқмоқда ва ИИВдан масъул шахслар бу саволларга жавоб бериб, ойдинлик киритса яхши бўлар эди.

Янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномасига келсак, Ички ишлар вазирлигимиз масъуллари энди нима қилади? Зудлик билан халқаро талабларга мос қўшимча тоифаларни қўшиб ҳайдовчилик гувоҳномасини жорий этишадими?

Кўплаб меҳнат мигрантларимиз хорижий давлатларга чиқишмоқда, уларнинг катта қисми ҳайдовчилик билан ҳам шуғулланишади. Уларга халқаро стандартларга тўғри келмайдиган ҳайдовчилик гувоҳномаси беришда давом этяпмиз. 2010 йилгача даврда берилган эски гувоҳномаларни алмаштириш учун муддат бир неча марта сурилди. Нега шунда ҳам яна эски стандартдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари берилмоқда?

Жаҳон давлатларида A, B, C, D, BE, CE, DE каби 7 асосий тоифадан ташқари, A1, B1, C1, D1, C1E, D1E каби қўшимча 6 тоифа ҳам акс этган гувоҳномалар берилиши 2011 йилдаёқ жорий қилинган экан. Нега шу пайтгача автомактабларимизда ўқитиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш бор-йўғи ўша етти асосий тоифа бўйича амалга оширилмоқда?

Нега пойтахт Тошкентда йўл патрул хизмати ходимлари ва уларга ноқонуний оғзаки топшириқ бераётганлар халқаро стандартларга мослашиш ўрнига халқаро стандартларни инкор этиб, скутер эгалардан «права» сўраб юришибди?

Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти давлат йўл хавфсизлиги бош бошқармасидаги масъуллардан бирортаси чиқиб шу саволларга рўйи-рост ва дангал жавоб бера олармикан?

Йўллари тобора автомобилларга тўлиб бораётган, автомобилга мослашган тирбанд пойтахт кўчаларида велосипед, самокат ва скутерда ҳаракатланишни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш ўрнига, уларни бошқараётган ёшларни жазолаш қай бир мантиққа тўғри келади?

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид