Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Алимент»чиларга янги чекловлар, «техпаспорт»га 5 йиллик муддат ва поезд кечикса компенсация – маҳаллий дайжест
Поезд кечиккани учун йўловчиларга пулли компенсация тўлаш тартиби белгиланмоқда. Автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома (техпаспорт) ҳар 5 йилда алмаштирилади. Тошкентда 4 эгизак дунёга келди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Ташувчи айби билан поезд кечикса, йўловчиларга компенсация тўланади
Ўзбекистонда поезд кечиккани учун йўловчиларга пулли компенсация тўлаш тартиби белгиланмоқда. Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фикрларда темирйўлда йўловчи поездларининг белгиланган жадвалдан кечикиши, жўнаб кетиши кечиккани ёки манзилга кеч етиб келгани ҳолатлари юзасидан эътирозлар билдирилган.
Қайд этилишича, поезд кечиккан ҳолларда маҳаллий йўналишлардаги оддий ва тезюрар поездларда йўловчиларга қуйидаги миқдорларда компенсация тўлаш белгиланмоқда:
- 15-30 дақиқа кечиккани учун йўлкира қийматининг 15 фоизи миқдорида;
- 31-60 дақиқа кечиккани учун йўлкира қийматининг 25 фоизи миқдорида;
- 61-120 дақиқа кечиккани учун йўлкира қийматининг 50 фоизи миқдорида;
- 121 дақиқадан ортиқ кечиккани учун йўлкира қийматининг 100 фоизи миқдорида.
Маълумот учун, юқоридаги тартиб ҳозирда фақат “Афросиёб” поездлари кечикиши учун мавжуд эди.
“Техпаспорт”ни ҳар 5 йилда янгилаш талаби киритилди
Ўзбекистонда автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома (техпаспорт) энди 5 йил муддатга берилади. Бу – 30 март куни имзоланган ҳукумат қарорида кўзда тутилган.
Маълумот учун, амалдаги “техпаспорт”ларда берилган санаси кўрсатилган, лекин амал қилиш муддати кўрсатилмаган.
Автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиб, янги техпаспорт беришда БҲМ 10 фоизи (ҳозир 41 200 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.
Алимент қарзи борлар учун янги чекловлар жорий этилади
2026 йил 1 майдан алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда, у тўлиқ бартараф этилгунига қадар қарздорларга нисбатан қатор чекловлар жорий этилади.
Жумладан, қарздорларга алоҳида йирик битимларни амалга ошириш, шунингдек айрим турдаги молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланиш чекланиши мумкин. Фармон билан бир қатор бошқа ўзгаришлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, айрим ҳолатларда қарздор вафот этганда ёки бедарак йўқолган деб топилганда ижро ишларини давлат ижрочисининг қарори билан тугатиш тартиби жорий этилади.
Мобил тарифларга янги талаблар қўйилади
Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасида мобил алоқа хизматларини лицензиялаш тартибига қўшимчалар киритиш таклиф этилган. Унга мувофиқ, операторлар томонидан фақат телефон қўнғироқлари учун дақиқалар ва ёки SMS-хабарномалардан иборат алоҳида тариф режалари ҳам мавжуд бўлиши керак.
Лойиҳада яна бир муҳим талаб сифатида тариф режалари номларини уларнинг шартларига боғлаб номлашга йўл қўймаслик белгиланмоқда. Яъни тариф номи абонент тўлови, интернет трафиги, қўнғироқ дақиқалари ёки SMS сонини бевосита ифода этмаслиги лозим бўлади.
Тошкентда 4 эгизак дунёга келди
Тошкент вилояти, Тошкент туманида яшовчи Одилжон ва Севара Абдуллаевалар оиласида бирйўла 4 эгизак туғилди. Улар 2 ёшли қизини тарбиялаб келаётган эди. Энди 5 нафар фарзанднинг ота-онасига айланди.
ССВ матбуот хизматига кўра, чақалоқлар (2 ўғил ва 2 қиз) Республика перинатал марказида муддатидан олдин кесарча кесиш амалиёти орқали дунёга келган.
Таъкидланишича, чақалоқлар тиббиёт муассасасида халқаро протоколлар асосида парваришланмоқда.
Мавзуга оид
22:07 / 31.03.2026
Миллий жамоанинг ютуғи ва Тошкентда сунъий ёмғир – маҳаллий дайжест
21:59 / 30.03.2026
Сурхондарёда 940 гектар майдонда иссиқхона ва Бухорода “Насриддин Афанди” фестивали – маҳаллий дайжест
21:34 / 25.03.2026
Янги Тошкентдаги супер фаввора ва масжидлардаги фавқулодда огоҳлантириш ускуналари – маҳаллий дайжест
21:32 / 24.03.2026