Банкларда яна нақд доллар танқислиги кузатила бошлади
Ўзбекистондаги бир нечта банклар нақд валюта сотишга чекловлар ўрнатди. Бу спекулятив амалиётлар кўпайиб кетгани билан изоҳланмоқда.
Ўзбекистондаги айрим банкларда яна нақд валюта танқислиги кузатилмоқда. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Orient Finance Bank ўз шохобчаларида 2 минг доллардан ортиқ нақд доллар олишга чеклов қўйган. Бунга нима сабаб бўлганига аниқ изоҳ берилмаган.
Шунингдек, Ziraat Bank'да ҳам катта миқдорда нақд валюта олиб бўлмаяпти. Kun.uz манбасининг сўзларига кўра, Hamkorbank'нинг бир нечта филиалларида ҳам катта миқдорда нақд валюта олишга чеклов қўйилган.
Ипотека банк матбуот хизматининг Kun.uz'ga маълум қилишича, банкда валюта сотиб олиш билан боғлиқ чекланган лимит ўрнатилмаган.
Ҳозирча ҳеч қайси банк мазкур ҳолатга расмий равишда изоҳ бермади.
“Спекулятив ўтказмалар миқдори мисли кўрилмаган даражага етди”
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, охирги кунларда валюта “қора бозори”нинг даромадлилик даражаси 50 фоизгача етган.
“Россияда юз бераётган воқеликлар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. 29-30 сентябрь кунлари бир доллар учун нақдсиз нисоб 53 рублгача пасайди, табиийки Ўзбекистонга спекулятив ўтказмалар миқдори ўтган ҳафта охири ва шу ҳафта бошида мисли кўрилмаган даражага етмоқда.
Бугун эрталабки ҳолатга Россияда ВТБ банки нақд доллар учун 78,5 рубль, Сбербанк 78 рубль, Альфа-банк 77 рубль сўрамоқда. Пайшанба ва жума кунлари Ўзбекистонга нақдсиз ўтказилган ва нақд ечиб олиниб Россияга етказилган транзакциянинг даромадлилиги 50 фоизга етмоқда. Уч кунда 50 фоиз даромад. На наркобизнес, на фоҳишабозлик, на одам савдоси бунча кўп даромад бермайди”, дейди у.
Бакировнинг қўшимча қилишича, ўзбек банклари ўз мижозларини нақд валюта билан таъминлашда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.
“Ўзбекистон банклари хорижий ўтказмалар ва валюта айирбошлаш билан боғлиқ операцияларни нақд валюта билан таъминлаш масаласида кучли босим ва юкламага дуч келмоқда. Хориждан нақд валюта келтириш икки, уч баробарга кўпайган, санкциялар шубҳаси ва эҳтимоли остида бўлсада нақд валюта келтириш яна кўпайтирилмоқда, янги манбаларни қидириб топиш ишлари тўхтаб қолгани йўқ.
Ҳа, ижтимоий тармоқларда ёзилаётганидек, айрим банклар юзага келган чақириқларга етарлича адекват ва тезкор муносабатда бўлмаётган бўлиши ҳам мумкин. Ҳа, айрим ҳолатларда юзага келган дефицит шароитидан фойдаланиб қолишга уринаётган, спекулянтлар билан бир фронтга қўшилиб қолган банкирлар ҳам бўлиши мумкин.
Бундай шароитда тизим бутун куч ва имкониятларини энг аввало меҳнат мигрантлари ва уларнинг ўтказмалари билан боғлиқ амалиётларини нақд валюта ёки нақд сўм билан таъминлашга қаратиши табиий ва буни турлича баҳолашларига тоқат қилишга тўғри келади. Норози спекулянтлар биринчи бўлиб ва ҳаммадан баландроқ қичқиради.
Эсда тутиш керакки, ўзбекистонлик меҳнат мигранти битта транзакцияда 5 минг доллар пул ўтказмайди ёки 100 минг долларни 20та паспортга бўлиб юбормайди. Ёки бўлмасам, ўзбек мигрантининг конвейердек ишлаётган уч қаватли схемаларга қизиқиши ҳам, вақти ҳам йўқ.
Нақд валюта билан боғлиқ вазиятнинг мураккаблашиши биринчи марта эмас, бу апрелда ҳам, майда ҳам, июнда ҳам бўлди. Ҳар сафар шундай вазиятга дуч келинганида ечим топилган, вазият барқарорлаштирилган. Бу сафар ҳам шундай бўлади”, дейди иқтисодчи.
Аввалроқ, “Ведомости” нашри Россия ўзбекистонлик саррофлар учун пул айрибошлаш маконига айланиб қолгани ҳақида ёзганди. Унга кўра, қўлланаётган конвертация схемаси қуйидагича: курси юқори рублни Ўзбекистонда сўмга майдалашади, сўм эвазига нақд доллар харид қилишади, долларни Россияга келтириб, уни яна рублга айрибошлашади.
Эслатиб ўтамиз, июнь ва июль ойларида ҳам банкларда валюта танқислиги юзага келганди. Бунинг сабаби мутахассислар томонидан рубль курси Марказий Осиё мамлакатлари миллий валюталарига нисбатан шиддат билан мустаҳкамланишда давом этаётгани билан изоҳланганди.
Шунингдек, Марказий банк пул ўтказмаларининг кескин ошиши Россия ва Қозоғистонда ишлаётган қирғизистонлик ва тожикистонлик муҳожирларнинг ҳам Ўзбекистонга пул ўтказаётгани фонида юз бераётган бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Регулятор бунга сабаб сифатида қўшни давлатларда пул ўтказмаларини долларда бериш бўйича тақиқ ва чекловлар ўрнатилганини келтирган эди.
2022 йилнинг январь ойидан июнь ойигача Ўзбекистон банкларидан 5,5 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ маблағ олиб чиқилган. Бу эса 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга кўпроқ.
Ўзбекистонда трансчегаравий пул ўтказмаларининг суммаси ҳам ортган. Гап 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида хориждан келган 6,5 млрд АҚШ доллари ҳақида кетмоқда. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 96 фоизга кўпроқ.
Мавзуга оид
09:52 / 21.11.2024
Тошкентда қалбаки 9 минг долларни сотмоқчи бўлганлар ушланди
21:03 / 19.11.2024
Россияда доллар йил бошидан бери биринчи марта 100 рублдан ошди
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
11:56 / 11.11.2024