Ўзбекистон | 15:10 / 04.01.2022
68992
3 дақиқада ўқилади

Автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим бекор қилинди

1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун ЙҲХБда ундириладиган йиғимлар бекор қилинди. Ҳозирга қадар янги автомобил харид қилинганда шартнома нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим тўланарди.

Фото: UzAuto Motors

2022 йил 1 январдан кучга кирган «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим назарда тутилмаган. Бундан келиб чиқадики, 2022 йил давомида бундай йиғим ундирилмайди.

Шу вақтгача янги (фойдаланишда бўлмаган) автотранспорт воситалари бўйича харид қилиш нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим ундирилар эди (масалан, 100 миллион сўмлик машина учун 3 миллион сўм, 300 миллион сўмлик бўлса, 9 миллион сўм).

Иккиламчи бозордан машина харид қилинганда эса ишлаб чиқарилган йилига қараб, ҳар бир от кучи учун 29,7 минг сўмгача йиғим ундирилган. Масалан, ишлаб чиқарилганига 3 йил тўлмаган 100 от кучига тенг машинани сотиб олганлик учун деярли 3 миллион сўм йиғим тўланарди.

Энди шу йиғимлар 1 январдан тўлиқ бекор қилинди.

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев нотариусда тўланадиган давлат божининг юқори ставкалари ҳам камайтирилиши кутилаётганини ёзди.

«Агар кимдир машина сотиб олган-у, лекин ўз номига расмийлаштиришдаги катта харажатдан қочиб, «генералная доверенност» олиб ҳайдаб юрган бўлса, улар эндиликда машиналарини ўз номларига ўтказиб олишлари мумкин. Тўғри, ҳозир нотариусда тўланадиган давлат божининг юқори ставкалари ўз кучида турибди, аммо тез орада давлат божлари ҳам камайтирилиши кутилмоқда. Янада аниқроқ айтганда, машинанинг от кучи ва йилидан қатъи назар, базавий ставканинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланиши режалаштирилмоқда.

Қуйидаги расмда давлат божининг амалдаги ставкалари келтирилган. Агар бу нархлар сизга маъқул келса, унда тезда машинангизни ўз номингизга ўтказиб олинг. Ёки божлар ҳам камайтирилишини кутиб турсангиз бўлади», деб ёзади у.

Иқтисодчи Отабек Бакиров «истеъмолчиларга қарши жазоловчи ва монополист» UzAuto Motors’ни қўлловчи тарзидаги бу йиғим миқдори баъзида эски автомобиллар нархининг ўзидан ҳам қиммат бўлиб кетгани ва ўзбекистонликларнинг автомобиль олди-сотдисини расмийлаштиришдан кўра, ишончнома асосида битим амалга оширишдан ўзга чораси қолмаганини таъкидлади.

Шунингдек, бу бўйича Бюджет кодексига киритилган тегишли ўзгартиришлар ҳали очиқланмаганини эслатиб ўтди.

«Автомобиль олди-сотди шартномаларини ЙҲХБдан рўйхатдан ўтказиш учун йиғимлар бекор қилинди (эртагаёқ ЙҲХБга боришга сал шошмай туринг, бизга ҳужжат етиб келмади ёки Бюджет кодексига ўзгартириш киритилмади, дея пайсалга солишлари мумкин). Халқ томон юриш дея баҳоланган ушбу эзгу иш учун кам сонли бўлса-да, сайланган депутатларга ва бюджет жараёнига алоқадор бошқа барча халқпарварларга ташаккур билдириш керак бўлади», деб ёзади у.

Мавзуга оид