Жаҳон | 21:14 / 13.04.2026
15367
8 дақиқада ўқилади

Петер Мадяр ким ва ундан нима кутиш керак?

У ҳам популистми? Венгрия энди Россиянинг иттифоқчиси эмасми? Будапешт Украинани қўллайдими?

Jakub Porzycki / NurPhoto / Getty Images

12 апрел куни Венгрияда парламент сайловлари бўлиб ўтди: овоз бериш жараёни якунларига кўра «Фидес» партияси ва унинг етакчиси, мамлакатни 16 йил мобайнида бошқарган Виктор Орбан оғриқли мағлубиятга учради. Мухолифатдаги «Тиса» партияси ғалаба қозонди. Ушбу кучлар парламентда конституцияга ўзгартиришлар имконини берадиган даражада кўпчилик ўринларни қўлга киритди, партия раҳбари Петер Мадяр эса мамлакатнинг янги бош вазири бўлади. «Медуза» у ҳақда нималар маълумлиги ва унинг бошқаруви даврида Венгриянинг Россия ҳамда Украина билан муносабатларида қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Петер Мадяр ким ўзи?

45 ёшли Мадяр Венгрия сиёсатига чуқур боғланган оилада туғилган. Унинг онаси Моника Эрёш олий суд бош котиби бўлиб ишлаган, амакиваччаси Ференц Мадл эса 2000-2005 йилларда Венгрия президенти лавозимини эгаллаган. Мадяр ҳам ҳуқуқшунослик соҳасида диплом олгач, сиёсий карьерасини қуришга киришган.

2000-йиллар бошида у болалигидан ўзи ҳавас қилган Виктор Орбаннинг «Фидес» партиясига қўшилган. 1989 йилда ҳали ёш ҳуқуқшунос бўлган Орбан совет қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиш ва эркин сайловлар ўтказишни талаб қилиб, Венгрияда коммунистларга қарши ҳаракат қаҳрамонига айланганди. 1990-йилларда, шундай сайловлар бўлиб ўтганида Орбан парламент депутатлигига сайланади ва «Фидес» раҳбарига айланади, Мадяр эса (ўшанда у ҳали тўққиз ёшда бўлган) унинг фотосуратини хонаси деворига осиб қўяди.

«Фидес»га қўшилганидан кейин Мадяр Венгрия ТИВда ҳамда мамлакатнинг Евроиттифоқ қошидаги ваколатхонасида ишлайди, аммо юқори лавозимларга кўтарилмайди. Унинг рафиқаси Юдит Варганинг карьераси муваффақиятлироқ чиқади (улар 17 йиллик турмуш давомида уч фарзандни тарбиялашган). 2019 йилда у Орбан ҳукуматида адлия вазири лавозимини эгаллаган. 2023 йилда улар ажрашишган.

У қандай қилиб Виктор Орбанни мағлуб этолди?

2023 йил январида, Варга билан ажрашишидан икки ой олдинроқ, Мадяр рафиқаси билан суҳбатини яширинча ёзиб олади, унда Варга Орбан маъмурияти раҳбари Антал Роганнинг ёрдамчилари прокуратурадан ўз бошлиғининг исмини коррупцияга оид шов-шувли жиноий иш материалларидан чиқариб ташлашни сўраганини айтади. 2024 йил мартида, Варга бошқа можаро туфайли истеъфога чиққанида, Мадяр у билан ўша суҳбати ёзувини фейсбукка жойлаштиради. Унинг пости икки миллион марта кўрилади.

Худди шу вақтда Мадяр «Фидес» билан алоқани узгани ва кичиккина «Тиса» партияси бошқарувига ўтганини эълон қилади, тез орада бу партия унинг раҳбарлигида катта машҳурликка эришади. «Фидес» Венгриядаги энг йирик нашрларни назорат қилгани туфайли Мадяр асосий эътиборни ижтимоий тармоқларга ва мамлакат бўйлаб сафарларга қаратади. У чекка қишлоқлар аҳолиси ҳамда хориждаги этник венгрлар билан мунтазам учрашувлар ўтказади – ушбу икки гуруҳ ҳам азалдан «Фидес» электорати ҳисобланган.

Бундан ташқари, Мадярга уни тизимдан чиққан, унинг заиф томонларини биладиган, шунинг учун Орбанни мағлуб эта оладиган номзод сифатида қабул қилишгани ҳам қўл келди. «Биз „Тиса“ учун эмас, балки „Фидес“га қарши овоз берамиз. Ҳамма гап шунда. Венгрлар ҳозирги кунда Орбанга қарши номзодини қўядиган бўлса, эчкига овоз беришга ҳам тайёр», – деганди Politico нашрига Яшиллар партиясидан парламентга сайланган депутат Тимеа Сабо. Унинг ўзи ҳам аввалига сайловда қатнашмоқчи бўлган, аммо «Тиса» номзоди фойдасига пойгадан чиққанди.

