Ўзбекистон | 21:33 / 19.02.2026
3623
4 дақиқада ўқилади

Автобанга айлантириладиган магистрал йўллар ва ҳакамлар ҳайъати суди – маҳаллий дайжест

2026 йил давлат дастурига кўра, умумий узунлиги 4 минг километр магистрал йўллар халқаро талабларга мос автобанга айлантирилади. Ўта оғир жиноятларни ҳакамлар ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш дастлаб Тошкент шаҳри ва вилоятида йўлга қўйилади. Фуқароларга нечта банк картаси ва нечта SIM-карта расмийлаштирилганини кўриш ва бу карталарни ёпиш бўйича бевосита портал ёки илова орқали ариза бериш имконияти яратилади. Пенсия ёшига етган шахсларга жамғарилган пенсия автоматик тўлаб берилади.

Ўзбекистонда автобанлар ташкил этиш вазифаси давлат дастурига киритилди

Андижон билан Қўнғиротни, Тошкент билан Термизни, Самарқанд билан Шаҳрисабзни, Олот билан Сариосиёни боғлайдиган узунлиги 4 минг километрлик магистрал йўллар халқаро талабларга мос автобанга айлантирилади. Президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида шундай вазифа қўйилган.

Қайд этилишича, 2026–2030 йилларда умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дастури 2026 йил 1 мартгача тайёр бўлиши керак. Дастур доирасида йил охиригача магистрал йўлларни халқаро талабларга мослаштириш лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Ўта оғир жиноятларни ҳакамлар ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш йўлга қўйилади

2026 йил ноябрдан бошлаб, биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўта оғир жиноятларни халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилади (тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар бундан мустасно). Бу президент томонидан тасдиқланган ва 2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дастурида назарда тутилган.

Шунингдек, жиноят ишларида халқаро тан олинган Хабеас корпус институти доирасида тергов судьяларига қамоққа олиш, уй қамоғи тарзидаги ва бошқа эҳтиёт чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ваколати берилади. Бунинг натижасида жиноят процессида мажбурлов чоралари қўлланиши, инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан суд назорати кучайтирилиб, республикадаги барча тергов судьялари ваколатлари кенгайтирилади.

MyGov орқали банк картаси ва SIM-карта сонини кўриш имконияти жорий қилинади

Давлат дастурига асосан, фуқароларга нечта банк картаси ва нечта SIM-карта расмийлаштирилганини ЯИДХП орқали кўриш ва бу карталарни ёпиш бўйича бевосита портал ёки илова орқали ариза бериш имконияти яратилади.

Бундай хизматни ишга тушириш 2026 йил декабр ойига режа қилинган.

2026 йилги давлат дастурида белгиланган бу вазифа ижроси учун Рақамлаштириш вазирлиги масъул қилиб белгиланган.

Пенсия ёшига етган шахсларга жамғарилган пенсия автоматик тўлаб берилади

Ўзбекистонда пенсия ёшига етган шахсларга шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағлар шахснинг мурожаатисиз (проактив тарзда), ваколатли органнинг ташаббуси асосида тўлаб берилади. Бу президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўзда тутилган. Тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш муддати 2026 йил сентябр деб белгиланди.

Ҳозир фуқаролар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағ миқдорини давлат хизматлари порталида кўриши мумкин.

Маълумот учун, 2025 йил ёзида қабул қилинган президент фармонига асосан, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб пенсия миқдорини олдиндан аниқлаш хизмати жорий этилиши керак.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид