Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гулистонда одамлар эвакуацияси ва тиббиётчиларга 5 кунлик иш ҳафтаси – маҳаллий дайжест
Ижтимоий йўналтирилган сиёсатни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Халқ билан бирга» умуммиллий дастурига старт берилди. Наманганда фуқаролар чиқиндини олиб кетмаган корхонани антиқа йўл билан жазолади. Тиббиёт соҳаси ходимлари 5 кунлик иш ҳафтасида ишлай бошлади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
«Халқ билан бирга» умуммиллий дастури амалга оширилади
«Халқ билан бирга» умуммиллий дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди ва унга расмий старт берилди. Лойиҳа тақдимотида партия Сиёсий кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркорлар, ёшлар, хотин-қизлар, жамоатчилик фаоллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланишича, мазкур ташаббус ижтимоий йўналтирилган сиёсатни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, камбағалликка қарши курашиш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон қадрини улуғлаш тамойилларини амалиётга кенг жорий этишни назарда тутади.
Дастур учун алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2026 йил давомида 10 та устувор йўналиш бўйича турли йўналишдаги акциялар ўтказилади. Шунингдек, дастурга 50 мингдан ортиқ тадбиркор жалб этилиши, 1,5 миллиондан зиёд фуқаро турли кўринишдаги ёрдам билан қамраб олиниши режалаштирилган.
Истеъмолчилар чиқиндини олиб кетмаган корхонани антиқа йўл билан жазолади
Наманган вилояти, Янги Наманган туманидаги маҳалла аҳолиси тўпланиб қолган чиқиндиларни машинага юклаб, “Musaffo iqlim” корхонаси қаршисига ташлаб кетди. Ушбу корхона маҳалла ҳудудидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга масъул ҳисобланади. Аҳолининг сўзларига кўра, чиқиндилар кўп вақтдан бери олиб кетилмаган ва тўпланиб қолган, оқибатда одамлар шундай йўл тутишга мажбур бўлган.
Корхона раҳбарияти қишки «метан муаммоси» ва махсус машиналар таъмирда бўлгани каби сабаблар туфайли хизмат кўрсатишда узилишлар бўлганини билдирди.
Гулистонда кўп қаватли уй қулаш хавфи сабабли яшовчилар эвакуация қилинди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида қулаш хавфи юзага келди. Маълум бўлишича, Боғишамол маҳалласидаги 8-уйда яшовчилар 1 апрел куни тушдан кейин тезкор равишда эвакуация қилинган. Бунга кўп қаватли уйда қулаш хавфи юзага келгани сабаб бўлган.
Воқеа гувоҳларидан бирининг Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу кўп қаватли уйнинг 1-қавати савдо ва хизмат кўрсатиш масканларига айлантирилган ва дўконлардан бирининг эгаси тегишли ташкилотлар рухсатисиз асосий устунни олиб ташлаган. Сирдарё вилояти ҳокимлиги эҳтиёт чораси сифатида одамлар эвакуация қилингани ҳақида маълумот берди.
Тошкентда футбол майдончаси ва дарахтларга қурилиш хавф солмоқда
Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Юнус Ражабий маҳалласи аҳолиси 3,5 йилдан бери болалар спорт майдончаси ва 18 та дарахтни сақлаб қолиш учун курашмоқда, аммо тадбиркорнинг ҳам қурилишдан воз кечиш нияти йўқ. 2022 йилда аукционда тадбиркор Дониёр Юсупов томонидан 1 миллиард 300 миллион сўм эвазига офис биноси қуриш шарти билан қўлга киритилган, бироқ кейинчалик лойиҳа ўзгартирилиб офис, автотураргоҳ, кўнгилочар мажмуа қурилиши режа қилинган.
Аҳоли бу қарорга қарши судга мурожаат қилган, бир неча босқичли суд жараёнларидан сўнг 2024 йил охирида улар фойдасига қарор чиқарилган. Бироқ 2026 йил феврал ойида Бош прокуратура ушбу қарор юзасидан протест киритди. Иш 3 апрел куни қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтаси режимига ўтказилди
1 апрелдан Ўзбекистондаги давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтди. ССВ матбуот хизмати қайд этишича, бунда шифо масканлари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида ҳам иш вақти ўзгарди. Навбатчилик иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда ташкил этилади. Стационарларда навбатчилик доимий бўлади. Ўзгариш фақат давлат тиббиёт муассасаларига тегишли.
Мавзуга оид
19:51 / 01.04.2026
«Алимент»чиларга янги чекловлар, «техпаспорт»га 5 йиллик муддат ва поезд кечикса компенсация – маҳаллий дайжест
22:07 / 31.03.2026
Миллий жамоанинг ютуғи ва Тошкентда сунъий ёмғир – маҳаллий дайжест
21:59 / 30.03.2026
Сурхондарёда 940 гектар майдонда иссиқхона ва Бухорода “Насриддин Афанди” фестивали – маҳаллий дайжест
21:34 / 25.03.2026