Жаҳон | 08:05 / 09.06.2020
6308
4 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ ўз ҳудудида ички туризмни тикламоқчи. Айрим давлатлар учун тақиқлар сақланиб қолади

Италия июнь ойининг бошидан европалик сайёҳлар учун ўз чегараларини очди. ЕИнинг бошқа аъзолари ҳам шу ойнинг ўрталаригача очилиш йўлларини кўриб чиқишмоқчи. Бироқ Европанинг коронавирус тарқалиш кўрсаткичи юқори ҳудудларидан келадиган сайёҳлар, масалан британияликлар учун чекловлар сақланиб қолади.

Фото: Alkis Konstantinidis/Reuters

Буюк Британия Ички ишлар вазири Прити Патель четдан кириб келадиганлар 14 кунлик мажбурий карантинга олиниши мажбурийлигини эълон қилган бир пайтда, Италия европалик сайёҳлар учун очилганини айтмоқда, деб ёзади The Guardian.

8 июндан бошлаб Буюк Британияга кириб келадиган ҳар бир шахс 14 кунлик карантинда бўлиши лозимлиги маълум қилинган. Фақат юк ташувчилар каби чегарани тез-тез кесиб ўтувчи касб эгалари бундан мустасно.

Европа Иттифоқи минтақани 15 июндан туризмга қайта очиш учун аъзо давлатларни ҳамкорликка чақирмоқда. Бироқ аъзолар қитъада коронавирус туфайли қайд этилаётган ўлим кўрсаткичи бўйича Буюк Британиядан кейин иккинчи ўринда турувчи Италиядан келадиган сайёҳларни қабул қилишни унчалик хушламаётганга ўхшайди.

Австрия Ташқи ишлар вазири Александр Шалленбер мамлакат чегаралари Италиядан ташқари қолган барча чегарадошлар учун очилишини маълум қилди.

«Биз коронавирусга алоқадор барча чегара ва тиббий текширувларни бекор қилмоқчимиз. Бу Германия, Лихтенштейн, Словакия, Чехия ва Венгрия учун амал қилади. Афсуски, Италияни ҳали бу рўйхатга кирита олмаймиз», – деди Александр Шалленберг бир неча кун олдин.

Германия расмийлари ҳам шунга ўхшаш фикрда. Ўтган ҳафта эълон қилинган баёнотга кўра, Германияда ЕИнинг 27 аъзо давлати, жумладан, Исландия, Норвегия, Лихтенштейн, Швейцария ва Британия учун 15 июндан бошлаб умумий туризм тўсиқлари олиб ташланади. Фақат бунинг учун Германия тўсиқларни олиб ташлаётган давлатлар ҳам ўз ҳудудларида кириш тақиқлари ва кенг қамровли чекловларини бекор қилган бўлиши керак.

Германия Ташқи ишлар вазири Хейко Мааснинг маълум қилишича, тақиқлар алоҳида давлатларга саёҳат қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақидаги тавсиялар билан алмаштирилиши режалаштирилмоқда.

Агар Буюк Британияда 14 кунлик мажбурий карантин қоидаси давом этаверадиган бўлса, расмий Берлин ҳам бу давлатга ўта зарур бўлмаса, ташриф буюрмаслик ҳақида огоҳлантиришлар бериб боришини маълум қилди.

Франция Ташқи ишлар вазири эса ҳали Буюк Британия билан карантин чекловларини олиб ташлаш бўйича музокаралар олиб борилмагани ва ҳозирча қатъий келишув тамойили амал қилишини айтди.

Нидерландия бош вазири Марк Рютте мамлакат ЕИ аъзолари ва Шенген зонасидаги давлатлар учун очилишини эълон қилди. Фақат Буюк Британия инфекция кўрсаткичи юқори бўлгани учун истисно сифатида қолдирилмоқда.

Испания эса вирус тарқалиши секин кечаётган давлатлар учун, эҳтимол, 22 июндан чегараларини очиши мумкинлигини маълум қилмоқда. Шунинг билан мамлакатда коронавирус туфайли эълон қилинган фавқулодда вазият ҳам бекор қилиниши керак.

Европа Иттифоқи май ойидан бошлабоқ 15 июндан ўзаро саёҳатлар амалга оширилишини режа қила бошлаган, Еврокомиссия расмий вакили бу борада аъзо давлатларнинг «мустаҳкам ҳамкорликдаги ёндашуви» муҳимлигини таъкидлаган эди. Бироқ агар қайси давлат ҳукумати инфекция кўрсаткичи юқори бўлган давлатларга очилишни хоҳламаса, бу ҳам қабул қилиниши маълум қилинган.

«Биз аъзо давлатларнинг ўзлари ҳал қилиши керак бўлган масалаларига  аралашмоқчи эмасмиз. Лекин вазифамиз чегаралар очилиши борасида ЕИ аъзоларини йўриқномалар билан таъминлашдан иборат.

Энг муҳими, бу борада дискриминацияга йўл қўйилмаслиги керак. Яъни эпидемиологик вазият ўхшаш бўлган ҳудудларга бир хил шартлар қўйилиши керак», – дейди ЕИ комиссияси вакили.

Мавзуга оид