У Будапештнинг Киев ва Москва билан муносабатларини қандай ўзгартиради?

Мадяр – ўнг марказчи қарашларга эга сиёсатчи. У Евроиттифоқ ва АҚШ билан яқинлашиш тарафдори бўлиб, Орбан ва Брюссел ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли блокланган миллиардлаб евро маблағлар блокдан ечилишига эришишни ваъда қилган. Шунингдек, Мадяр мудофаа учун харажатларни ЯИМнинг 5 фоизи миқдорига етказмоқчи – бу НАТО мамлакатлари етиши керак бўлган кўрсаткич ҳисобланади.

Шу билан бирга, у миграцияни қатъий тартибга солишни ёқлайди, Киевга Россия билан уруши учун қурол юборишни маъқулламайди ва Украинанинг Евроиттифоққа киришини тезлаштиришни қўллаб-қувватламайди. Мадяр Евроиттифоқ аъзолиги учун номзодларнинг барчаси бир хилда баҳоланиши кераклиги ва Украина ҳозирча аъзо бўлиш шартларига жавоб бермаслигини айтади. «Агар йиллар ўтиб вазият ўзгарадиган бўлса, Венгрия Украинанинг Евроиттифоққа аъзолик аризасини маъқуллаш масаласини референдумга қўяди, дея ваъда берган Мадяр.

Шундай риторикасига қарамай, Евроиттифоқдагилар яқин истиқболда Украина ва Венгрия муносабатларидаги кескинлик йўқолишидан умид қилмоқда. Хусусан, Берлин аллақачон Будапештни Киев учун 90 миллиард евролик кредитга Орбан томонидан қўйилган ветони бекор қилишга чақирган. Шу билан бирга, февралда «Тиса» вакиллари Европарламентда ушбу кредит ажратилишига қарши овоз беришганди.

Мадяр Россия билан муносабатлар «прагматик» бўлиши кераклигини айтган. Шу билан бирга, у аниқ қилиб Венгрияни Кремлга энергетик қарамликдан халос қилиш ҳамда мамлакатнинг ғарб томон курсини мустаҳкамлаш нистида эканини айтган. «Келинг, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги паромлар тўғрисидаги дебатларни бас қилиб, бутун умрга Ғарбга қўшилайлик!» – дейилади «Тиса» партиясининг сиёсий дастурида.

Мадяр – Орбан каби популистми?

Сиёсий методларига кўра Мадярни популист деб ҳисоблаш мумкин, аммо у Орбаннинг «авторитар популизми»га қарши «демократик популизм»га намунадир, деб ҳисоблайди венгриялик политолог Золтан Адам. У Мадяр ва «Тиса»нинг парламент сайловларидаги ғалабаси Венгрияга демократияни тиклаш умидини беради, шу билан бирга, автократия чуқурлашиши хавфини ҳам туғдиради. Парламентда конституциявий кўпчиликка эришган «Тиса»ни энди тийиб турувчи демократик институтлар йўқ, чунки улар «Фидес» томонидан йўқ қилинган. Бу эса шуни англатадики, Мадяр ҳам худди Орбанда бўлгани каби тўлиқ ҳокимиятга эгалик қилади ва бундан қандай фойдаланиш унинг ўзига ҳавола бўлади.

Шу билан бирга, Мадяр барибир ўтмишдоши тайёрлаган чекловларга дуч келади. «Фидес» томонидан муҳим лавозимларга қилинган тайинловлар, ОАВ назорати ва ҳатто Орбанга яқин ҳисобланган президент Тамаш Шуйок ҳам таъсир кўрсатиш дастаги бўлиб қолмоқда.

Венгрия мухолифати Мадярни Орбанга қарши куч сифатида кенг қўллаб-қувватлаган бўлса-да, унинг «Фидес»даги ўтмиши, шунингдек, унинг етакчилик услуби (у «бир кишилик шоу» деб таърифланадиган «Тиса» партиясини якка ўзи бошқаради) баъзиларни хавотирга солмоқда. Мухолифатчиларнинг 2022 йилги сайловларда Орбанга ютқазган номзоди Петер Марки-Заи Politico нашрига Мадярни «манман», «худбин» ва «пасткаш» деб ҳисоблашини айтади. Аммо Орбанга қарши туриш учун айнан шундай хусусиятлар кераклигини қўшимча қилган. «Биз унга турмушга чиқмоқчи эмасмиз. Бизга шунчаки Орбанни ўтмишда қолдирадиган одам керак. <...> Агар у ўз ваъдаларини бажармаса, биз унга тоқат қилмаймиз», – дейди Марки-Заи.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид