Жаҳон | 08:00 / 25.01.2020
133098
2 дақиқада ўқилади

Туркияда кучли зилзила юз берди

Фото: Anadolu Agency

Туркиянинг шарқида кучли зилзила юз бериши оқибатида 18 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Туркиянинг фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар бўйича бошқармаси (AFAD) маълум қилди. 

Таъкидланишича, 13 киши Элязиғ, 4 киши Малатя ва бир киши Диёрбакир вилоятларида ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 651 киши жароҳатланган.

AFAD маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси 6,8 баллни ташкил қилган. Зилзила Элязиғ вилоятининг Сивриж шаҳрида 24 январь соат 20:55да қайд қилинган. Зилзила ўчоғи 10 км чуқурликда бўлган. Зилзиладан кейин 118та афтершок (2,7дан 5,4 магнитудагача) қайд қилинган.

Ушбу зилзила Туркияда 500 мингга яқин одамга таъсир қилган.

Маълум қилинишича, зилзила оқибатида биноларга шикаст етган. Воқеа жойига қидирув-қутқарув хизматларининг мингга яқин ходими жўнатилган.

Ер ости силкинишлари Сурия, Ливан, Ироқ ва Эрон ҳудудида ҳам сезилган.

Туркияда кучли зилзилалар бўлиб туради. 1999 йилда Измит шаҳрида рўй берган 7,6 балли ер ости силкиниши оқибатида 17 минг киши ҳалок бўлганди.

Бугунги зилзиладан жабрланган ҳудуд пойтахт Анқарадан 550 километр шарқда жойлашган. Бу ҳудудда аҳоли сийрак яшайди ва шу туфайли талофатлар ҳақидаги маълумотлар узилишлар билан келмоқда.

Сивриж шаҳрида 4 мингга яқин киши яшайди, Тигр дарёси манбаси бўлган Ҳазар кўли ёқасида жойлашган бу шаҳар туристлар орасида машҳур ҳисобланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид