Иқтисодиёт | 14:12 / 10.03.2026
9326
3 дақиқада ўқилади

Муваффақиятсиз хусусийлаштиришдан кейин давлат ихтиёрига қайтарилган «Кварц» заводи яна фойда билан ишлай бошлади

2025 йилнинг якунларига кўра, «Кварц» АЖнинг соф фойдаси 1,3 млрд сўмни ташкил этди. Компания 2023 йилнинг февралида 3 йилда бўлиб тўлаш шарти билан 268 млрд сўмга хусусийлаштирилганди. Шундан кейин завод 2023 йилни 21,7 млрд, 2024 йилни эса 142 млрд сўм зарар билан якунлади. 2025 йилнинг февраль ойида «Кварц» АЖ яна давлат ихтиёрига қайтарилганди.

2025 йилнинг якунларига кўра, «Кварц» АЖнинг соф фойдаси 1,3 млрд сўмни ташкил этди. Таққослаш учун, завод 2024 йилни 142 млрд сўм зарар билан якунлаганди.

Қайд этилишича, ўтган йилда компаниянинг йиллик соф тушуми 593,4 млрд сўм (+13,7 фоиз) бўлган бўлса, ишлаб чиқариш харажатлари сезиларли даражада 503 млрд сўмдан 454,4 млрд сўмга қисқарган.

Йил якунига келиб узоқ муддатли кредитлар ҳажми 195,3 млрддан 87,6 млрд сўмга, қисқа муддатли кредитлар ва қарзлар эса 126,6 млрд сўмдан 95,7 млрд сўмга камайган.

Омадсиз хусусийлаштириш

Бундан 3 йил аввал, 2023 йилнинг февралида «Кварц» АЖ устав капиталидаги 89,7 фоиз давлат улуши 265 млрд сўмга «Қувасойсемент» АЖга сотилганди.

Келишувга кўра, харидор 2018-2021 йилларда «Кварц» томонидан жалб қилинган 47,2 млн евро миқдоридаги кредит маблағларини 2026 йил якунига қадар сўндириши ҳам керак эди.

Компания 2024 йилни 142 млрд сўм, 2023 йилни эса 21,7 млрд сўм зарар билан якунлаган. Хусусийлаштирилишдан олдинги йилларда эса фойда кўриб ишлаган: 2021 йилда компаниянинг соф фойдаси 54,7 млрд сўмни, 2022 йилда 64,3 млрд сўмни ташкил этган.

Шундан кейин 2025 йил 14 февралда харидор шартномавий мажбуриятларини бажаришда қийинчиликларга учрагани сабабли олди-сотди шартномаси бекор қилинди. Ўз навбатида катта зарарга кириб кетган заводни молиявий соғломлаштириш чоралари кўрилиши ҳам маълум қилинганди.

Маълумот учун, 1975 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган «Кварц» – шиша идишлар, автосаноат учун ойналар ва бошқа қатор турдаги шиша маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Марказий Осиёдаги энг йирик завод ҳисобланади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид